11:21 msk, 21 Октябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Бишкекдаги Олатоғ майдонида тумонат одам йиғилди. Намойиш тинч ўтди

29.04.2006 16:48 msk

Халид Валидов (Бишкек)

Эрталабки соат ўн бирда Бишкекнинг уч нуқтасига тўпланган мухолифат Олатоғ майдонига қараб юриш бошлади. Маҳаллий вақт билан соат ўн иккида мухолифат намойиши иштирокчилари сони ўн мингдан ошиб кетди. Олатоғ майдони одамга лиқ тўлди.

“Фарғона.Ру”нинг Бишкекдаги махсус мухбири Халид Валидовнинг хабар беришича, намойиш олдидан майдонда Қирғизистон гимни янгради. Гимнни барча иштирокчилар жўр бўлиб куйладилар, ҳавога пуфаклар учди.

29 апрель куни Бишкекда ўтган намойиш. Фарғона.Ру АА фотоси
29 апрель куни Бишкекда ўтган намойиш. Фарғона.Ру АА фотоси

Марказий майдонда митинг ташкилотчилари Ўмурбек Текебаев, Қубатбек Байбўлов, Темир Сариев, Дўўрўнбек Садирбаев, “Ор-Номус” партияси раҳбари Эмиль Алиев, Социал-демократлар партияси раиси Алмазбек Атамбаевлар сўзга чиқди.

“Ислоҳотлар учун” ҳаракати штаби бошлиғи Ўмурбек Текебаев 2005 йил 24 март инқилоби ғоялари “охиригача амалга ошмагани” тўғрисида гапирди. Ў. Текебаев фикрича, бир йил ичида барча нарсани ўзгартириш қийин, бироқ “одамларда келажакка ишончни уйғотиш мумкин”, “бу митинг нафақат сиёсий, балки ахлоқий аҳамиятга эга. Ҳокимият жиноятчилик билан оға-ини тутинмоқда. Биз мамлакатни коррупция эмас, қонунлар бошқаришини истаймиз. Бутун жаҳон оммаси “Қирғизистон ўз тақдирини ўз қўлига ола биладими”, деган савол билан бизга эътибор қаратиб турибди”, - дея нутқ сўзлади минбардан Ў. Текебаев.

Шундан сўнг, барча йиғилганлар жўрликда президент Қурманбек Бакиев ва Феликс Қуловларни намойишга қўшилишга чақирдилар.

29 апрель куни Бишкекда ўтган намойиш. Фарғона.Ру АА фотоси
29 апрель куни Бишкекда ўтган намойиш. Фарғона.Ру АА фотоси

Намойишда нутқ сўзлаганлар ислоҳотлар ўтказиш зарурати ҳақида гапириб, жиноятчиликка қарши курашни кучайтиришни талаб қилди.

Ҳукумат уйи беш юздан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қуршаб олинди. Намойишчиларнинг милиция билан тўқнашуви кузатилмади.



 

Реклама