16:59 msk, 20 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон махсус хизматлари ўз халқи хавфсизлигига кафолат беролмайди

27.04.2006 16:46 msk

Даурен Ахметбаев (Астана)

26 апрель куни Қозоғистон парламенти қуйи палатаси-мажлис депутатлари пленар йиғилишга Бош вазир Даниал Ахметов раҳбарлигида бир қатор вазирларни таклиф қилдилар. Бироқ улар бандликларини рўкач қилиб, депутатлар “меҳмондорчилиги”ни рад этдилар.

Қозоқ депутатлари Бош вазирнигина эмас, ташқи ишлар вазири Қосимжўмарт Тўқаев, миллий хавфсизлик хизмати раиси Амангелди Шабдарбаев, маданият ва ахборот вазири Ермухамет Ертисбаевни гапга солмоқчи эдилар.

Депутатлар Уалихан Калижанов ва Нурбахан Рустемовлар вазирларни парламентга чақириш таклифини киритар эканлар, махсус хизматлар мамлакат фуқаролари хавфсизлигини нақадар кафолатлай оладилар, деган саволга жавоб олмоқчи эдилар.

Ахметов, Тўқаев, Шабдарбаевлар қозоқ-ўзбек чегарасида яқинида содир бўлган воқеа муносабати билан парламентга чақирилган эдилар. Ўзбек чегарачилари қозоқ фуқаросини қўлга олиб, унга тан жароҳатлари етказган.

Депутат Уалихан Калижанов “Нега бизнинг чегарачилар тегишли чораларни кўрмай, бундай вазият юзага келишига имконият яратдилар?”, деган саволга жавоб олмоқчи эди.

Умуман олганда Астана учун миллий хавфсизлик масаласи бугунги кунда долзарб бўлиб турибди.

Қозоғистон жамоатчилигини миллий хавфсизлик хизмати “Аристон” бўлими ёрдамида сиёсатчи Алтинбек Сарсеннбаевнинг ўғирланиши ва ўлдирилиши қаттиқ ташвишга солди.

Шундан сўнг, мамлакат фуқаролари орасида доимо ҳалоллик, поклик, принципиаллик рамзи бўлган махсус хизматларга нисбатан шубҳа пайдо бўлди.

Бундан ташқари, яқинда махсус хизматлар обрўсини тўкадиган яна бир қатор далиллар пайдо бўлди. Қозоқ-Хитой чегарасида жиноий ширкатлар махсус хизматлар кўмагида ХХРдан Қозоғистонга контрабанда йўли билан турли хил маҳсулотларни олиб ўтиши фош бўлди. Атабинск жиноий гуруҳининг Хоргос (Алмати вилояти) божхона постидан келадиган даромади миллионлаб доллар билан ўлчанмоқда. Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) айбни божгирларга ағдарган бўлсада, жамоатчилик бу иш МХҚ таркибидаги чегара қўшинлари назоратисиз амалга ошган, деган фикрда.

Айни пайтда, ўтган якшанбада Алмати шаҳрида бўлиб ўтган воқеа ҳам шов-шувли бўлди. Президент қўриқчилик хизмати ўз ҳимоясидаги одамни, гўёки спиртли ичимлик ичиб олган ҳолда машина бошқараётган америкалик дипломат Ли Генри Ричард автомашинаси билан тўқнашувининг олдини олиб қололмади ва ёки буни истамади.

Вазиятнинг нақадар мураккаблигини президент Назарбоев ҳаммадан яхшироқ билади. У махсус хизматларнинг малакасизлигидан ҳафсаласи пир бўлган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, исталган одам томонидан суиқасд, деб баҳоланса бўладиган якшанбадаги воқеа анча пайтгача жамоатчиликка ошкор қилинмади.

Мажлис депутатларининг ташвишини тушунса бўлади. Вазирларнинг “банд”лиги ҳам тушунарли. Чунки уларнинг депутатлар берадиган саволларга жавоблари йўқ.

Депутатларнинг маданият ва ахборот вазири Ертисбаевни йиғилишга чақиришларида ҳам мантиқ бор. Вазир томонидан “Қозоғистон-1” телеканали раҳбарияти алмаштирилгач, телекомпаниянинг юздан ортиқ ходимлари ўз ихтиёрлари билан ишдан бўшадилар. Эфирдан ўттиз тўртта дастур олиб ташланди. Бундан ташқари вазир телеканални ҳукумат тасарруфидан чиқариб, хусусийлаштирмоқчи, деган миш-мишлар пайдо бўлди.

Депутат Нурбах Рустемов вазирнинг давлат оммавий ахборот воситаларини Евросиё саноат гуруҳлари ва “Казкоммерцбанк” томонидан молиялаштириш тўғрисидаги баёноти хавотирли эканини айтди:

- Давлатнинг стратегик ахборот ресурсларини молия-саноат гуруҳлари қўлига топшириш қандай оқибатларга сабаб бўлишини Ертисбаев тушунармикин?

Ўз-ўзидан бу ҳам миллий хавфсизлик масаласидир.

Мамлакат президенти Нурсултон Назарбоевнинг ҳарбийлар фаолиятига юқори баҳо берганига қарамай, Мудофаа вазирлигида ҳам аҳвол махсус хизматларда бўлганидай яхши эмас.

Экспертларга кўра, Қозоғистон Мудофаа вазирлиги командирлар таркибининг саксон фоизи олган маълумот уларнинг эгаллаган лавозимларига тўғри келмайди. Бир пайтнинг ўзида, ҳақиқатан ҳам малакали бўлган мутахассислар заҳирада қолиб кетмоқда. Маслан, айни пайтда авваллари округ қўмондони, Қозоғистон Қуролли кучлари бош штаби раҳбари ва мамлакат мудофаа вазири вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган генерал-лейтенант Бахитжан Ертаев шу кунларда полковник эгаллаши керак бўлган лавозимда ишламоқда.

Армия офицерлари буни Мудофаа вазири Мухтар Алтинбаевнинг генералга нисбатан шахсий хусумати билан изоҳлайдилар. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлиши мумкин. Чунки, 2000 йилда Бахитжан Ертаев ҳарбий самолётларнинг Шимолий Корея режимига сотилиши муносабати билан кўтарилган жанжалда барча айбни ўз зиммасига олган эди. У бошқаларни айбламади ва шунинг учун ҳам М. Алтинбаев вазир этиб тайинлангач, лавозими пасайтирилди.

Оддий қозоғистонликларнинг аксиламерикача кайфиятлари бугун авжига чиққан пайт. Америкалик дипломатнинг якшанба куни кўрсатган “каромати” натижаси мана шундай бўлди. Бироқ, таҳлилчилар бу вазиятни муҳокама қилар эканлар, Ли Генри Ричардга қўйилган барча даъволарни олиб ташлаб, уни мукофотлаш керак, деган фикрга келмоқдалар. Чунки, бу воқеа мамлакат раҳбариятига генералларнинг миллий хавфсизлик юқори даражада кафолатлангани тўғрисидаги баёнотлари нақадар ҳақиқатдан узоқ эканлигини кўрсатиб қўйди.

Бугун Қозоғистон махсус хизматлари ўн беш миллион аҳолигагина эмас, ҳатто президент Назарбоев хавфсизлигига ҳам кафолат бера олмайдилар.