03:07 msk, 24 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистондаги НТС телекомпанияси очиқ хат эълон қилди

04.05.2006 16:12 msk

НТС

“Фарғона.Ру” бу телекомпания атрофидаги муаммоларни аввал ҳам ёритган эди.

2006 йил 1 майидан НТС мамлакат ҳудудларида ўз кўрсатувларини эфирга узатишдан маҳрум этилди. Унинг ўрни 2005 йил декабрида Қирғизистон президенти фармони билан ташкил этилган “Эл ТВ” жамоатчилик телевидениясига берилди.

Бугун НТС ходимлари очиқ хат эълон қилдилар.

НТС канали жамоасининг халққа, оммавий ахборот воситаларига, нодавлат ташкилотлари ва сиёсий партияларга мурожаати

НТС канали қисқа муддатда аҳоли ўртасида холис ахборот тарқатиш билан обрў-эътибор қозонди. Жорий йил 1 майидан бошлаб Қирғизистон телевидения ва радиоси радиорелей магистраллари ишлаб чиқариш бирлашмаси (РПО РМТР) НТСнинг ҳудудларга бераётган кўрсатувларини узиб қўйди. Демак, бизни Ўш, Балиқчи, Баткен, Таласда кўра олмайдилар.

РПО РМТР буни президент фармонини бажариб, ЭлТВнинг республика миқёсида эфирга чиқишига шароит яратяпмиз, деб изоҳлади. Бироқ, фармонда давлат каналини нодавлат каналини “бўғиш” эвазига ривожлантириш тўғрисида бир оғиз ҳам сўз айтилмаган. РПО РМТР бундай қарорни юқоридагиларнинг кўрсатмасисиз қабул қила олмасди. Бизга НТСни “бўғиш” ғояси бош вазир ўринбосари Адахан Мадумаровдан чиққани яхши маълум. У бир неча марта кўрсатувларимиздан норози бўлган эди.

НТС канали раҳбарияти ҳудудларда эфирга узатилаётган кўрсатувларимиз ёпилиши хавфи пайдо бўлиши биланоқ бош вазир Ф. Қулов номига мактуб жўнатган. Бу январь ойида бўлганди. Айни пайтда эса май, лекин биз ҳалигача жавоб олганимиз йўқ. Тўғри, бош вазир кўрсатмаси билан А. Мадумаров раҳбарлигида махсус комиссия тузилди. Бу комиссия биринчи апрелгача масалани ўрганиб, таклифлар киритиши лозим эди. Бироқ, комиссия фақат бир марта–апрель ойи ўрталарида тўпланди ва ҳеч қандай таклиф киритмади. Шунга қарамай, НТСни 1 майдан бошлаб ёпиб қўйдилар. Бу Оқ Уйга ёқмаётган оммавий ахборот воситаларига қўпол тарзда босим ўтказишдир!