23:10 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Имом Муҳаммадрафиқ Камолов: “Марказий Осиёда диннинг давлатдан ажратилгани нотўғри сиёсатдир”

13.05.2006 14:34 msk

Фирдавсий

Муҳаммадрафиқ Камолов Қирғизистондаги таниқли уламолардан бири. Йигирма икки йилдирки, у Қирғизистондаги энг катта масжидлардан бири бўлган Қорасув жомеъ масжидига имомлик қилади. Бу ерда олти мингга яқин одам жума намозини ўқийди. Муҳаммадрафиқ қори Ўзбекистондаги икки таниқли дин арбобларининг қариндоши ҳисобланади. Улардан бири Муҳаммадий қори ўзбек ҳукумати томонидан қатағон қилинган, иккинчи қариндоши Абдували қори эса бир неча йил аввал Тошкент аэропортида бедарак йўқолган.

Ўзбекистон телеканалларидан бирида Абдували қори ўтган йил 13 май воқеаларини содир этган террорчилар ва ваҳҳобийларнинг маънавий лидери, деган ахборот тарқатилди. Суд йиғилишларидан бирида судланувчилар Абдували қорининг масалаларини тинглаб, “террорчилар”га қўшилганларини тан олдилар.

Яқинда Саудия Арабистонидаги ягона Қуръон нашриётида Абдували қори Мирзаев қаламига мансуб “Қуръон тафсири”нинг биринчи жилди нашр қилинди.

Фарғона Ру: - Муҳаммадрафиқ ака, Абдували қори бундан ўн йил аввал бедарак йўқолган эди. Бу йил эса Саудия Арабистонида унинг “Қуръон тафсири” чоп этилибди?

Муҳаммадрафиқ қори: - Бу китоб Абдували қорининг жума кунлари масжид меҳробидан туриб қилган масалалари асосида тайёрланган. Мадинада дунёдаги ягона Муқаддас Қуръон нашриёти жойлашган. Бу нашриёт қошида уламолар кенгаши мавжуд. Кенгаш аъзоларидан бир Раҳматулло қори бўлиб, унинг келиб чиқиши ўзбеклардан. У киши Абдували қорининг мухлисларидан эди. У Абдували қорининг барча масалаларини тўплаганди. Ўзбекистонда бу масалалар аудиотасмаларга ёзиб олинганди. Бу китоб ана шу аудиотасмалардаги ёзувларни қоғозга кўчириш баробарида нашрга тайёрланди. “Қуръон тафсири” жуда машҳур бўлиб кетди. Ҳозир бу китобни Америка, Европа ўзбеклари ҳам ўқимоқдалар. Туркияда бу китобнинг иккинчи нашри тайёрланмоқда. Нега бу китоб шунчалик машҳур бўлиб кетди? Негаки, Абдували қори Қуръонни ўзбек ҳукумати ёки қандайдир сиёсий кучлар манфаатидан келиб чиқиб эмас, холис тарзда, қандай бўлса ўшандайлигича тафсир қилган эди.

Фарғона.Ру: - Яқинда ўзбек телеканалларидан бирида Андижон воқеалари иштирокчилари устидан ўтган суд жараёни намойиш этилди. Судланувчилар Абдували қорининг масалаларини эшитиб, террорчиларга қўшилишга қарор қилганликларини тан олдилар. Сиз буни қандай изоҳлайсиз?

Муҳаммадрафиқ қори: - Абдували қорининг яқинлари бу одамларни тушунадилар. Уларнинг ўрнида бошқа одамлар бўлганда ҳам, шундай кўрсатма берган бўлардилар. Чунки Ўзбекистондаги диндорлар устидан ўтаётган суд жараёнлари бир сценарий асосида бўлади. Ҳар бир судланувчи ўз кўрсатмалари билан ўзига ўзи ҳукм чиқариши ва бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон президенти уни тўғри йўлга солгани учун миннатдорчилик изҳор қилиши лозим. Уларни бундай кўрсатмалар беришга ким ёки нима мажбур қилаётганини бутун олам билади. Буни биз тушунамиз.

Фарғона. Ру: - Сўнгги йилларда Ўзбекистонда “Ҳизб-ут-Таҳрир”, “ваҳҳобийлик” ва “Акромия”га қарши қаттиқ кураш бўлди. Ўзбекистон ҳукумати бир қатор таниқли уламоларни, шу жумладан, Абдували қорини ҳам бу радикал оқимлар раҳбарлари, деб атади. Муҳаммадий қори эса қамоқда вафот этди. Нега бу одамлардан ҳукумат ҳалигача қўрқади?

Муҳаммадрафиқ қори: - Абдували қори солиҳ уламолардан эди. Буни мусулмон оламидаги барча уламолар тан олган. Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи вассаллам бир ҳадисларида “Уламолар Аллоҳнинг ердаги ишончли бандаларидир, омонатдор бандаларидир”, деган эдилар. Уламоларга илм омонати Аллоҳ тарафидан берилган. Бу буюк омонат. Шу омонатга хиёнат қилмаган, шу омонатни ҳақиқий Аллоҳнинг ҳузуридаги омонатлигича халққа еткизаётган уламо эди Абдували қори. Муҳаммадий қори тўрт марта қўлга олинган. Тўртинчи марта у уч йилга қамалган. Бироқ орадан бир йил ўтиб, қамоқхонадан унинг ўлиги чиқди. Охирги марта қамоққа олганларида, гўёки унинг машинасидан 505 грамм кўкнори ва еттита ўқ топганлар. Бу икки уламо оят ва ҳадисларни замонасига, сиёсатга мувофиқлаштириб таржима қилиб берадиган хоин уламолардан эмас эди. Абдували қори ҳам, Муҳаммадий қори ҳам на “хизбчи”, на “ваҳҳобий” эдилар. Абдували қори “Ҳизб-ут-Таҳрир”га биринчи бўлиб қарши чиққан уламо эди. Буни бошқа дин арбоблари ҳам, ҳуқуқ–тартибот тизимлари ҳам, Ўзбекистон раҳбарияти ҳам билади. Лекин ҳеч ким бу тўғрида очиқ гапиролмайди, гапиришга қўрқадилар. Агар ўз вақтида Абдували қорининг маслаҳатларига амал қилинганда эди, “Ҳизб-ут Таҳрир” Марказий Осиёда фаоллашмаган бўларди.

Фарғона.Ру: - Муҳаммадрафиқ ака, Абдували қори Тошкент аэропортига Лондонга учиб кетиш учун келгани аниқ. Шундан сўнг уни ҳеч ким кўрмаган. Марказий Осиёда бу ҳақда деярли ҳамма билади. Лекин кейин нима бўлгани номаълум. Қидирув ишлари амалга оширлиганми? Тегишли ташкилотлар нима деганлар?

Муҳаммадрафиқ қори: - Абдували Мирзаев аэропортда рўйхатдан ўтган. Лекин самолётга чиққан эмас. Абдували қорининг қариндошлари бу борада Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилганларида, “Унинг қаерда эканини билмаймиз. Балки уни рэкетирлар ўғирлаб кетгандир”, деган жавоб бўлган. Бу қандай давлатки, халқаро аэропортда чегара ва божхона текширувидан ўтиб, учиш залига кирган одамни бемалол ўғирлаб кетиш имкониятини яратиб берган бўлса? Рэкетирлар қандай қилиб божхона ва чегара текширувини четлаб ўтишгану, қандай қилиб у ердан бир одамни олиб чиқиб кетишган? Бу ақлга сиғмайдиган даражада ёлғон гап. Бир нарса аниқ, Абдували қори қамоққа олинган.

Фарғона.Ру: - Шундан сўнг қариндошлар нима қилди?

Муҳаммадрафиқ қори: - Абдували қорининг қариндошлари Ўзбекистон ИИВини судга бердилар. Ўшанда ички ишлар вазири Зокир Алматов Абдували қорининг ўғлини суҳбатга чақирган. Зокир Алматов “Мен тўрт фарзандимнинг соғлиғи ва умри билан қасам ичиб айтаманки, отангнинг йўқолишида мен ва ташкилотимнинг алоқаси йўқ. Сенинг отанг энг қийин даврларда менга ва Ўзбекистон ҳукуматига катта хизмат кўрсатган. Наманганда 90-йиллар аввалида Тоҳир Йўлдошевнинг одамлари Наманган вилоят ҳокимиятини эгаллаб олган эдилар. Ўшанда сенинг отанг Тоҳир Йўлдошев билан музокара олиб бориб, бир неча соат ичида тинчлик йўли билан ҳокимиятни бўшатиб берганди. Отанг менинг юзимни оқ қилган ўшанда. Ҳукуматга катта хизмат кўрсатган”, деган сўзларни айтган. Унинг гапларига ишонмаслик мумкин эмас, чунки вазир, Абдували қорининг ўғлига кўра, самимий бўлган. Чин юракдан гапирган. Балки бу ишга бошқа тузилмалар аралашгандир. Чунки, Абдували қорининг ҳасадгўйлари кўп эди. Ҳасад эса энг ёмон иллатдир.

Фарғона.Ру: - Сўнгги саволимиз суҳбатимиз мавзусига алоқадор эмас. 13 май куни Андижон фожеалариниг бир йиллиги нишонланади. Орадан бир йил ўтгандан сўнг бу воқеага қандай баҳо бера оласиз?

Муҳаммадрафиқ қори: - Марказий Осиёда диннинг давлатдан ажратилгани нотўғри сиёсатдир. Буни сиёсатчиларнинг ўзлари ҳам яхши тушунадилар, лекин тан олишга ирода етишмайди. Марказий Осиё давлатлари аҳолисининг 80 фоизи мусулмон. Асрлардан бери маълумки, энг диндор одамлар Марказий Осиёда яшайди. Диннинг давлатдан ажратилиши сиёсати радикал оқимларни пайдо қилувчи энг катта омиллардан биридир, негаки фундаментал ислом уламолари сиёсатдан ташқаридалар. Иккинчидан эса, кўплаб уламолар давлат босими остидадирлар. Ҳақиқий, тоза исломни тарғиб қилиш имконияти чеклаб қўйилган. Улар ўз масалаларини давлат сиёсатига мослаштиришга мажбурдирлар. Бу эса мусулмонлар орасида норозилик туғдирмай қўймайди. Ҳар қандай норозилик эса доимо радикал оқимлар манфаати учун хизмат қилади.