21:23 msk, 25 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

”Андижон фарзандлари тинч ухланг”. Мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкентдаги Жасорат Монументи олдида Андижон фожеаси қурбонларини хотирладилар

22.06.2005 18:26 msk

Андрей Кудряшов

“Андижон фарзандлари тинч ухланг. Сизнинг тўкилган қонингиз учун Ўзбекистон президенти Каримов халқаро жиноий судда жавоб беради.”

21-май куни соат 11:00да Тошкент марказида ўрнатилган Жасорат монументига ана шундай плакат ёпиштирилганини кўриш мумкин эди. Ушбу плакат 13-майдаги Андижон фожеасида қурбон бўлганлар хотираси учун Жасорат монументи пойига гул қўйгани келган “Озод деҳқонлар” мухолифат партияси аъзолари ва ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан ёзилган эди. Ислом ва насроний динлари анъанасига кўра, хотирлаш удуми одамларнинг Андижон ҳокимияти олдида қурбон бўлганларига 40 кун тўлгандан сўнг ўтказилди. Шунингдек, йиғилганлар монумент пойига гул ва юмшоқ ўйинчоқлар қўйишди.

“Озод деҳқонлар” партияси ижрочи котиби Нигора Ҳидоятовага кўра, шу кунларда партия кўнгиллилари томонидан ҳалок бўлган тинч аҳоли рўйхатини тузиш якунланмоқда ва у халқаро ташкилотларга топширилади. Тадбир иштирокчилари орасида бўлган ҳуқуқ ҳимоячилари Андижондаги май воқеаларининг асл сабабларини аниқлашда давом этажакларини айтдилар.

- “Биз Ўзбекистон ҳукуматининг тинч аҳоли, аёллар ва болалар ўлимини жамият унутиши учун қилаётган ҳаракатларига қарамай, ўзимизнинг изланишларимизни тўхтатмаймиз”, - деди журналистларга Елена Урлаева.

Ҳайкал олдига ёпиштирилган плакат бир неча минутдан сўнг оломон орасидан ўтиб, боғ тарафга қочиб кетган нотаниш одам тарафидан йиртиб ташланди. Бироз кейинроқ фуқаролик кийимидаги икки эркак ҳуқуқ химоячилари қўлидаги плакатни олиб, уяли телефонда кимгадир ҳисобот топширган ҳолда қочиб кетганлар. Йиғилганларга кўра, улар ИИВ ёки вилоят маъмурияти ходимларидир, негаки, махсус хизмат вакиллари тадбир бошлангандан бери қатнашувчиларни видеотасвирга олиб кузатишаётган, лекин ўзлари аралашмаган эдилар.

Яқин атрофдаги кўчаларда йўл ҳаракати тўхтатилмаган эди. Шунинг учун автомашина ва йўналишдаги таксилар монумент олдида бир неча минутга тўхтаб ўтишди. Машинадаги йўловчилар ўз машиналарини тарк этмаган ҳолда, хотирлаш маросимини кузатиб турдилар.

1966-йил Тошкент зилзиласидан сўнг ўрнатилган Жасорат монументи олдида ўтган Андижон фожеаси қурбонларини хотирлаш маросими иккинчи тадбир бўлди. Аввалги тадбир Ўзбекистон пойтахти мустақил журналистлари томонидан уюштирилган эди. Бу сафар хориж ОАВ журналистлари ҳукумат сиёсатини қувватлаётган Ўзбекистон матбуоти хотирлаш маросимини ёритишни истамаганининг гувоҳи бўлдилар.