20:49 msk, 16 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда дабдабали тўйлар ўтказилишига президент фармонлари ҳам, уламолар фатвоси ҳам тўсқинлик қила олмаяпти

26.04.2006 16:40 msk

Диёр Сўғдиев (Самарқанд)

Самарқандлик Х.нинг беш фарзанди бор: тўрт қиз ва энг кенжаси ўғил. Оила бошлиғи икки йил аввал юрак хуружидан вафот этган. Оила рўзғорини она, йигирма ёшдаги катта қиз Нигора ва ўн етти ёшдаги синглиси Ситора тебратади. Катта қиз қандолат цехида, кичиги эса кийим тикиш ательесида ишлайди. Оиланинг умумий даромади ойига 250 минг сўмдан (230 доллар атрофида) ошмайди.

Ҳамма нарсадан қисиб-қимтишга тўғри келади. Рўзғордан ташқари тўрт қизни турмушга бериш ташвишини ҳам унутмаслик керак. Катта қиз маҳаллий ўлчовларга биноан “ўтириб” қолган. Бир–икки йилдан сўнг қари қиз бўлиб қолади. Тўй қилиш эса жуда қимматга тушади. Шунинг учун ҳам Нигорага Россияда иш таклиф қилганларида, онаси юраги увишиб рози бўлди. Орадан бир ой ўтиб, опасининг ортидан Ситора ҳам кетди. Оғир меҳнат қилиб, ойига 300 доллардан иш ҳақи олаётган қизлар маошларининг асосий қисмини оналарига жўнатадилар. Онаси бу пулга қизларига сеп қилади...

ТЎЙ ҚИЛИШ УЧУН ЯШАШ

Одамлар билан гаплашар экансан, кўпчилик ўзбек оилалари фақат ўғиллари ёки қизларига дабдабали тўй қилиш учун яшаётгандек кўринади. Бола туғилиши билан сандиққа нима солиш ғами тушади. Қанча кўрпа-тўшак қилиниши, қизга қандай тақинчоқлар олиш, бўлғуси қайнонага нима бериш ҳисоб – китоб қилинади. Ахир ёш оила оёққа туриб олгунга қадар ўтадиган етти йиллик муддатга етадиган сарпо қилиб бериш керак.

Сепни бирданига қилиб беришга ҳамманинг ҳам қудрати етмайди. Бунинг устига барча ўзбек оилалари кўп фарзандли. Шунинг учун ҳам кўпчилик оилалар емай-ичмай узоқ йиллар мобайнида сеп тўплайдилар. Янги оила эса оилада чақалоқ туғилиши билан янги тўйга тайёргарликни бошлаб юборади. Айниқса қишлоқдаги оилалар учун бу катта муаммо: бу ерда ҳамма ҳамқишлоқларни тўйга айтиш одат бўлиб қолган, баъзан бошқа қишлоқлардан ҳам меҳмонлар чақирилади. Бу эса чиқимни янада кўпайтиради.

Совет Иттифоқи парчалангач, сепни узоқ йиллар мобайнида тўплаш керак бўлмай қолди. Чегаралар очилиб, Ўзбекистонга Сурия, Туркия, Араб Амирликлари, Хитой моллари кела бошлади. Деярли ҳар ойда янги мато чиқади ва замонавий келин бу янги матоларнинг ҳаммасига эга бўлиши лозим. Матоларга ишлаб чиқариш жараёни ёки ипига қараб эмас, мато чиққан пайтда қайси телесериал “шухрат чўққисида” бўлганига қараб ном қўйила бошланди: “Изаура”, “Эсмералда”, “Мадонна”, “Тропиканка”...

Газламалар тезликда эскира бошлади ва шунинг учун ҳам газлама тўпламасдан пул тўплаш урф бўлди. Яъни тўйдан сал аввалроқ энг сўнгги урфдаги ва энг қиммат кийим-кечак сотиб олинадиган бўлди. Лекин бу матоҳлар учун энг арзони олинганда ҳам бир неча миллион сўм пул кетади (бир миллион сўм минг АҚШ долларига тенг- таъкид муҳаррирники). Ўзбекистонда, норасмий маълумотларга кўра, ўртача ойлик 60 доллар эканини ҳисобга олсак, бу маош билан тирикчиликдан ошиниб, сеп қилишга одамлар қандай эришаётганига ақл бовар қилмайди. Ўз-ўзидан бу ҳолатда қарзга ботмай илож йўқ.

БОШ ОҒРИТИШГА ҲОЖАТ БОРМИ?

Бундан ташқари, Ўзбекистонда тўй бир кун давом этмайди. Тўй бир қатор урф-одатларни амалга оширишдан бошланади. Совчиларни меҳмон қилиш “ошхўрахон” дейилади, кейин “нон шакнон” (патир синдириш), фотиҳа тўйи, “сомса” (маҳзар еди), никоҳ тўйи, рёбинон (юз очди) ва кейин уч кун мобайнида “талбон” (келин тараф ўтказадиган тўй) бўлади.

Энг кичкина тўй тадбирларида камида ўн киши иштирок этиши лозим. Ҳар ҳолда Самарқандда мана шу урф бўлган. Ҳар бир тўй босқичи келин ва куёв тарафида меҳмондорчилик билан якунланиши лозим. Меҳмондорчиликда гўштдан тайёрланган уч хил иссиқ таом берилиш шарт. Тўйнинг эртасига эса тўй қилган хонадон қарз ботқоғига ботган ҳолда уйғонади.

- Одатларимиз шундай бўлган ва шундай бўлиб қолиши шарт, - дейди самарқандлик

эллик ёшдаги Комил Ахматов. – Ота-боболаримиз урфини қилишиимиз керак. Тўй-одам ҳаётидаги муҳим тантанадир. Бир марта яшаймиз! Тўй ҳамма учун ҳақиқий байрам бўлиши лозим. Тўй бўлмаса шунча одамнинг бошини бир ерга қовуштира олмайсан. Кўпчилик тўйларда бир-бири билан танишади. Тўғри, тўй катта харажат талаб қилади, лекин оила мустаҳкам бўлади. Агар тўй қилиш осн бўлганда эркаклар ҳар йили уйланган бўларди (кулади). Атрофингда қўшнилар дабда билан тўй қилаётгандан кейин улардан қолгинг келмас экан. Кейин болаларинг ҳам кечирмайди, бу қандай ота-онаки, битта тўйимни эплаб ўтказиб беришолмаса, деб...

Йигирма ёшдаги Гулзора Д.нинг тўйи ҳам дабдаба билан ўтди. Қимматбаҳо сеп, лимузин, ресторанда дабдабали ўтириш, хорижга саёҳат... Бироқ...

- Эрим онасининг эрка ўғли экан, - дейди Гулзора, - қайнонам бизни ажратишга ҳаракат қилди. Энг ачинарлиси шундаки, ота-онам тўйимизни ўтказиш учун тўрт хонали квартирани сотиб, икки хонали квартирага кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Бундан ташқари қарзга ботдилар. Биз эса бир йилдан кейин ажрашиб кетдик. Мен қизим билан ота-онамникига қайтдим. Ҳозир икки хонали квартирада ота-онам, бувам, укам ва мен билан қизим яшамоқда. Эрим барча совға-саломларни қайтариб беришни талаб қилди. Қайнонам эса ажрашгунимизча сандиғимдаги барча матоларни ўз сандиғига ташиб, қизига сеп қилишга улгурди.

Турмуш қуришда янглишганини ҳис қилган кўп оилалар эса ўзларини бахтиёр кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Бунга бирга қарз ботқоғидан қутулиш ва иккинчи марта тўй қила олишларига қудрати етмасликларидан чўчиш ундайди. Балки, К. Аҳматов айтганидай, дабдабали тўй оилани мустаҳкамлашида ҳақиқат бордир. Лекин бундай фикр анча эриш эканлигини ҳаёт кўрсатмоқда: оилалар бузилмоқда, ажралишлар сони ортмоқда.

ДАБДАБА ЎТМИШДА ҚОЛИШИ КЕРАК

Қизиғи шундаки, Ўзбекистонда дабдабали тўйлар сони постсовет жамиятидаги “ўтиш даври” қийинчиликларига қарамай кўпайди. Балки, бу одамларнинг ўз мустақиллигини кўрсатиш ва қийинчиликларни енга олиш салоҳиятини кўрсатиш истагидир. Балки, одамлар турмуш даражасининг пастлиги сабабли бугунги тўйлар дабдабали кўринаётгандир. Дабдабали тўйлар ижтимоий нотенгликни таъкидлаб, аҳолининг асосий қисми ҳаётини янада қийинлаштирмоқда.

Ясама дабдабага интилиш ўзбекистонликларнинг асосий қисмини ихтиёрий қашшоқликка етакламоқда. Одамлар тўй қилиш учун узоқ йиллар қозонини тўнкариб қўйишга тайёр.

Бундай тўйлар шу қадар оммавийлашиб кетдики, олий мақом чоралар кўришга тўғри келди. 1998 йил 28 октябрида дабдабали тўйларни тўхтатиш тўғрисидаги президент Фармони имзоланди. Фармонда, жумладан, шундай дейилади: “мамлакатимизнинг турли жойларида ўзини кўрсатиш учун дабдабали тўйлар, маросимлар ўтказилмоқда. Давлат хизматидаги айрим раҳбарларнинг хизмат мавқеини суистеъмол қилиши, халқдан ажралиб қолиши оқибатида ўтаётган бундай тадбирлар жой-жойлардаги соғлом муҳитга путур етказмоқда, маҳаллалардаги оддий одамларнинг ғурурига тегмоқда, уларнинг адолатга, давлат ҳокимиятига бўлган ишончини сўндирмоқда. Тўй ва маросимларнинг бу каби носоғлом тарзда кимўзарга ўтказилиши бундай тадбирларни ўтказиш қудратига эга бўлмаган ҳалол одамларни оғир аҳволга солиб қўймоқда. Энг ачинарлиси шундаки, бундай дабдабали маросимлар ёш авлод тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, кенг жамоатчилик орасида норозилик пайдо қилмоқда”.

“Маҳалла” жамғармасига, аёллар қўмитасига ва прокуратурага бу муаммо билан шуғулланиш топширилди. Улар бу топшириқни қандай муваффақият билан бажарганларини бир факт билан изоҳласа бўлади: орадан тўрт йил ўтиб, президент Каримов яна бир бор бу муаммони кўтариб чиқишга мажбур бўлди. 2002 йил 5 декабрида Ўзбекистон Конституциясининг 10 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқининг асосий қисмини президент мана шу мавзуга бағишлади. Ислом Каримов яна бир карра “бу каби дабдабалар одамлар учун оғир юк бўлаётир. Агар биз тўйга кетган маблағнинг бир қисмини ёшларнинг керакли харажатларига, рўзғор ташвишларини енгиллаштиришга, соғлиғимизга, фарзандаларга маълумот беришга, бир сўз билан айтадиган бўлсак, замонавий ҳаёт тарзи мақсадларига сарфлайдиган бўлсак, бу энг рационал ва яхши иш бўлар эди”, деб таъкидлади.

Бу адолатли қайдларни тушуниб, ҳаётга тадбиқ этиш осон эмас экан. Анъанага айланган одатларни сиқиб чиқариш жуда қийин бўлмоқда.

- Аввал катталар бошлаб берсин бу ишни, - дейди пенсионер Марям Субҳонқулова. - Агар раҳбарлар, амалдорлар тўйларини сал камтарроқ ўтказишга халқ ҳам тинчланади. Оддий одамлар тўйларини камтарона ўтказишдан уялмай қўядилар. Амалда нима бўляпти? Мен ҳали амалдорлардан бирортаси президент чақириғини қўллаб, дабдабасиз тўй ўтказганини кўрганим йўқ. Мен ишонаман, агар шундай бўлганда бу тўғрида ҳамма гапирган бўларди. Айримлар, майли, бойлар катта тўй қилаверсин, бундан камбағалларга ҳам у-бу нарса тегиб қолади, дейдилар. Лекин мен бу фикр нотўғри, дейман. Негаки, бой бойга боқар, сув сойга оқар.

- Биз маҳалламизда тушунтириш ишларини олиб бордик, - дейди “Сўғдиёна” маҳалла қўмитаси раиси Самад Қурбонов. - Одамларни тўйларни камтарона ўтказишга даъват қилдик. Агар бойлар пулини қўйгани жой тополмаётган бўлса, ёшларга мебель, квартира олиб берсин ёки меҳр-мурувват билан шуғуллансин, дедик. Биз маҳалладошларимизни президент Фармони ва уни қўллаган уламолар фатвоси билан ҳам таништирдик. Одамлар тўйларни камтарона ўтказиш кераклигига қўшиладилар. Лекин конкрет бир одамга келиб тақалганда, бу одам яна дабдабали тўй режасини туза бошлайди. Лекин кейинги пайтларда тўй харажатлари анча қисқарди. Масалан, бугунги кунда никоҳ, базм, ребинон ва талбон бирлаштирилиб, бир кунда ўтказиладиган бўлди. Бундан анча маблағни тежаб қолиш мумкин.Одамилар бундай тўйларга кўника бошладилар.

Бундай тўйлар тобора оммалашиб бормоқда. Албатта,бу жараён секинлик билан амалга ошмоқда. Шунинг учун ҳам Нигора ва Ситоралар ватанларига қайтганларида вазият кескин ўзгаради, дейишга ҳали эрта. Лекин одамлар онгида бундай ижобий ўзгаришлар аста секинлик билан бўлаётганининг ўзи ҳам таҳсинга сазовор.