14:01 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Россиядаги ўзбеклар

08.05.2006 15:59 msk

Елена Рябинина

“Лена опа, мени яна милицияга олиб кетишди”. Кўпинча эрталаб телефоним орқали мана шу сўзларни эшитиб уйғонаман. Бундай сўзларни мен кундузи ҳам, кеч тунда ҳам эшитаман. Қочқинлар телефон қиладилар, уларнинг ҳаммаси ўзбек.

Амалдаги ўзбек режимининг репрессив характери тўғрисида жуда кўп ёзилган ва ҳозир уларни такрорлаб ўтиришга ҳожат йўқ. Россиядаги ўзбек қочқинлари аҳволи тўғрисида эса, деярли маълумот тополмайсиз.

Ватанида таъқиб қилинган инсонлар оилалари ва ўз хавфсизликларини таъминлашга ҳаракат қиладилар. Улар орасида демократик мухолифат вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, Андижон фожеаси гувоҳлари бор. Ҳатто ҳеч нарса билан қизиқмай исломий амалларни бажаргани учун қувғин қилинганлар бор.

Уларнинг ҳар бири Россияга келгач, бу катта ва ярми бўш ҳудудда ўзларига жой топилмаганидан ҳайратга тушадилар. Кўпчилик Ватандан чиқиб кетиш учун зўр-базўр маблағ топади, келажакда янги жойда ўрнашиб олгач, оиласи билан бирлашишни ният қилади.

“Ўрнашиш” тўртинчи кундан бошланади. Уни уч кун ичида рўйхатдан ўтмаганликда айблаб маъмурий жазога тортадилар. Ҳатто, агар қочқинни Россияда бағрига олишга тайёр турган холаси кутиб олган тақдирда ҳам уч кун ичида рўйхатга туриш имконсиздир.

Лекин, қўқонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, қаршилик фермерлар, наманганлик диндорлар, андижонликларнинг Москвада, Арзамасда ёки Новосибирскда холалари йўқ. Бироқ уларни аэропорт ва вокзалларда бир неча соат ичида “расмий рўйхатдан ўтказиб” қўйишни таклиф қилувчи қаллоблар кутиб оладилар. Бунинг учун кўпинча қочқинлар олиб келган маблағнинг ярми кетади. Қолган ярми эса у вокзалдан ташқарига чиқиши билан тўхтатадиган милицияга етиб қолса катта гап. Акс ҳолда бу одамни судга берадилар ва суд 5 дақиқа ичида Россиядан ҳайдаб чиқариш тўғрисида қарор чиқади. Каримовнинг одамхўрлик сиёсатидан қочган одам учун бу икки ҳолатдан қай бири афзал?

Қочқин бир амаллаб милицияни четлаб ўтиб, миграция хизматига бошпана сўраш учун етиб келди ҳам дейлик. Энг қизиғи мана шу ерда бошланади.

Москвада унга... масалан 2009 йилнинг фалончи кунида соат роппа-роса 10:00 да суҳбатга келишни таклиф қиладилар. Федерал миграция хизматида масъулиятли ва тоқатли одамлар ишлайдилар. Шунинг учун қочқинга бериладиган таклифномада “Белгиланган пайтда сабабларсиз учрашувга етиб келмаслик жараёндан ўтишдан бош тортиш, деб ҳисобланади ва қайта учрашув белгиланмайди”, деб ёзиб қўйилган.

Нижний Новгородда қочқинни дарровда Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФХХ) ходими билан суҳбатга жўнатадилар. Масалан, Тюмень миграция хизматида эса ўзбек бош прокуратурасининг 5 маҳал намоз ўқиш орқали “конституциявий тузумга тажовуз қилгани учун“ қочқинни топширилиши тўғрисидаги талабномасини топиб оладилар ҳамда маҳаллий ФХХдан бу борада маслаҳат сўрайдилар. Шундан сўнг қочқин қамоққа олинади. Тюмендаги 1-СИЗОда тўққиз ойдан бери Самарқанд университетидан намоз ўқигани учун ҳайдалган талаба Байрамали Юсупов мана шундай “бошпана” топган.

Агар бу жараёндан ҳам ўта олишса ва бошпана бериш тўғрисидаги ариза қабул қилинган бўлса, уч ойдан сўнг исталган адвокат олдиндан башорат қилиб берадиган жавоб олинади: ”Россия Федерацияси ҳудудида қочқин сифатида тан олишингиз “Қочқинлар тўғрисида”ги қонуннинг 1м. 1б. 1бо.га кўра рад этилади”, деган жавоб олинади. Қизиғи шундаки, қонуннинг айни мана шу бандида ариза ёзган қочқинни ватанни тарк этишга мажбур қилган омиллар кўрсатилган бўлади. МДҲдаги бирорта конституцияда инсоннинг эътиқоди, ирқи, миллати, муайян ижтимоий табақага мансублиги ёки сиёсий қарашларига қараб таъқиб қилиш кўрсатилмагани сабабли, қочқин исботлари инобатга олинмайди.

Лекин ариза ёзиш муҳим жараён. Ариза ўрганиб чиқилгунча ва рад жавоби судда кўрилмагунича одам депортация қилиниши мумкин эмас.

Бу тўғрида ҳамма милиционерлар ҳам билавермайди. Уларда европа миллатига мансуб бўлмаганларни кўришлари биланоқ, ватанпарварлик туйғулари пайдо бўлади. Шунинг учун “Лена опа”, деган сўзлардан кейиноқ эшитадиган сўзларим “у мени ноқонунийсан, деди, ҳужжатларинг ноқонуний, деди” бўлади. Юқорида айтганимиздай бу муаммони фақат маълум миқдордаги пул ёхуд ҳуқуқ ҳимоячиларининг телефони ҳал қилади. Телефон суҳбатидан сўнг милиция ходими ани мана шу “ўрисмас”ни қўйиб юбориш шартлигини, акс ҳолда катта муаммоларга дуч келиши мумкинлигини тушиниб етади.

Мана шу жараёнда қочқин БМТ ҚиБОКга мурожаат қилишга улгурса нур устига аъло нур. Бу ерда у бир неча ойлик текширувлардан сўнг халқаро ҳимоя остидаги одам мақомини олишга эришади. Агар ололмаса вақти келиб, уни Ўзбекистонга қайтарадилар.

Россия конституциясида Россия фуқароларини бошқа мамлакатга топшириш ман қилинади. Лекин бу ерда ҳам йўл топса бўлади. Масалан, Ивановода қўлга олинган ўзбек Ҳотам Ҳожиматовга ўзбек махсус хизмати вакили “Сен Россия фуқаросимисан? Ўзингни Россия паспортингни охирги марта кўряпсан. Сенга Тошкент пропискаси билан ўзбек паспорти қилиб берамиз. Андижонда қатнашганингни тан оласан, 10 йил ўтириб чиқасан. Бош тортсанг ўзингдан кўр”, деб пўписа қилган. Ўзбек махсус хизмати вакили ваъдасининг биринчи қисмини бажарди. Ҳотам ўзининг Россия паспортини ҳақиқатан ҳам бошқа кўрмади. Суд Ўзбекистондан келган қалбаки ҳужжатларга таяниб, у Россия фуқаролигини ноқонуний олганини тан олди. Лекин башоратнинг иккинчи қисми амалга ошмади. Худога шукурки, Ҳожиматов ани пайтда Украинада БМТ ҚиБОК ҳимояси остида яшамоқда.

Режимлар дўстлиги ва фуқаролар тақдири тўғрисида яна кўп гапириш мумкин эди. Бироқ, телефон жиринглаяпти:

- Салом, Лена опа! Қандай, соғлиқларингиз яхшими?

- Равшан, соат тунги бир бўляпти, Мақсадга ўт. Қайси бўлимдасан?

- “Останкинский” ИИБда.

Сўнгсўз

Россия Федерал миграция хизматига кўра, 2000 йилда мамлакат ҳудудида 26.065 қочқин бўлган. 2003 йилда эса 8.725 қочқин рўйхатга иолинган.

2006 йил апрелида Россияда расман 452 қочқин рўйхатга олингани маълум қилинди.

* * *

Муаллиф тўғрисида: Елена Рябинина –“Фуқаровий кўмак” қўмитасининг Марказий Осиёдан келган сиёсий қочқинларга ёрдам кўрсатиш лойиҳаси раҳбари. Москвада яшайди.