06:02 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Самарқандда диний таълимнинг ривожланиши жанозаларнинг ўтказилишига таъсир кўрсатмоқда

17.05.2006 11:48 msk

Д. Аҳмаджонова (Самарқанд)

Жанозаларни ва маросимларни ўтказиш борасида самарқандликлар турлича фикр билдирадилар.

Самарқандликлар шартли равишда икки лагерга бўлинганлар. Биринчи гуруҳ анъанавий тарзда жаноза ва маросимларни ўтказишда қайғуни чуқурроқ изҳор қилиш, йиғи чиқариш тарафдоридилар. Қанча уввос тортиб йиғласанг, ўлган кишига муҳаббатинг баландлиги шунча билинади, деб ҳисоблайди биринчи гуруҳ.

Агар йиғи чиқаришга ҳолингиз қолмаган бўлса, дарровда гап - сўзга қоласиз. Шунда ёрдамга бибихалифалар келадилар. Бибихалифалар ҳар бир маҳаллада бор. Улар қуръон тиловат қилиб, йиғи чиқаришга уста бўладилар.

Азадор самарқандликларнинг кийими ҳам ўзгачароқ бўлиши лозим. Эрлар дўппи, чопон кийиб, белбоғ боғлайдилар. Аёллар эса қирқ кун ёки йил давомида “кўк”киядилар.

Қирқигача ўтадиган ҳар бир пайшанба ва якшанбада вафот этган одамнинг оиласи қуръон ўқигани келган одамларни кутиб олиши керак. Бундан ташқари қариндош-уруғлар, оилали бола-чақалар ўз маҳаллаларида маросимлар ўтказиши лозим.

- Мен ўлсам, уввос солиб йиғлашларини истайман. – дейди Фотима опа Садриева. – Одам ҳайвон эмас. Уни итни кўмгандек жимгина кўмиб бўлмайди. Урф-одатларимиз яхши. Бекорга бундай урфлар пайдо бўлмаган.

- Буларнинг ҳаммаси вафот этган одамга бир тийинлик нафи тегмайдиган хўжакўрсин тадбирлардир, - дейди Лола Акромова. - Буларнинг ҳаммаси шайтоннинг иши. Худо инсон қалбида бўлиши керак. Мен болаларимга йиғлашни таъқиқлайман.

Бундай икки фикрлилик бибихалифалар орасида ҳам бор. Улардан бирининг жанозасида иштирок этдим. Бу аёл анъанавий урф-одатлар бўйича жанозалар ва маросимларни ўтказишга бош-қош бўларди. Лекин унинг жанозасида ҳеч ким йиғламади. Ҳамма қуръон тиловат қилиб ўтирарди. Унинг опаси, бибихалифа Саида опа бир неча йил аввал ҳажга боришганини ва у ерда кўп хатоликларга йўл қўйишганини, вафот этган одамни кўмиш жараёни ва жанозасида йиғлаш катта гуноҳ эканини айтди.

Қизиғи шундаки, бу каби янгича фикр Самарқанд атрофидагина оммавийлашиб бормоқда. Самарқанд шаҳри аҳолиси эса бу борада анча ортодоксал чиқиб қолди.

- Жаноза ва маросимларга “бидъат” киритилган, - дейди Самарқанд вилояти бош имом хатиби Усмонхон Алимов. – Бугунги кунда мусулмонлар диний бошқармаси томонидан бидъатларни сиқиб чиқариш борасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Ислом “дабдабали” жанозаларни таъқиқлайди. Бошқаларга мақтаниш учун маросим ўтказиш эса катта гуноҳ. Мусулмоннинг вафот этган кишида тўртта қарзи бор: ювиш, кафанлаш, жаноза ўқиш ва кўмиш. Уч кун аза тутиш керак. Еттисини, йигирмасини, қирқини ўтказиш эса бидъатдир.

- Исломдаги барча одатлар оддий ва мукаммал. Уларга бидъатни аралаштириш гуноҳи кабира. – дейди Самарқанддаги “Ал Бухорий” масжиди имоми ўринбосари Отабек Баконий. - Бидъатлар дин қувғин қилинган замонларда авж олди. Шариатни билганлар оз эди, лекин шариат амалларини бажариш шарт эди. Шунда одамлар ҳурматли одамларга қулоқ тута бошладилар, улар эса ҳаётимизга бидъатларни олиб кирдилар. Масалан, жаноза ўқилган уйда жонлиқ сўйилиши бидъат ҳисобланади. Айрим қишлоқларда ўлган одамнинг хонадонида гуллаётган дарахтларни кесиш одати пайдо бўлган. Бу ҳам бидъат. Жанозага келганларга пул, совун тарқатиш ҳам бидъат. Тартиб ўрнатадиган пайт келди. Бунинг учун эса Ўзбекистондаги мадрасалар сонини ошириш, Тошкентдаги Ислом Университетини ривожлантириш керак.

Урф-одатга айланган бидъатларни сиқиб чиқариш осон иш эмас. Айниқса бундай маросимлардан анча фойда топадиган бибихалифалар учун. Ахир ҳар бир маросимда уларга пул, ширинлик, нон, бир кийимлик мато берилади, одамлар хайр-эҳсон қиладилар.

- Ўтган йили вилоят имом хатибининг фатвосини амалга ошириш мақсадида туманларга чиқиб, бибихалифалар билан суҳбатлашдик, тушунтириш ишларини олиб бордик. – дейди Самарқанд вилоят имом хатиби ўринбосари Бобур Саидалиев. – Бибихалифалар бўлиши лозим, лекин уларни саралаш керак. Халқни бидъатга бошлаётган чала отинчаларнинг фаолиятини таъқиқлаш зарур. Тез орада уларни имтиҳондан ўтказамиз. Бугунги кунда Тошкент, Бухоро ва Шаҳрисабзда қизлар мадрасаси бор. Улар етарлича бибихалифаларни ўқитиб чиқардилар. Ҳозир маҳалла қўмиталарида дин ишлари бўйича маслаҳатчи лавозими бор, лекин бибихалифаларнинг вазифаси тамоман бўлакча. Улар мусулмон маросимларини ўтказишлари керак.

Ҳажга борганлар билан ишлаш осонроқ. Улар ҳаждан дунёқарашлари ўзгариб қайтадилар, диний китобларни ўқийдилар, шариатга амал қила бошлайдилар. Қолганлар билан эса тушунтириш ишларини олиб боришга ва ҳатто курашишга тўғри келади.