05:25 msk, 17 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Москва марксистлари Грибоедов ҳайкали пойида “Шанирақ”ликларни қўллаб намойиш ўтказдилар

29.04.2006 16:38 msk

Сакен Салихов

Жума куни кечқурун Москванинг тарихий маркази бўлган Грибоедов ҳайкали олдида Алматининг “Шанирақ” мавзеси аҳолисини қўллаб-қувватлаб, митинг бўлиб ўтди. Митинг жойи Қозоғистон элчихонасидан унча узоқ эмас эди.

Кечаги митинг Ишчи интернационали қўмитаси Россия бўлими (ИИҚ) – қирқдан ортиқ мамлакатларда ваколатхоналарига эга марксистларнинг сўл ташкилоти томонидан уюштирилган. Маркс ва Энгельс таълимотининг замонавий издошлари мақсади капитализм устидан ишчилар ғалабасини таъминловчи инқилобий ташкилотга асос солишдир.

ИИҚ раҳбари Игорь Ясин “Фарғона.Ру” мухбирига митинг мақсади тўғрисида гапириб берди.

“Бугун биз Қозоғистон ҳукуматининг айби билан оғир аҳволда қолган Алматининг “Шанирақ” мавзеси аҳолисига бирдамлик изҳор этмоқдамиз. Биз оддий россияликлар, москваликлар эътиборини шанирақликлар муаммосига қаратмоқчимиз. Ҳукумат уларнинг уйларини ноқонуний тарзда тортиб олмоқда”, - деди Ясин.

”Шанирақ” мавзусини “Фарғона.Ру” 17 апрель куни “Шанирақ” - Қозоғистондаги ижтимоий зиддиятнинг янги рамзи” мақоласида ёритган эди.

ИИҚ раисига кўра, митинг ўтказишга Москва давлат маъмурияти рухсат берган.

москвалик марксистлар намойиши. Фарғона.Ру АА фотоси
москвалик марксистлар намойиши. Фарғона.Ру АА фотоси

“Аввалига митингни Қозоғистон элчихонаси олдида ўтказмоқчи эдик. Бироқ округ раҳбарияти бунга рухсат бермади. Шунингдек, бизга фақат 20 одамнигина тўплашга рухсат берилди. Бу қоидани бузсак, ҳукумат бизга нисбатан куч ишлатиши мумкин. Шу сабабли биз қозоқ элчихонасидан бир неча юз метр узоқликда бўлган Грибоедов ҳайкали пойига тўпландик”, - деди И. Ясин.

Ҳақиқатан ҳам қозоқ элчихонаси ва митинг ўтган майдонда фуқаро кийимидаги ва формали одамларни кузатиш мумкин эди. Фарғона.Ру мухбири Игор Ясиннинг улардан бири билан ўтказган суҳбатига гувоҳ бўлди.

- Варақалар ва плакатларни кўрсат, - деди у.

Шиорларни кўриб чиқиб, хавфсизлик ходими “Назарбоев-қўй” деган шиорга қизиқиб қолди.

“Бу нима дегани?”, - деб ҳайқирди у. - “Нима балолар қиляпсиз?.. Бу шиорни оча кўрма, дарров қўлга оламиз! Биз бу ерда турамиз!..”

Хавфсизлик хизматининг қатъийлигига қарамай, социалистик қаршилик йигитлари қозоқ элчисига норозилик хати киритишга муваффақ бўлдилар. Қозоқ элчихонаси ходимлари ҳам митинг бўлаётган пайтда хиёбон бўйлаб саёҳат қилдилар, бироқ намойишчилар олдига келишга ботинмадилар.

”Биз сен билан, Шанирақ” шиори остида “янги марксистлар” соат бешдан олтигача митинг ўтказди. Москвада ҳаво яхши бўлгани учун намойишни кўришга келган одамлар ҳам кўп бўлди.

Томошабин москваликлар орасида “Шанирақ ким ўзи?”, деган савол туғилди. Кимдир “Қозоқ ёзувчиси бўлса керак”, деди. Эллик ёшлардаги бир киши эса “У Абайнинг дўсти”, - деб изоҳ берди. Бу москвалик одамни яқиндагина Россия ва Қозоғистон раҳбарлари иштирокида очилган Абай ҳайкали анча ҳаяжонлантирганга ўхшайди.