02:15 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Москвадаги ёнғин пайтида “Илҳом” Тошкент театрининг икки артисти жиддий жароҳатланди

02.05.2006 15:15 msk

Д. Кислов

Тошкентнинг ажойиб “Илҳом” театрининг Москва гастроллари пайтида фожеа юз берди. Москвадаги квартиралардан бирида чиққан ёнғин оқибатида театрнинг етакчи артистлари Борис Гафуров ва Евгений Дмитриевлар жиддий жароҳат олди. Айни пайтда, шифокорларнинг айтишларича, уларнинг ҳаёти хавф остида эмас.

Ўзбекистонлик ҳар иккала актёр Склифосовский номидаги тез ёрдам илмий тадқиқот институтида даволанмоқда. Жонлантириш бўлимида ётган Евгений Дмитриев биринчи, иккинчи, учинчи тоифада куйиш жароҳати олган. Борис Гафуров умумий палатада ётибди, унинг олдига одам киритилмоқда.

Тошкентликлар труппасининг катта қисми “Илҳом” бош режиссёри раҳбарлигида Австриядаги Моцарт фестивалида иштирок этмоқда. Москвада қолган актёрларнинг сўзларига қараганда, жароҳат олган ҳар иккала актёрнинг аҳволи ҳозир яхшиланган.

Куйиб кетган уйнинг дераза ва деворлари. Фарғона.Ру
Куйиб кетган уйнинг дераза ва деворлари. Фарғона.Ру

Шифокорларга кўра, йигитларни даволаш учун катта миқдорда донорлик қони ва қон плазмаси зарур. Учинчи тоифадаги (салбий резус) қон керак, лекин бошқа тоифадаги қонлар ҳам қабул қилинаверади. Агар жабрланганларга ёрдам беришни истасангиз, Склифасовский илмий тадқиқот институти куйишларни даволаш марказига келинг. Марказ Москва шаҳри, Катта Сухарев майдони, 3 уй 3 корпусда жойлашган. Марказга Сухаревская метроси, Мир проспектида чиқиб, кейинг яёв юрилади. Боришдан аввал донорлик лабораториясининг 921-91-60 телефонига сим қоқинг. Қон ҳар куни эрталаб соат 8дан 10гача қабул қилинади. Қон бериш учун нонушта қилмай келиш керак.

Ёнғин содир бўлган уй Токмаков муюлишидаги беш қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган. Ёнғинни ўчиришда 15 ёнғин ўчирувчи қатнашди, аҳоли эвакуация қилинди, ёнғиндан бошқа бир неча квартира ҳам зиён тортган.

Айни пайтда терговчи квартирадаги ёнғин сабабларини аниқламоқда. Бу уйга махсус ўт қўйилгани аниқланган. Ёнғиндан бир кун аввал Борис ва Евгенийлар дўстлари ва танишларига оғайнилари уйга кимдир ўт қўйишга ҳаракат қилганини айтиб берганлар. Кимдир эшикка бензин сепган, фақат қўшниларнинг бақир-чақирлари туфайли жиноятчилар қўрқиб қочиб кетган. Минг афсуски, воқеа жойига етиб келган милиция ходимлари воқеа юзасидан ҳеч қандай чора кўрмаганлар. Милициянинг қатъий ҳаракатлари туфайли фожеанинг олди олиниши мумкин эди.

Номаълум кимсалар айни кунларда Москвада бўлмаган квартира хўжайини жонига қасд қилмоқчи бўлгани тахмин қилинмоқда.