08:41 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Гастролда юрган артистларга ўт қўйилди. Ўзбек театри юлдузлари Москвадаги квартирада куйиб кетишларига бир баҳя қолди

03.05.2006 21:05 msk

Московский Комсомолец, Марина РАЙКИНА

Фото © "Московский комсомолец"

“Москвоский комсомолец” газетасида “Илҳом “ театрининг актёрлари билан Москвада содир бўлган фожеа тўғрисида мақола берилган. Мақола матни қуйида келтирилади.

Москвада Тошкентнинг машҳур “Илҳом” театри гастроллари якунланди. Гастроллар катта муваффақият билан ўтиб, фожеа билан якунланди. Ҳаммасини бир бошдан гапириб ўтайлик.

Чиройли бошланиш

Ҳаммаси яхши бошланди: билетлар аллақачон сотилиб бўлган, Мейрхолд маркази залида бўш ўрин йўқ. Тошкентликлар Шекспир, Чехов ва Қодирий асарларини ўйнадилар. “Оппоқ қора лайлак” Қодирий кундаликлари асосида тайёрланган Ўзбекистон тарихидан ҳикоя қилувчи асар. Бу асарда гап Сталин қамоқхоналарида қурбон бўлганлар ҳақида кетмайди. Асар муҳаббат ва инсонлар разиллиги тўғрисида. Гўзал ўзбек қизи газлама сотувчисини севади, бироқ уни бошқа бир йигитга унашадилар. Бу йигит эса бошқа бир йигитга... муҳаббатини изҳор қилолмайди. Гомофоблар безовта бўлмай қўя қолсинлар. Йигитларнинг ҳиссиётлари пок ва шоирона. Ўша замон маиший ва ахлоқий воқелигига асосланиб саҳналаштирилган раҳмсиз асарнинг бир-икки жойида поэтик мэтафора қатори оқ дарахтга осилган, оқ-қора оламга қарши исён кўтарган оппоқ ҳайинчаклар пайдо бўлади.

Шекспирнинг энг қийин ва кўплар учун қизиқ бўлмаган “Муҳаббатнинг самарасиз уринишлари” асарини Кузминнинг баландпарвоз таржималари билан безаганлар ва пайдо бўлган қоришиқдан карнавал балагани саҳналаштирилган. Чеховни Марлен Дитрих ашулалари билан саҳналаштирганлар. Ўтган аср киноюлдузининг ширали овози Антон Павлович асарига жуда мос тушган.

Буларнинг ҳаммаси 30 йил аввал ўзининг “Илҳом” театрига асос солган Марк Вайлга таалуқли. Унинг радикализми вайрон қилувчи революцион характерга эга эмас. Радикализм юксак санъатни излаш билан уйғундир.

Дўзахий давом

Қанийди ҳамма нарса саҳнадагидай осон ва чиройли бўлса. Гап шундаки, “Илҳом” Москвадан Венага учиб кетди. Бу ердаги фестивалда улар “Машраб парвозлари” спектаклини ўйнашлари керак эди. Постановкада иштирок этмаганлар 1 майгача Москвада қолиб, Венага кетганларни кутишлари лозим эди. Москвада қолганлар таниш-билишлари ва қариндошларининг уйларига кетдилар. 33 ёшли Женя Дмитриев ва Борис Гафуровлар “Рус радиоси” диджейи Глеб Деевнинг уйига ўрнашдилар. Деев ҳам собиқ “илҳом”чи бўлиб, театрда ишчи сифатида ишлаганди. Деев йигитларга квартирасини ташлаб, ўзи фестивал клуб дастурини олиб бориш учун таклифнома олгани учун Венага кетди. Шундай қилиб, театрнинг икки етакчи артистлари бир неча кунга Токмаков муюлишидаги хонадонга жойлашдилар.

28 апрелдан 29 апрелга ўтар кечаси йигитлар квартирада чиққан ёнғиндан уйғониб кетдилар. Олов йўлакдан бошланиб ошхонага, шундан сўнг хонага ўтди. Агар артистлар 4–қаватдан ўзларини ерга отмаганларида тириклайин куйиб кетардилар. Бугун улар Склифасофский номидаги тез ёрдам институтида даволанмоқдалар. Дмитриев оғир аҳволда – нафас олиш органларининг 70 фоизи куйиб, жонлантириш бўлимида ётибди. Борис Гафуров қўллари куйиб умумий палатада даволанмоқда.

251-палата. Куйганларни даволаш корпуси.

Палата олти кишига муўлжалланган. Боря дераза тагида ётибди. Ҳар иккала қўли елкасигача бинтлаб ташланган. Юзида куйиш аломатлари бор. Уларга оқ кўпик суртилган. Кечқурун ҳарорати 39 градусга чиқади, кундузи - 38.

Артистнинг лаблари шишиб кетган, гапириши жуда қийин, лекин жилмайишга ҳаракат қилади.

- Боря, воқеа қандай бўлганини айтиб бера оласанми?

- Кечқурун учларда ёнғин бошланди. Лекин бундан бир кун аввал... мен компьютер олдида ўтиргандим. Бирдан бензин ҳиди кела бошлади. Эшик олдига келиб туйнукдан мўраладим. У ерда икки киши эшигимиз тагига бензин қуяётган экан. Мен бақирдим. Улар қочиб кетдилар. Қўшниларга қўнғироқ қилдим. Улар милиция чақирдилар. Икки милиционер келиб, ўликлар йўқ, жиноят ҳам йўқ, деб кетишди.

- Квартира хўжайини Деев билан боғландингларми?

- У квартирани ижарага олар эди. Биз албатта Венага телефон қилдик. У бизни тинчлантирди. Тун осойишта ўтди. Кейин эса...

Кейинги тунда соат учда ёнғин бошланди. Ёнғин тезда йўлакдан ўтиб, ошхона ва хонага етиб келди.

- Бу дўзах эди, - деб давом этади Борис. – Иссиқ чидаб бўлмас даражада эди. “Женька, биз ўлдик”, дедим мен ва ҳамма нарса бефарқ бўлиб қолганини сездим. Кейин мен ўзимни деразага урдим: деразани очдим ва ерга қарадим. Сакрасам ўламан. Шунда ўнг томонимда икки-уч метр нарида тарновни кўриб қолдим. Мана шу тарнов қувури орқали ерга тушиб олган яхши, деб ўйладим. Сакрадим... билмадим, қандай қилиб тарновга илашиб олдим. Женяга “Сакра!”, деб қичқирдим. Бироқ у ваҳимада эди.

Бир оздан сўнг Дмитриев қувурга сакрашга ҳаракат қилди. Бироқ у новча бўлгани учун оёқлари билан бир нарсага илашиб қолди. Бир амаллаб пастга тушиб олди. Унинг елкаси куйганди. Бундан ташқари у ёнғинда кўп нафас олгани учун нафас олиш йўллари ҳам куйганди.

- Банандан бир тишлата оласанми? – дейди Боря. - Эрталабдан бери ҳеч нарса егим келмаётганди. Ҳозир иштаҳам очилди. Лекин ўзинг кўряпсан-ку...

У кўзлари билан бинтланган қўлларини кўрсатади. Бинтлар қон ва йирингдан ифлосланиб кетган, лекин уларни фақат байрам ўтгандан сўнггина алмаштирадилар.

- Врач теримни кесаётганда мен “оғрияпти”, деб бақирдим. У эса менга “Сенга куйган гўшт нега керак?”, деб сўрайди. Энг қўрқинчлиси ҳали олдинда. Эт битиши билан уни қириб олиб ташлар эканлар. Уч марта шундай қилинар экан. Менга палатадош ўртоқларим айтиб бердилар.

- Нега қиришар экан?

- Даволаш услуби шундай экан. Бўлмаса сув тўпланиб, йиринг босар экан. Бу ерга олиб келишлари биланоқ, осма укол қилдилар. Бир ой шу ерда бўлишимни айтдилар. Женя бўлса...

Евгений Дмитриев ҳозирча жонлантириш бўлимида. Унинг олдига холаси ва холаваччаси келган. Бироқ, уларни киритишмаяпти. Айтишларича. Бемор учун керакли бўлган қон плазмаси заҳираси клиникада бор экан. Холаси йиғлайди.

“Биз емаган сомсага пул тўладик”

Тошкентлик артистлар яшаётган квартирада ёнғин содир бўлгани тўғрисида хабар келиши биланоқ, яна миллий низо бўлса керак, деган хаёлга бордик. Бироқ, Дмитриев ва Гафуровлар умуман осиёликларга ўхшамайдилар. Дмитриев славян, Гафуров эса Олег Меньшиковга ўхшайди, ҳатто у “Олтин бузоқ” фильмида Олег Меньшиковнинг дублёри бўлган. Иккинчидан, Тошкентда ҳам Деев билан дўст бўлган Дмитриев квартира эшигига бензин қуйилган куни Деевнинг танишига телефон қилиб, вазиятни айтган. У эса Деевга кимдир аввал ҳам таҳдид қилганини, диджей кимдандир 25 минг доллар қарз бўлиб қолганини айтган.

Диджей Деевга ҳам бир қатор саволлар бор. Унга таҳдид қилинаётганини била туриб, у нега квартирасига одам киритди? Воқеа тўғрисида эшитгач, нега дарров Москвага қайтмади?

- Хуллас, биз емаган сомсага пул тўладик, - дейди ғамгинлик билан Борис Гафуров. – Милиция ҳам келди менинг олдимга. Мен нима ҳам билардим? Қандай қилиб сакраганимни айтиб беришим мумкин, холос.

Бир ойдан сўнг “Илҳом” Лондонга гастрол қилиши керак. Боря умидсизлик билан қўлларига қарайди, лекин қатъийлик билан бир ойдан сўнг даволаниб, саҳнага албатта чиқишини айтади. Дмитриевнинг масаласи чатоқроқ.

Москва театраллари воқеа тўғрисида хабар топишлари биланоқ, Склифга артистлар йиғилиб кела бошладилар. Улар қон топширишга тайёрлар. Бироқ байрам кунлари қон қабул қилинмайди. МДҲ фуқароларининг Склифасовский институтида даволаниши масаласини ҳам ҳал этиш лозим. Бу масала ҳам маъмурият ишга чиққандан сўнг ҳал этилади. Улар билан Ўзбекистон элчихонаси боғланади. Йигитларга пул керак, чунки Москвада улар камида бир ой даволанишлари керак.

Уларга ёрдам беришни истаганлар “Московский комсомолец” газетаси ёки Борис Гафуров ётган Склифосовский институтининг 251 палатасига мурожаат қилишлари мумкин.

Московский Комсомолец

02.05.2006