11:22 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Лондонда Андижон воқеалари бир йиллиги муносабати билан тадбирлар ўтказилди

17.05.2006 11:38 msk

Шобегим

Андижон воқеаларига бир йил тўлди. Бу сана муносабати билан дунёнинг кўп шаҳарларида, жумладан Лондонда ҳам бир қатор тадбирлар ўтказилди. Масалан, 10 май куни Фронтлайн журналистлар клубида (www.thefrontlineclub.com) журналист Шоҳида Ёқуб, «Хьюман Райтс Воч» лондон офиси раҳбари Стив Кроушоу, “Халқаро кризис гуруҳи”нинг ахборот воситалари масалалари бўйича директори Эндрю Штроляйн иштирокида “Андижондан кейинги бир йил: Ўзбекистон янгиликларни яширмоқда” форуми бўлиб ўтди...

Тадбир Шоҳида Ёқуб томонидан Андижон воқеаларидан бир ой ўтгач суратга олинган ҳужжатли фильмни намойиш этишдан бошланди. Сув қоғозига ўралган видеокамера билан суратга олинган бу фильмда қўрқувдан титраётган Андижонга оид ўнлаб кадрлар, қурбон бўлганларнинг оилалари ва исён раҳбарларидан бири Қобил Парпиев билан бўлган суҳбат ўрин олган.

Ўнгдан чапга: жаноб Штроляйн, Шоҳида Ёқуб, тадбир мувофиқлаштирувчиси, жаноб Кроушоу. Экранда - Андижон воқелари гувоҳи. Фарғона.Ру фотоси
Ўнгдан чапга: жаноб Штроляйн, Шоҳида Ёқуб, тадбир мувофиқлаштирувчиси, жаноб Кроушоу. Экранда - Андижон воқелари гувоҳи. Фарғона.Ру фотоси

“Халқаро кризис гуруҳи” ахборот воситалари масалалари бўйича директори Эндрю Штроляйн “Ўзбеккистон қайғули ўлим арафасида”, деб гапирди. У маҳаллий аҳоли ўртасида холис ахборот тарқатиш муҳим эканлигини қайд этди. Унга кўра, мамлакатда сиёсий вазият мураккаблашаётган бир пайтда одамларга ҳаққоний ахборот тарқатиш орқали турли зўравонликларнинг олдини олиши мумкин.

«Хьюман Райтс Воч»нинг Лондон офиси директори Ғарб раҳбарларининг қарор қабул қилишида матбуотнинг аҳамияти тўғрисида гапирди. Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллашдаги аҳамияти эслаб ўтилди. Крошоу нега Андижон воқеаси Ғарбда унутилмоқда, деган саволга ҳам жавоб берди. Бахтга қарши Андижон воқеалари видеотасвирлари йўқ, бу кадрлар ғарбликларга Ўзбекистонда тинч аҳолига қарши ўқ отилганини эслатиб туриши мумкин эди. Бироқ, ғарб оммавий ахборот воситалари бу воқеаларни диққат билан ёритгани ҳам таъкидланди.

Учрашув чоғида Нидерландияда яшаётган қочқин, Андижон воқеаси гувоҳи бўлган Шуҳрат (исми ўзгартирилган) билан телекўприк ўтказилди. Шуҳрат журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, қочқинлар қалбида умидсизлик борлигини, таъқибдан чўчиб қариндошларига ҳам телефон қила олмасликларини айтди.

”Қочқинларнинг ватанга қайтиш умидлари сўнмоқда, чунки Ғарб ва Ўзбекистон алоқалари боши берк кўчага кириб қолмоқда”, деди Шуҳрат.

2006 йилнинг 11 май куни Шарқ ва Африка мамлакатларини ўрганиш мактабида (ШАМЎМ) “Андижон бир йилдан сўнг: Сабоқлар ва келажак йўналишлари” мавзусида учрашув ўтказилди. Учрашувда BBC журналисти Моника Уитлок, ”Сорос” жамғармаси Ўзбекистон бўлими собиқ директори Алишер Илҳомов, Эдинбург Университети ўқитувчиси Маттео Фумагали иштирок этди. Моника Уитлок воқеа жойидан тайёрланган радиодастурни ҳавола этди. Алишер Илҳомов “Акромия” ҳаракати тўғрисида нутқ сўзлади, Маттео Фумагали Андижон воқеасига Қирғизистон назари билан баҳо берди. У ўтган йили Қирғизистонда бўлиб, Андижонлик қочқинларга муносабатни ўрганган эди.

Ҳар икки тадбир фожеа қурбонларига ҳурмат билан ўтказилди. Ҳар иккала учрашувда сўз фақат 13 май воқеалари тўғрисида борди. Бироқ, бизнингча, масаланинг моҳияти тамомила бошқача. Эгаллаб олинган ҳокимиятдаги одамлар кимлар эди? Уларни қуролли қаршилик кўрсатишга қандай мафкуравий мақсад ундади? Бу воқеага халқаро экстремистик ва радикал диний гуруҳларни жалб этиш эҳтимоли қанчалик эди? Ўзбекистон ҳукумати воқеалардан сўнг ўтказа бошлаган оммавий қатағонга қанчалик асос бор?

Афсуски, бу тадбирларда Лондонда яшаётган ўзбек диаспорасининг жуда озчилик қисми иштирок этди. Стив Кроушоу таъкидлаганидек, бугунги ўзбек жамиятида қўрқув ҳисси ғолиб келмоқда. Бу қўрқув шунчалик кулгилики, хорижда бўла туриб ҳам ўзбеклар шубҳада яшайдилар.

Ўйлайманки, вақт олий ҳакам, вақти келиб бу фожеа тўғрисидаги ҳақиқатлар ойдинлашади. Биз эса қурбонлар хотирасини унутмаймиз, андуҳ билан бош эгамиз.



 

Реклама