16:15 msk, 18 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Коммерсант”: Ислом Каримов Россиядан тарафкашлик кутмоқда

13.05.2006 13:52 msk

Коммерсант, В. Соловьев

12 май куни Сочида Россия президенти Владимир Путин Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашди. Москвадаги “Коммерсант” газетаси мана шу мавзуда мақола чоп этган. Мақолани http://www.kommersant.ru сайтида ўқиш мумкин.

Андижон воқеаларидан бир йил ўтиб, жаноб Каримов Ғарб томонидан босим ўтказилаётган ўз режимининг барқарорлигига таҳдид борлигидан жиддий ташвишга туша бошлади. Кейинги пайтларда Россиянинг ҳам Ғарб билан алоқалари кескин ёмонлашди. Бу шароитда Россия заифлашган иттифоқчисига кўмак кўрсатишга тайёр. Бироқ, Москва бунинг эвазига Тошкентдан иқтисодий ва геосиёсий ён босувларни талаб қилмоқда.

”Коммерсант” маълумотига кўра, жаноб Каримов Москвага қирғиз президенти Қурманбек Бакиев келиб кетганидан сўнг Путиндан қатъий тарзда учрашишни талаб қила бошлаган. Балки ўзбек лидерини қирғиз президентининг Кремлда жуда илиқ кутиб олингани ташвишга солгандир. Ислом Каримов ҳеч қачон ўзининг инқилобий қўшниси билан яхши алоқада бўлмаган, Тошкентга Қирғизистонга қочиб ўтган ярим мингга яқин қочқин қайтарилмагач эса, бу алоқалар янада ёмонлашди.

Ўзбек президентини АҚШ ва Европа Иттифоқи Тошкентга босим ўтказишни кучайтираётгани ҳам ташвишга солмай қолмайди. Яқинда Республикачилар кейинги сайловда АҚШ президентлигига номзодини кўрсатишни режалаштирган сенатор Жон Маккейн Ўзбекистонга қарши санкциялар тўғрисидаги махсус қонун тайёрланаётганини маълум қилди.

Санкт –Петербургда ўтадиган саммит олдидан “катта саккизлик”нинг бундай муносабати Тошкентга яхшилик келтирмайди. АҚШ саммит мезбони Россиядан кун тартибига ўзбек масаласини киритишни талаб қилиши мумкин. Агар саккизлик бу борада махсус қарор қабул қиладиган бўлса, бу Ислом Каримов режимига қаттиқ зарба бўлади. Шунинг учун Каримов Путин билан учрашуви чоғида қўллаб-қувватлашни талаб қилади.

Ўзбек президентининг заифлиги Москвага қўл келади. Россия бундан катта иқтисодий манфаатлар кутмоқда. Кейинги пайтда Ўзбекистонга Россия вакилларининг сафарлари кўпайиб қолди. Йил бошида Ислом Каримов билан “Газпром” раҳбари Алексей Миллер учрашганди. Кейин Тошкентга Федерация кенгаши раҳбари Сергей Миронов келди ва ўзбек газ, уран ва олтин конларига Россия компанияларини киритиш масаласи муҳокама қилинди. Ўтган ҳафтада Каримовни биринчи вице-премьер Дмитрий Медведев зиёрат қилди.

Андижон воқеалари бир йиллиги арафасида Ўзбекистонда мухолифат қолдиқлари йўқ қилинди. Бу жараён бир неча босқичда амалга оширилди. Биринчи навбатда “Андижон иши” бир ёқли қилинди. Исён ташкилотчилари тергови ва суди рекорд даражада тез ўтказилди. Янги йилгача 160 киши қамоққа олинди.

Иккинчи босқичда ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳужум бошланди. Кейин халқаро ташкилотларга навбат келди. Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги “Озодлик” радиоси аккредитациясини бекор қилди. “Би-Би-Си”нинг Тошкентдаги офисини ёпди. Икки ой олдин таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.

2005 йил октябрида Европа Иттифоқи Ўзбекистонга қурол сотишни ман қилди, ўзбек раҳбарларига виза берилмайдиган бўлди. Ўтган йил якунида АҚШ конгресси Жорж Бушдан “АҚШ овозини” БМТ хавфсизлик кенгашида Ислом Каримовни халқаро судга жалб қилиш тўғрисидаги резолюция лойиҳасини олға сурди.

Бу ҳафтада Британия Бош вазири Тони Блэр Ислом Каримовни яна бир бор эслаб ўтди. “Буюк Британия ЕИ орқали БМТда тегишли резолюция қабул қилинишини ва Ўзбекистонга қарши санкцияларни қатъийлаштиришни ўрганмоқда”, - деб эълон қилди Тони Блэр.

Андижон воқеаларига қадар Ислом Каримов Хитой-Ғарб-Россия зиддиятларидан унумли фойдаланди. Ўзбекистон Ғарбнинг ишончли ҳамкори бўлишга интилди. Андижон воқеаларидан сўнг Ғарбнинг босими кучайди, Россия ва Пекин эса бу мамлакатга қизиқишини кучайтирди. Ўзбек президентининг бугун Пекинда эмас, Сочида президент Путин билан учрашуви Россия Тошкентни ўз таъсир доирасига кирита олганини исботлаб турибди.

Муаллиф - Владимир Соловьев

Манба – Коммерсантъ, 12.05.2006, 9 б.