11:08 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкент зилзиласи. 1966 йил 26 апрел афсоналари ва ҳақиқатлари

29.04.2006 15:53 msk

Андрей Кудряшов (Тошкент)

Қирқ йил аввал, 1966 йил 26 апрель куни соат 5дан 22 дақиқа 53 сония ўтганда Тошкентда Рихтер ўлчови бўйича 8 балли, магнитудаси 5,3 га тенг зилзила содир бўлди. Сейсмологларга кўра, зилзиланинг вайрон этиш кучи ўта қудратли бўлган. Шаҳарни тўла вайрон этилишдан фақат залзила ўчоғи 3-8 километр ер остида бўлгани сақлаб қолган. Шунга қарамай, ўша пайтдаги Ўзбекистон ССР пойтахти марказининг 10 квадрат километри вайрон бўлган.

2 миллион квадрат метр уй-жой, 236 маъмурий бино, 700га яқин савдо ва жамоат овқатланиш шоҳобчалари 26 коммунал хўжалик, 181 таълим муассасаси, 36 маданият ташкилоти, 185 тиббий ва 245 саноат бинолари вайрон бўлган. 78 минг оила ёки ўша пайтда Тошкентда яшаётган бир ярим миллион аҳолидан 300 мингдан ортиқроғи уйсиз қолди.

Бир йил давомида зилзила 1100 марта такрорланди. 7 баллга етган зилзилалар 1966 йилнинг 9 ва 24 май, 5 ва 29 июнь, 4 июль ва 1967 йилнинг 24 мартида қайд этилди. СССР ҳукумати ва иттифоқдош давлатлар мадади билан Тошкент 1968 йилга келиб тўла тикланди.Тошкент тубдан янгидан қурилган мегаполисга айланиб, аҳолиси сони 1, 5 баробарга кўпайди. Ўша йиллар воқеаларини Тошкент тарихидаги энг муҳим саналардан, деб аташ мумкин. Тўғри, йиллар ўтиши билан 1966 йил 26 апрель воқеаларининг кўп жиҳатлари гувоҳларнинг ҳам хотирасидан ўчиб, афсонага айланди. Бугун айрим гувоҳларнинг ҳикояларига таяниб, ўша йиллардаги муҳим ва қизиқ воқеаларни қайта жонлантирмоқчимиз.

“ТИТРАЯПМИЗ, БИРОҚ ЕНГИЛМАЯПМИЗ”

- Биз ўша йиллари Госпиталь бозори олдидаги уч қаватли уйда яшардик, - деб ҳикоя қилади 1967 йилда “Тошкент қурувчиси” медали билан тақдирланган Тамара Семеновна Иванова. - Кўп одамлар зилзиладан олдин ердан гумбурлаган овоз чиқанини ва ялт этган шуъла ўтганини эслайдилар. Лекин мен ўша куни жуда қаттиқ ухлаб қолган эканман. Фақат жуда қаттиқ ер қимирлашидан уйғониб кетдим. Кимдир “уруш” деб қичқирарди. Америкаликлар атом бомбаси ташлабди, деб ҳам ўйладим. Бироқ, қўшниларимиздан бири балконига чиқиб гиламини қоқиб хотиржам кириб кетгач, негадир менда ҳам қўрқув йўқолди.

Шаҳар маркази вайрон бўлган эди. Ҳозир Сайилгоҳ, деб аталадиган Карл Маркс кўчасида деворига катта соат осилган универмаг қулаб тушган эди. Соат миллари зилзила бўлган вақт - соат 5 дан 23 дақиқа ўтганини кўрсатиб, тўхтаб қолганди. Эрталаб Москвадан Леонид Брежнев раҳбарлигида СССР ҳукумати ва КПСС МК делегацияси келгани маълум бўлди. Бутуниттифоқ миқёсида Тошкентга ёрдам кўрсатиш тўғрисида махсус қарор қабул қилинди. Мен ишлайдиган “Тошкентбошқурилиш” эса янги шаҳар қуриш бошқармасига айлантирилди.

Ҳозирги ЦУМ ўрнида ҳарбийлар жабрланганлар учун минглаб чодирлар ўрнатдилар. Бу ерда “титраяпмиз, лекин енгилмаяпмиз”, деган катта шиор осилган эди. Керакли озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келина бошланди. Мактабдаги ўқувчиларни бутун иттифоқдаги пионер лагерларига олиб кета бошладилар. Аҳолига ҳам бошқа шаҳар ва республикаларга кетишни тавсия қилардилар, бироқ бунга кўпчилик кўнмасди. Менга Чилонзор янги туманини телефонлаштиришни топширишди. Аввал Фарҳод бозори ўрнида қамиш босган ботқоқ бўларди. Волгоград кўчаси томонларда эса биз картошка терардик. 1966 йил қишигача бошқа шаҳарлардан келган қурувчилар бу ерда замонавий беш қаватли уйлардан иборат бўлган янги туманни қуриб битказдилар. Бу ердаги уйлардан биридан менга ҳам икки хонали уй берилди.

Чилонзордаги квартал ва уйлар эксплуатацияга топширилишига қараб, белгилангани учун ҳам рақамлари чалкаш. Дўкон ва кафелар қурувчилар шарафига номланарди. Шу кунгача бу номларга қараб мўлжал олинади. Масалан «Башкирия», «Донецк», «Киевлянка», «Кафе Москва».

Бу уйларнинг кўпчилиги 40 йилдан бери капитал таъмирдан чиқарилгани йўқ. Масалан, 23 кварталда ҳар куни чироқ 3-4 марта ўчади. Негаки, кабель алмаштирилмаган. Лекин, шунга қарамай менинг омадим чопди. Бошқа шаҳарлардан квартира олиш учун келган кўплаб қурувчиларга аввалги Спутник, ҳозирги Сергелидаги бараклар ва “черепушка”лардан уй берилди.

Хрушевнинг бизнинг авлод коммунизмда яшайди ва ҳар бир оила уй билан таъминланади,деган орзуси рўёбга чиқмади. Лекин 1966 йилда кўпчиликнинг омади чопди. Мен ўшанда 24 ёшда эдим.

Расмий маълумот:

26 апрелдаги Тошкент зилзиласидан сўнг шаҳарда мингдан ортиқ чодир тикилди. 600дан ортиқ вақтли савдо шоҳобчалари ва кафелар ишга туширилди. 15 мингдан ортиқ оила ўз ихтиёри билан бошқа шаҳарларга ва бошқа республикаларга кўчирилди. Тошкентлик болалар СССРнинг 94 вилоятидаги пионер лагерларида дам олдилар. 1966 йил қишига келиб асосий вазифа бажарилди - 300 мингдан ортиқроқ одам уйли бўлди. Уч ярим йил мобайнида зилзила оқибатлари бартараф этилди. Тошкентда 1 млн. 200 минг кв. метр уй-жой қурилди. Унинг 1 млн. 100 минг кв. метри иттифоқдош республика қурувчилари ва ҳарбийлар томонидан қурилди. Жумладан, Россия Тошкентга 334, 8 минг кв. м., Москва 230 минг, Ленинград 100 минг, Украина 53 минг кв. метр уй-жой совға қилди.

Тошкентга ўша пайтда Югославия таркибига кирган Македония Республикаси ҳам кўмак кўрсатди. Бу мамлакат пойтахти Скопьеда ҳам 1963 йили тонг отарида 8 балли зилзила бўлиб ўтган эди. Кейинроқ Тошкент ва Скопье биродар шаҳарлар, деб эълон қилинди. Ҳатто ўша пайтда урф бўлган югослав сигаретлари, кийим-кечак билан савдо қилувчи “Скопье” дўкони ҳам очилди.

”ДЎСТЛИК ВА МЕҲР ПОЙТАХТИ”

“25 апрель куни кечқурун Москвадаги Ер физикаси институтининг Тошкент сейсмостанциясига янги аппаратура ўрнатиш учун келган инжинерлари вазифа бажарилгани тўғрисида менга ҳисобот беришди”, - деб ёзади seismos-u.ifz.ru сайтида ўз хотираларини эълон қилган Валентин Иванович Уломов. У 1966 йилда Тошкент сейсмик станцияси раҳбари бўлган. – “Ҳафта давомида улардан ишни тезлатишни талаб қилар, акс ҳолда нохуш вазият юзага келиши мумкинлигини айтардим. Шунинг учун ҳам улар эртага - 26 апрель куни учишга чоғланар экан, менга ваъда қилган зилзилангиз қани, деб ҳазиллашдилар. Мен эса ҳали вақт бор, деб жавоб бердим...”

Зилзиладан бир соат ўтгач, Уломовга кўра, унинг уйига машинада милиция майори кириб келган ва содир бўлган зилзила туфайли “қамоққа олинганини” эълон қилган. Лекин олимни қамоққа эмас, Ўзбекистон копмартияси МҚсига олиб борганлар. Бу ерда у Шароф Рашидов ва Москвадан учиб келган Леонид Брежнев, Николай Косигин билан учрашган.

“Ҳар иккала раҳбар Рашидов таклиф қилганидай столнинг тўрига эмас, менинг рўпарамга ўтиришни маъқул топдилар”, - деб хотирлайди Уломов. – “Брежнев менинг сўзимни биринчи бўлиб бўлди. У менга шаҳар картасидан ўтирган жойимиз зилзила марказига нисбатан қаерда жойлашганини кўрсатишимни илтимос қилди. Мен кўрсатдим. Шу орада пастда шовқин-шурон эшитилди. Брежнев бу ер қимирлаши эмасми, деб сўради? Мен йўқ, футбол ўйнашяпти, дедим. Шу кунга режалаштирилган Ўзбекистон ва Белорусия терма командалари ўйини бошқа кунга қолдирилмаган эди. Шунда у ҳазил аралаш “Шароф Рашидович, зилзила бўлмади сизларда, фақат гол уришяпти экан”, деди. Шу пайт 4 балли зилзила содир бўлди. Брежнев “Энди мен ҳам бир кўрпа олиб, қандайдир дарахтнинг тагида ухлайман шекилли”, деб ҳазиллашди... Ўшанда мен Брежнев кўп ҳолларда Косигиндан маслаҳат сўраётганини сездим. Косигиннинг қўллови билан Рашидовнинг Тошкентда метро қуриш таклифи инобатга олинди. Бундан ташқари Тошкентни тиклаш учун иттифоқдош республикалар қай даражада ёрдам бериши масаласи ҳам ҳал этилди. Тошкент учун яна бир ижобий ҳолат шу бўлдики, йиғилишда чолдевор маҳаллалар тугатилиб, замонавий уйлар қуриш масаласи ҳам тасдиқланди. Брежнев “доимий бўлиб қолиши мумкин бўлган муваққат бинолар” қуришни маъқулламади.

1966 йил апрелидаги зилзила гувоҳларининг кўпчилиги хом ғиштдан қурилган Баракхон, Кўкалдош каби қадимий мадрасалар, эски шаҳардаги пахса уйлар деярли зиён тортмаганига эътибор қаратишди. Айримлар, Тошкентнинг европалашган қисмидаги зилзиладан зиён тортган биноларнигина эмас. Рашидов қайта қуришни мўлжаллаган биноларни ҳам зилзиладан зиён тортган, деган баҳонада бузиб ташлашган, деган гапни айтадилар. Тошкентликлар Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари топқирлигига тан берадилар.

Ўша йиллар гувоҳлари, юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган 1948 йилги Ашхабод зилзиласи матбуотда деярли ёритилмаганини биладилар. Тошкентни қайта қуришни эса совет матбуоти ва маданияти жуда катта акцияга айлантирди. Шаҳар СССР халқларининг биродарлиги рамзига, “Ялла” ансамбли куйлаганидай, “Дўстлик ва меҳр пойтахти”га айланди.

Тошкентда 1933 йилда туғилган Валентин Иванович Уломов 1966 йил зилзиладан сўнг Ўзбекистон фанлар академияси қошида сейсмология интитути ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Бу институтда у 1985 йилгача директор ўринбосари лавозимида ишлади. Унинг зилзилани олдиндан башорат қилиш усули бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида, жумладан Ўзбекистонда ҳам қўлланилмоқда. Уломов 1990 йилда СССР Фанлар академияси таклифи билан Москвага келди ва 2004 йилгача Ер физикаси институти континетал сейсмик лабораториясига раҳбарлик қилди.

СИРЛИ ҲОДИСАЛАР

В. И. Уломов ва бошқа гувоҳларга кўра, 1966 йилги Тошкент зилзиласи турли сирли ҳодисалар гирдобида содир бўлган. Зилзиладан бир неча ой аввал ертўлага тушган уй эгалари ер остида мотор ёки шунга ўхшаган механизм ишлаганда чиқадиган овозларни эшитган. 25 апрель куни ярим тунгача ёмғир ёққан. Соат 5 дан 22 минут ўтганда ёриша бошлаган осмон фонида ер остидан нур пайдо бўлган. Нур аста-секин кенгайиб осмонга кўтарилган. Худди шу онда зилзила содир бўлган.

Айрим гувоҳлар зилзилага бир неча соат қолганда ўчирилган чироқлар ўз–ўзидан ёруғлик бера бошлагани, симлар учқунлаганини айтадилар.

- Мен бундай воқеаларни эслолмайман, - дейди ўша пайтларда кинотасвирчи бўлиб ишлаган менинг отам Анатолий Викторович Кудряшов. – Эрталаб менинг олдимга ҳайкалтарош дўстим келди. Унинг тугалланмаган иши парчаланиб кетган экан. У асарини қайта тикламоқчи бўлди, мен эса бу Тошкентни қайта тиклашга бағишланган фильмга яхши бошланиш бўларди, деб ўйланиб қолдим. Камерани олдиму, кўзимга кўринган нарсаларни тасвирга ола бошладим. Аввалига ҳамма хавотирда эди, жабрланганлар кўп бўлди, деган миш-мишлар бўлди. Бироқ, кейин ҳамма ташаббус билан янги шаҳар қуришга киришиб кетди.

AFTERSHOCK

Расмий маълумотларга кўра, Тошкент зилзиласида 8 одам нобуд бўлган, 150 одам турли жароҳатлар олган. Бироқ шаҳар “тез ёрдам”и шифокорлари зилзиладан кейин юрак хуружидан юзлаб қариялар нобуд бўлганини айтадилар.

Афтершоклар - Тошкент зилзиласи такрорланиши 1967 йил баҳори охирида кузатилди. Офат шаҳарни 10 йилга тарк этди. 1980 йили Тошкент ғарбидан 14 км. узоқликдаги Назарбек қишлоғида 8, 5 балли зилзила рўй берди. Зилзила маркази 12 км. ер остида эди.

Бу офат шаҳарга зиён келтирмади. Бироқ, зилзила марказига яқинроқ бўлган чилонзорликлар қаттиқ қўрқиб кетдилар. Уларнинг 1966-67 йилларда қурилган уйларида ёриқлар пайдо бўлди. 6 баллли кучга эга бўлган зилзилалар 1981 йилгача бот-бот такрорланиб турди. Ўшанда сейсмологлар бу ҳолатни Паркент қишлоғидан бошлаб, Чирчиқ дарёси ўзани бўйлаб Қозоғистон Минерал сувларигача бўлган ҳудудда тектоник кучланиш мавжудлиги ва орадан миллион йиллар ўтиб, бу ерда Тянь-Шань тоғларининг янги тизмаси пайдо бўлиши мумкинлиги билан изоҳладилар.

Ўшандан бери Тошкентда жиддий сейсмик воқеалар кузатилмади. 2006 йил 9 февралида зилзила такрорланади, қабилидаги шов-шувли миш-мишларни эса психологлар “юбилей эффекти”, деб баҳоладилар. Уларга кўра, 40 йил мобайнида Тошкент зилзиласини унутмаган одамлар 40 йилда бу офат такрорланади, деб ишонадилар.

ДАРВОҚЕ...

Тошкент зилзиласига 20 йил бўлган куни - 1986 йил 26 апрелида Чернобил АЭСи аварияга учради.

1937 йил 26 апрелида немис авиацияси Испаниянинг Герника шаҳрини бомбардимон қилиб, шаҳарни ер юзидан супуриб ташлади. Бомбардимон оқибатида 1600 аҳоли ҳалок бўлган.

Россия Фанлар академияси Геофизика хизмати маълумотига кўра, 2006 йил 26 апрелида дунёда фақат бир зилзила қайд этилган. Янги Гвинея яқинидаги одам яшамайдиган Янги Британия оролида 4,5 магнитудага эга бўлган зилзила бўлиб ўтган.