23:13 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон президенти шахсига бошқа давлатларга қараганда бошқача сиғинмоқдалар

08.05.2006 15:48 msk

Ринат Сайдуллин

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТНИНГ УЧИНЧИ МУЗЕЙИ

Жанубий Қозоғистондаги Чимкент шаҳри яқинда қозоқ хонлари ва мамлакат биринчи президенти Нурсултон Назарбоев музейига эга бўлади. “Қозоқ хонлиги” дастури раҳбари Камолитдин Дулатовга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 6 миллион доллар. Музей Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 15 йиллиги ва қозоқ хонлигининг 550 йиллиги арафасида ишга туширилади.

Шимкент музейи қуриб битирилса, бу мамлакат президентига бағишланган учинчи музей бўлади. Биринчи музей 1999 йилда президентнинг кичик ватани Каскелен шаҳрида, президент туғилган Чемолган қишлоғи ва Алмати ўртасига қурилган. Расман ўлкашунослик музейи бўлган бу муассасада президентнинг ҳаётини акс эттирган кўргазмалар ва унинг совғалари жой олган. Музейда президентнинг шажараси ҳам бор. Шажарада кўрсатилишича, президентнинг авлодлари Қарасай ботирга бориб тақалади.

2005 йил 7 июлида Астана шаҳридаги президент собиқ саройида Назарбоевнинг дабдабали музейи очилди. Айни пайтда музейда 40 мингдан ортиқ экспонат бор. Бу ерда Назарбоев авлодлари тўғрисида батафсил ҳикоя қилинади. Шуниси қизиқки, Астанада биринчи президент музейи шахсан Назарбоев ташаббуси билан очилди.

Президент шахсини улуғлаш фақат музейлар билан чекланиб қолмади. Президентлик сайловлари арафасида бу ҳолат авжига чиқди. “Соцарт” руҳидаги ташқи реклама воситаларидан ташқари, президентнинг унитилаётган “Стратегия -2030” китобидан келтирилган иқтибослар кўчаларга илиб ташланган. Бу китобни ўқув юртлари ва давлат корхоналарида ўрганиш шарт ҳисобланади.

Амалдаги президентнинг шахси ёшлар орасида афсоналаштирилмоқда. Тўғри, Нурсултон Назарбоев номига кўчалар, шаҳарлар ўзгартирилмаяпти. Фақат Тянь –Шаньдаги Комсомол чўққиси Нурсултон номига ўзгартирилган. Қозоқ лидерига қўйилган ягона ҳайкал эса қирғиз инқилобидан сўнг Иссиқкўл қирғоғида пайдо бўлди.

Президент музейлари келажакда ихтиёрий тарзда зиёрат қилинадиган масканга айланиши мумкинми? Ажаб эмас. Ҳозирча эса бу ерга ўқувчи ва талабалар мажбурий тарзда олиб келинмоқда. Лекин мамлакат ичкарисида аҳоли Қозоғистон президентнинг донолиги боис гуллаб-яшнаётганига ишонади.