11:29 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистондаги уйғур ташкилотлари: ҳақиқий террорчиларми ёки махсус хизматларнинг сийқа чақасими?

06.05.2006 12:39 msk

Ринат Сайдуллин (Алмати)

УЙҒУР РЕЦИДИВИ

Миллий хавфсизлик қўмитасининг (МХҚ) Алматида ўтаётган медиа форум пайтида Қозоғистонга қарши фаолият кўрсатаётган террорчилик ташкилоти фош этилгани тўғрисидаги баёноти мантиқий давомини топмади. Жамоатчиликка қўлга олинган ўн одамнинг исми ошкор этилмади, уларнинг мақсадлари нима экани маълум қилинмади ва ниҳоят, МХҚ даъво қилганидай, улар нега айнан МХҚ ва молия полицияси биносини портлатишни режалаштиргани ҳам номаълумлигича қолди.

Айрим маҳаллий нашрлар бу баёнотни мухолифат лидери Алтинбек Сарсенбаев ўлимидан сўнг МХҚ обрўсини тиклаш, деган фикрдалар. Бу сиёсатчининг ўлимида қўмитанинг “Аристон” хизмати иштироки борлиги аниқланганди. Бироқ, МХҚ ғалаба ҳақида баёнот бериб, “террорчилар” этник уйғурлар эканини ошкор қилмади.

Жиноят иши бўйича сўроққа чақирилганлардан бири Қозоғистондаги маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларига уни террорчилик ташкилоти аъзолигига киритишга ҳаракат қилинганидан шикоят қилди. Бу иш юзасидан айни пайтда 40 одам сўроққа қилинган.

“Портлаши режалаштирилган объектлар схемада шартли равишдагина белгиланган бўлиб, бундай схемани ўн дақиқа ичида чизиш мумкин. Террорчилар иши “исботлари”дан яна бири руслар ва яҳудийларга қарши қаратилган варақалар бўлди. Бундай ҳолат уйғурлар учун хос эмас. Катта бизнесга эга бўлган бу одам озод қилинган. Бироқ, унинг қолган “шериклари” террорчилик ташкилоти раҳбари, деб эълон қилинган Амурлаев билан танишлиги учунгина қамоқда сақланмоқдалар. Улардан ҳам “варақа ва объектлар схемаси топилган” эмиш.

Айтиб ўтиш лозимки, Қозоғистонда анча йиллардан бери кўтарилмаган уйғур экстремизми масаласи кейинги бир ой ичида бир неча марта кўтарилди. Шуниси қизиқки, барча ҳолатларда махсус хизматлар бу борада гапиришни маъкул топмайдилар ёхуд бу масалани четлаб ўтишга ҳаракат қиладилар. Чунки Хитой билан алоқалар каби Қозоғистондаги уйғурлар диаспораси масаласи ҳам анча мураккаб.

Бу йўналишдаги биринчи “қалдирғоч” 8 март куни Алматида Хитой Халқ Республикасининг уйғур миллатига мансуб уч фуқароси Қозоғистонда қалбаки ҳужжатлар билан яшаётгани учун қамоққа олингани бўлди.

Бу хабар расман тасдиқланмаган ва рад ҳам этилмаган. Шунга қарамай, уйғур диаспораси бу маълумотни тасдиқлади. Бир вақтнинг ўзида Amnesty International халқаро ташкилотида ҳам шундай ахборот пайдо бўлди. Қозоғистон Қочқинлар тўғрисидаги конвенцияни бузган ҳолда бундан аввал Хитойга сиёсий қочқинларни яширин тарзда топширганини эсга олган ҳолда турли хорижий оммавий ахборот воситалари ва ташкилотлар бу фактни имкон борича кенгроқ ёритишга ҳаракат қилдилар.

Орадан бир ой ўтиб Алмати полицияси расмий сайтида ХХР ва Туркия қалбаки паспортлари билан икки фуқаро қўлга олингани тўғрисида хабар пайдо бўлди. Гап аввал қўлга олинган Юсуф Қодир ва Абдуқодир Сиддиқ ҳақида бораётгани сир эмасди. Хитойнинг бу икки фуқароси сиёсий сабабларга кўра 1996 ва 1999 йиллардан бери Хитой ташқарисида бошпана топмоқдалар. Улар экстремистик фаолият билан шуғуллангани номаълум, шунга қарамай Хитой ҳукумати уларни бўлгинчиликда айбламоқда. Айни пайтда улар тўғрисида аниқ маълумот йўқ, уйғурлар Хитойга топширилган, деган тахмин эса бор.

Мана шу воқеадан 10 кун ўтгач МХҚ Қозоғистон учун уйғур мавзуси яна очилгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Ғарбнинг бундай қочқинларни сиёсий диссидент, Хитойнинг эса террорчи ва бўлгинчи, деб аташи Қозоғистон ҳукуматини иккилантириб қўйди. ШҲТ доирасида имзоланган шартномалар халқаро меъёрларга зиддир. Шу сабабли Қозоғистон мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади, бироқ бунинг уддасидан чиқмасдан Ғарбнинг ҳам, Хитойнинг ҳам танқидига учрамоқда. Шунинг учун уйғурлар билан боғлиқ ҳар қандай воқеа сир сақланаётганига ажабланмаса ҳам бўлади.

2000 йилда “Уйғур азатлиқ ташкилати”нинг уч аъзоси президент резиденциясидан 100 метр наридаги уйлардан бирини ижарага олгани аниқланган. Уларни қўлга олгани 500 полициячи ва ҳарбий жалб қилинди. Уччала уйғур ҳам қўлга олиш жараёнида ўлдирилди. Улардан қолган икки норасидани уйғур меҳр-мурувват ташкилоти вакилларидан бири Дилбирим Самсақова ўз оталиғига олган эди. Бироқ, орадан кўп ўтмай у ҳам ўлдириб кетилди. Уйғур диаспораси орасида бу аёлни Хитой махсус хизматлари ўч олиш мақсадида ўлдирди, деган гап бор.

2001 йилда АҚШ элчихонаси олдида “Туран-Алем” банкининг инкасса машинасига ҳужум қилинди. Ҳужум иштирокчиларидан бири Исломни қабул қилган европа миллатига мансуб одам эди. У тез орада отишмада олган жароҳатларидан ҳалок бўлди. Қолган икки ҳужумчи уйғур, деб эълон қилинди ва бу оммавий ахборот воситалармда Хитойдан Қозоғистонга экстремизм кириб келаётгани тўғрисидаги чиқишларга сабаб бўлди.

Шунга ўхшаш бир қатор воқеаларнинг хитойлик уйғурлар томонидан содир этилгани Қозоғистон ҳукуматини қатъийлаштирди. Алмати атрофида уйғурлар зич яшайдиган ҳудудларда прокурор рухсатисиз оммавий тинтувлар ўтказилди. Бу эса уйғурларнинг Қозоғистон полицияси ирқчилик сиёсатидан норозилик билдиришига олиб келди. Хитойдан келган қочқинлар эса, агар БМТ ҚиБОК ваколатхонасига етиб олмаган бўлса, полициячилар томонидан қўлга олиниб, Хитойга топшириларди.

2000-2002 йилларда Қозоғистондан вақтинчалик бошпана топган уйғур бўлгинчи ташкилотлари фаоллиги ва уларни депортация қилиш кўрсаткичи озайди. Кейинги йилларда уйғур муаммоси пайдо бўлмаганди.

Сўнгги хабарлар нима билан боғлиқ экани номаълум. Балки Хитойнинг унча бўйсунмаган этник группаси бўлган уйғурлар қозоқ махсус хизматларинингг сийқа чақасига айлангандир. Қозоғистонда бир вақтлар МХҚ ва Қозоғистон мудофаа вазирлиги агенти бошқарган ва уч кишидан иборат “террорчилик” гуруҳини фош этиш амалиёти ҳам бўлганди. 2003 йилда қўлга олинган бу уч одамниТуркистон Ислом партияси аъзолари, деб айбладилар. Ҳолбуки, бу партия Олий Суд томонидан 2005 йилдагина террорчилик ҳаракати, деб тан олинган. Бу террорчилик гуруҳининг фош этилиши Хитой раҳбарининг Қозоғистонга расмий сафари арафасида совға бўлганди.

Албатта, воқеалар ривожи бошқача бўлиши ҳам мумкин. Бироқ, МХҚ шов-шувли баёнот тарқатиб, энди жимлик сақламоқда. МХҚ расмий сайтидан эса “террорчилар” қўлга олингани тўғрисидаги хабар умуман олиб ташланган. Буларнинг барчаси расмий версияга шубҳа туғдиради.



 

Реклама