14:26 msk, 22 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Остона минтақавий сиёсатини ўзгартиришга муҳтож

29.04.2006 16:27 msk

Даурен Ахметбаев, Остона

26 апрель куни Қозоғистон президенти Назарбоев ўз фармони билан Ўзбекистондаги элчи Тлеухан Кабдрахмановни ишдан бўшатди. Остонанинг Тошкентдаги вакили этиб Асқар Мирзахметов тайинланди. Бироқ, маҳаллий кузатувчилар бу алмашинув Тошкент билан муносабатларда жиддий ўзгаришларга сабаб бўлмайди, деб ҳисобламоқдалар.

Бу кадр алмашинуви қозоқ дипломатиясининг Ўзбекистондаги муваффақиятсизликларига кечиккан муносабатдир. Нурсултон Назарбоев сабр косасини тўлдирган сўнгги воқеа Қозоғистон фуқароси Ахметовнинг “дўст” давлат ҳудудида ушлаб турилиши бўлди.

Гап шундаки, маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳафта давомида Ташқи Ишлар вазирлигининг давлат ва якка фуқаро манфаатларини ҳимоя қилишга қодир эмаслигини муҳокама қилди.

Вазир Қосимжўмарт Тўқаевга қарши уюштирилган ахборот уруши натижасида, Қозоғистон ТИВ 24 апрель куни расмий Тошкентга нота жўнатди. Бироқ, бу нота унчалик қатъий бўлмаган шекилли, эртаси куниёқ вазир президент ҳузурига чақиртирилди. Вазир ўзини қай тарзда оқлаганини афсуски, ҳеч ким била олмайди.

Балки Тўқаев ҳамма айбни Кабдрахмановга ағдарган бўлиши мумкин. Унинг шошилинч тарзда “бошқа ишга ўтгани” бу фикрга далил бўла олади.

Қизиғи шундаки, янги элчи турли йилларда қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ соҳаларда ишлаган. Ўтган йил августидан эса қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди бир муддат қишлоқ хўжалик вазири лавозимида ишлади. Ветеринар Асқар Мирзахметовнинг элчилик лавозимига тайинланишига қандай омиллар сабаб бўлгани қоронғу.

Кадр танлашда бундай муносабат сабаби нима? Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги мамлакати экани билан боғлиқми ёки қозоқ раҳбари заҳирасида кадрлар етишмайдими?

Қозоғистонда А. Мирзахметов вазирлик лавозимидан қишлоқ хўжалигини ривожлантира олмагани учун бўшатилган, деган фикр бор. Ҳолбуки, аграр секторни ривожлантириш мақсадида сўнгги уч йил мобайнида миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратилган эди.

Бир элчининг иккинчисига алмаштирилиши Ташқи Ишлар вазири Тўқаевга хитойча усулдаги “сўнгги огоҳлантириш”дир.

Назарбоев инаугурациясидан кўп ўтмай, Қозоғистон вазирлар маҳкамаси таркибини тасдиқлар экан, ТИВ раҳбари фаолиятини кескин танқид қилди.

Бу ташкилотда ўз позициясини самарали ҳимоя қилиш позициясининг йўқлиги бунга сабаб бўлди. Остона ва Тошкент муносабатларида қозоқ томони йўл қўйган камчиликлар яққол намоён бўлиб қолмоқда.

Асосий йўналишларда ютуқлар жуда кўпдай кўринади. Назарбоев ва Путиннинг мунтазам мулоқоти Россия билан алоқалар ривожланаётганининг далолатидир. Шинжонда нефть қувурининг ишга туширилиши Қозоғистон-Хитой алоқалари ҳам кўнгилдагидай эканини билдиради. Ғарб йўналишидаги дипломатия ҳам яхши йўлга қўйилган, АҚШ ва Европа давлатлари бу сафарги сайловларни жиддийроқ танқид ҳам қилмадилар.

Бироқ, Қозоғистон ўзини етакчи деб биладиган минтақада бир неча марта қоқилди.

Ўз ривожланиш босқичида Қозоғистон глобал ташаббусларни ўртага ташлаб, ўз қўшнилари билан алоқага эътибор бермай келди. Ташқи сиёсат асосан йирик давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Минтақавий алоқалар эса, барча транзит йўллари Қозоғистондан ўтгани учун, Марказий Осиё давлатлари Қозоғистонсиз яшолмайди, қабилида четга сурилиб келди. Шу сабабли ҳам қозоқ сиёсий элитасида Қозоғистон қўшниларига кўпроқ керак, Қозоғистон қўшниларсиз ҳам яшайверади, деган тушунча устувор бўлди.

Бироқ вақти–вақти билан қўшнилар осмонда парвоз қилаётган Остонани оёғидан тортиб, ерга тушириб турибдилар. Масалан, иддаоси баланд давлат фуқаросини қўлга олиш ва қамоқда сақлаш билан. Бу ҳолат “Қозоғистон - минтақа етакчиси” деган тушунчанинг нақадар хомхаёл эканини исботлади. Чунки Қозоғистон Ташқи Ишлар вазирлиги бечора Ахметовни уйига қайтара олмади.

Буларнинг ҳаммаси, Қозоғистон айни пайтда бир элчини иккинчи элчига алмаштириш йўли билангина минтақадаги сиёсатини ривожлантира олмаслигини кўрсатиб турибди. Остона каттароқ қадам ташлаши, минтақавий сиёсат характерини ўзгартириши лозим.