23:09 msk, 19 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Сиёсатшунос Иқбол Мирсаитов: “Ҳизб-ут Таҳрир” фаолиятига мафкуравий қаршилик кўрсатиш лозим”

27.04.2006 17:12 msk

Иқбол Мирсаитов

Совет Иттифоқи парчалангач, постсовет давлатлари ҳудудида диний тузилмаларнинг норасмий интеграцияси бошланди. Қирғизистонлик сиёсатшунос Иқбол Мирсаитовга кўра, бугунги кунда Марказий Осиёда ислом мобилизациясининг иккинчи босқичи бошланган. Бунга, биринчидан, минтақа мамлакатлари ҳуқуқ-тартибот тизимларининг норасмий диний ташкилотларга қарши кураши фаоллашгани, бошқа тарафдан эса, сўнгги воқеалар муносабати билан минтақанинг ижтимоий-иқтисодий келажаги номаълумлиги сабаб бўлмоқда.

* * *

Қирғизистонда кечган 2005 йилнинг 24 март воқеалари, жиноятчиликнинг бош кўтариши, Ўзбекистонда юз берган Андижон фожеаси, Қозоғистонда мухолифат лидерларининг ўлдирилиши оддий фуқароларни анча ташвишга солиб қўйди.

Бу омиллар норасмий диний ташкилотларнинг фаоллашуви учун қулай муҳит яратади. Бу гуруҳлар ичида “Ҳизб-ут Таҳрир” (бундан кейин ҲТ) партияси фаоллик кўрсатмоқда.

Айни пайтда ҲТ муаммоси Марказий Осиёда тобора аниқлашиб бормоқда. Масалан, 1996-2000 йилларда бу масала олимлар ва сиёсатчилар ўртасидаги мунозаралардагина кўтарилган бўлса, ҳозирги кунда ҲТ амалдаги ҳокимиятга мухолиф бўла оладиган реал сиёсий кучга айланиб бормоқда.

Бу бир қатор омиллар таҳлилида намоён бўлади:

- ҲТ Марказий Осиёда бир миллатдан иборат бўлган сиёсий-диний ташкилот эмас. Партия фаолларига кўра, айни пайтда уларнинг 10 минг аъзоси бор ва уларнинг 20 фоизини туб бўлмаган аҳоли: қирғизлар, татарлар, руслар, курдлар, чеченлар, месхети турклари ташкил этади. Партиянинг мустаҳкам асосини Фарғона водийси ўзбеклари ташкил этади. Булар Ўш, Қорасув, Жалолобод, Фарғона, Андижон, Наманган, Хўжанд, Исфара, Аравон, Боткен, Исфана шаҳарларида яшовчи аҳоли вакилларидир.

- ҲТ аъзолари асосан ёшлардир. 18-35 ёшгача бўлган ўрта, ўрта махсус, олий маълумотли одамлар партияда кўпчиликни ташкил этади.

- Яқин кунларгача сиёсатчилар ва айниқса ҳуқуқ ҳимоячилари орасида жамоатчилик эътибори ҲТга қанчалик кам қаратилса, партия обрўсизланади ва нуфузини йўқотади, деган тушунча мавжуд эди. Бироқ, шу кунларда ҲТ ОАВ, жумладан, интернет орқали ўз ғояларини тарқатишда давом этмоқда.

- ҲТ ғояларини тарқатиш турли услубларда олиб борилмоқда. Масалан, варақалар тарқатиш барча ҳудудларда олиб борилади. Бирон бир тумандаги ячейка ташкилотнинг бошқа тумандаги ячейкаси қилган ишлар бўйича ҳисобот варақаларини тарқатади. Масалан, Қозоғистондаги ҲТ аъзолари Ўзбекистондаги, Туркиядаги ҲТ фаолияти тўғрисида варақа тарқатадилар. Қирғизистонда рисолалар ва “дунёдаги ҲТ аъзолари” номидан халққа мурожаатлар тарқатилади.

- Кўпчилик ҲТ бўйича тадқиқотчиларнинг хатоси, ҲТ “дунё муслимонлари халифатини қуриш” йўлида “утопик ғояларга эга”. деб ўйлашидадир. ҲТ халифат қурилишига босқичма-босқич эришиши мумкин. Бунинг учун партия аъзолари “ўз манфаатлари геосиёсий майдонини” яратишлари мумкин. Масалан, ҲТни Қирғизистон алоҳида олинган давлат сифатида қизиқтирмайди. ҲТ ўз субъектини Марказий Осиёни бирлаштириш орқали амалга оширмоқчи. Бу ҳудудга Афғонистон ва Шарқий Туркистон (ХХР) ҳам киритилади

“Ҳизб-ут Таҳрир” фаолиятини таҳлил қилиш хулосалари қуйидагича:

1. Айни пайтда Фарғона водийсидаги ҲТ раҳбарияти Марказий Осиёдаги бошқа ячейкалар аъзолари сонини кўпйтириш мақсадида янги аъзоларни тайёрламоқда. Агар 2000 йиллар аввалида ҲТ аъзолари мамлакат ичкариси учун тайёрланган бўлса, айни пайтда фаоллар Тожикистон, Қозоғистон, Россия, ХХР учун тайёрланмоқда. Тайёргарлик даражаси анча юқори бўлиб, тузилмада четга чиқиши мўлжалланган вакиллар “мушрифлар”, деб аталади. Шу кунгача фақат “нақиблар” тайёрланган эди. ҲТ раҳбарларига кўра, “айни пайтда сифатли фаолият олиб борилмоқда”. Яъни фаоллар учун адабиётлар кўпайди ва талаблар ҳам кучайтирилди.

2. Қирғизистон парламентига сайловлар шуни кўрсатдики, ҲТ ўз номзодларини тўғридан-тўғри кўрсатмоқчи эмас. Бироқ ҲТ номзодларга бир қатор “хизматлар” эвазига ўз “овозларини” таклиф қилган. Айрим пайтларда номзодлар сайловда ютиб чиқсалар, бу шартларни бажаришга ваъда беришга мажбур бўлмоқдалар. Мамлакат президентлигига сайлов пайтида эса бошқачароқ бўлди. ҲТ фаоллари бу сайловда Турсунбой Бакир ўғлини қўллаб-қувватладилар. ҲТ раҳбарларига кўра, аъзоларнинг сайловдаги оммавий иштироки уларнинг сони кўпайганини кўрсатди. Улар Турсунбой Бакир ўғли ютқизган бўлса-да, ҲТ аъзоларининг сайловлардаги фаол иштирокини машқ, деб ҳисоблайдилар. ҲТ биринчи бора маҳаллий бошқарув раҳбарлари сайловида муваффақиятга эришди. Қирғизистон жанубидаги айрим қишлоқларда ҲТ аъзолари раҳбарлик лавозимига келдилар.

3. 2006 йил апрелида Қорасувдаги ҲТ раҳбарларидан бири Дилёр Жумабоев қўлга олинди. Дилёр Жумабоев Қорасув ИИБ томонидан электр энергияси учун 200 доллардан кўпроқ ҳақ тўламагани учун қамоққа олинди. Айни пайтда Дилёр Жумабоевга Қирғизистон жиноят Кодексининг 164-моддаси бўйича айблов қўйилган. У катта миқдордаги маблағни ўғирлаганликда айбланмоқда. Унинг сафдошларига кўра, айни пайтда аҳоли Дилёр Жумабоев ҳимояси учун мамнунлик билан имзо йиғмоқда. Чунки у доимо оддий фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган. Қорасувликлар уни ҳимоя қилишга тайёр.

Таҳлилдан хулоса шуки, аҳолининг ҲТга нисбатан ижобий муносабатини пайдо қилувчи махсус ижтимоий дастур ишлаб чиқилган. Бу дастурда гўёки “маҳаллий амалдорларнинг коррупция ва ноқонуний ҳаракатларига қарши кураш олиб борилади”. Бунга ҲТ фаолларининг электр энергияси истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққанлари, ёш оилаларга уй қурилишида кўмак кўрсатаётганлари, ҳайит кунлари аҳолини оммавий тарзда меҳмон қилишлари мисол бўла олади.

4. ҲТ жиддий таҳлилий марказларга эга. Марказларда энг сўнгги ахборотдан фойдаланилади. Масалан, Вашингтондаги Нильсон маркази “ҲТга қарши мафкуравий кураш” нашрини тайёрлади. Расман бу нашр минтақага келгани йўқ. ҲТ фаоллари эса, бу нашр билан аллақачон танишиб улгурганлар ва қаршилик кўрсатишга тайёрланмоқдалар. ҲТ раҳбарлари ва фаоллари давлат амалдорлари ва ҳуқуқ-тартибот ходимларига нисбатан кўпроқ ахборотга эга. ҲТ аъзоларига кўра, Ўш, Жалолобод, Ўзган, Қорасув (Қирғизистон), Хўжанд, Исфара (Тожикистон), Чимкент, Алмати (Қозоғистон)да ахборот-таҳлилий марказлари мавжуд.

5. Исломдаги бошқа оқимлар билан фикр келишмасликлар мавжудлигига қарамай, ҲТ уларни иймондаги биродарлар, деб тан олади. Масалан, ҲТ фаоллари Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига, “Байъат” гуруҳига кўмак кўрсатишлари мумкин.

6. ҲТ 2005 йил май воқеалари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан тайёрланганига ишонади. Улар оммавий зўравонликка салбий муносабат билдирадилар. Андижон воқеаларидан сал олдинроқ, Ўзбекистондаги ҲТ раҳбарлари қирғизистонлик “ҳамкасблари”га андижонликларга қўшилишни таклиф қилган. Лекин Қирғизистондаги ҲТ вакиллари бундан бош тортдилар. Айни пайтда ҲТ 2007 йили Ўзбекистонда ўтадиган президентлик сайловларига тайёргарлик кўрмоқда. ҲТ И. Каримовни умрбод президентлик лавозимида қолдириш чақириқларидан ташвишга тушиб қолди ва. Ғарб Каримовга ҳокимиятда қолиш имкониятини бермаслигига ишонади, Ғарб И. Каримовни 2007 йилда тахтдан туширишга бел боғлаган. Ислом Каримовга қарши чиқар экан, ҲТ демократик мухолифатдаги бирор шахсни лидер қаторида тан олмайди.

ҲТга қарши ҳукумат томонидан олиб бориладиган кураш чоралари

1. ҲТга қарши бир давлат миқёсида кураш олиб бориш самара бермайди. Марказий Осиёда олимлар, таҳлилчилар, ҳуқуқ-тартибот ходимлари, дин уламолари иштирокида таҳлилий марказ яратиш лозим.

2. ҲТни қонунчилик базасини мустаҳкамлаш орқали тугатиб бўлмайди. Бу ташкилот жазони ўташ жойларида ҳам кучли таъсирга эга. Қирғизистон қамоқхоналаридаги ҲТ аъзолари ҳар ҳафта энг сўнгги ахборот ва адабиётларни олиб туради. Маиший жиноятлари учун судланганлар тез орада радикаллар тарафдорларига ва ҳатто ҲТ аъзоларига айланади. Сиёсий репрессия ва таъқиблар вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Бу борада Ўзбекистоннинг аччиқ тажрибаси мавжуд. Бу ерда ҲТ давлат босими остида яширин фаолият юритишга ўтди ва янада қатъийлашди. Йил сайин Ўзбекистонда ҲТ аъзолари сони кўпаймоқда.

3. ҲТга қаршилик кўрсатиш учун бу ташкилот адабиётларини, стратегия ва тактикасини, ғояларини, услубларини чуқур ўрганиш зарур. ҲТ аъзолари дунёқараши ва психологиясини ўрганган ҳолда уларга қарши мафкуравий қаршилик кўрсатиш мумкин.

5. Потенциал ҲТ тарафдорларига таъсир кўрсатиш салоҳиятига эга бўлган Қирғизистон мусулмонлари диний бошқармасининг мавқеини кучайтириш ва исломий ўқув юртлари аҳамиятини ошириш лозим.

5. Марказий Осиё мамлакатлари ҳамкорлигида минтақада ҲТ фаолиятига қарши мафкуравий кураш усулларини ишлаб чиқиш зарур.

Иқбол Мирсаитов, сиёсатшунос (Бишкек)