11:39 msk, 25 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

“Независимая газета” : Гулнора Каримова мамлакатдаги ҳукуматга паралел тизимни яратди

20.06.2005 11:22 msk

Независимая газета, Валерий Калабугин

Москвада нашр этиладиган «Независимая газета” Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова бизнес – салтанати, жумладан “Зеромакс” нефть компаниясига оид қизиқарли бир мақолани чоп этди. “Каримовнинг қизи, - деб ёзади мақола муаллифи, - Ўзбекистонда ўз бошқарув тизимини яратди ва ҳар доим ҳам отаси билан маслаҳатлашмайди”.

* * *

Москва ва Тошкент барқарорликдан манфаатдор

Валерий Калабугин

Независимая газета, N120, 17.06.2005, 9 –б.

Россия – Ўзбекистон алоқалари кун тартибида нефть, газ, радикал ислом ва ўзаро ишонч масаласи турибди

Андижондаги вазият ташқаридан қараганда барқарорлашгандай туюлсада, Фарғона водийсидагина эмас, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам исёнларнинг такрорланиш хавфи мавжуд. Исённинг бир ўчоғи сўндирилди, лекин тузумга қарши чиқишларга аҳолининг 50 фоиздан кўпроғи иштирок этишига сабаб бўлган асосий омил ҳал этилмади.

Лекин воқеалар ривожини башорат қилишдан олдин баъзи бир саволларга жавоб топиш зарур. Ва асосий савол – ҳокимият масаласидир. Ўзбекистонни ким бошқармоқда? Ҳақиқатан Ислом Каримовми ёки Каримовлар оиласи аъзоларидан бирими?

Андижондаги ва Фарғона водийсининг бошқа вилоятларидаги беқарор вазиятга қарамай, Ўзбекистонда газ ўйинлари бошланди. “Интерфакс” хабарига кўра, “Газпром” хеч нарсага қарамай Ўзбекистон нефть ва газ конларини ўзлаштиришда давом этмоқда.

Ахборот манбасига кўра, “Газпром” вазият мураккаб бўлиб турган бир шароитда Шўратон газкимё комплексини хом ашё билан таъминлаш учун Шўратон газ конини ишга туширишни тезлаштирмоқчи. Бундан ташқари «конларни капитал таъмирдан чиқариш юзасидан қўшма лойиҳа ҳам анча фойда келтириши” кутилмоқда.

Айрим хабарларга кўра, Россия монополисти Марказий Осиёнинг бу давлатида анча тўсиқларга учрамоқда. Ўзбекистонда ҳали ҳам Россия билан энергетика тармоғида ҳамкорлик қилинишига тўсқинлик қилувчи нуфузли кучлар бор. “Газпром» бу ўйинда Каримов атрофидагиларнинг очиқдан – очиқ коррупцион сиёсати туфайли ютқазмоқда. "Energy Intelligence Group" халқаро ноширлик гуруҳининг билдиришича, Россия газчилари Ўзбекистон ҳукумати улардан айрим конларни ўзлаштириш ҳуқуқини берувчи лицензияларни тортиб олиши ва Ўзбекистон президенти қизи Гулнора Каримованинг бизнес – салтанати таркибига ўтказиб бериши эҳтимоли мавжудлигидан ташвишланмоқдалар.

Гап, EIG таъкидлаганидай, Гулнора Каримова назоратида бўлган “Зеромакс” компанияси ҳақида кетаётган бўлиши мумкин. Бу эса Россияни қониқтирмайди ва Ўзбекистон ҳамда Россия президентлари томонидан имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартномаларнинг тўхтатиб қўйилишига сабаб бўлади.

Бундай вазият Ислом Каримов томонидан назоратнинг сустлашгани ёки катта қизи Гулноранинг ҳаракатларни қўллаб –қувватлаётгани натижаси бўлиши мумкин.

Марказий Осиёдаги авторитар тузум соҳибига нисбатан бундай гумон қилиш ахмоқлик бўлиб туюлиши мумкин, бироқ... Охирги икки йил мобайнида президентнинг катта қизи Гулнора сиёсий доираларда республикадаги иккинчи шахс сифатида қабул қилинмоқда. “Малика”нинг ўзи эса амалдаги президентнинг ягона меросхўри сифатида ҳаракат қилмоқда.

Москвалик экспертлар, кўпчилик фарзандлар каби, Гулнора ҳам ўз фаолиятида доимо отаси билан келишавермаслигини айтмоқдалар ва бунинг натижасида у мамлакатдаги ҳукуматга параллел бошқарув тизимини яратди. Айтишларича, Гулнора нафақат вазирларга, балки мамлакадаги таниқли сиёсий арбобларга ҳам тўғридан – тўғри буйруқ бера олади.

Мана шундай шароитда “муросасиз йиртқич” (Гулнорани Ўзбекистон бизнес жамиятида шундай аташади) ўз бизнес салтанатини ҳеч қандай тўсиқларсиз кенгайтириш имкониятига эга бўлмоқда. “Время новостей» газетасининг ёзишича, Гулнора Каримованинг “рақобатчилари ўзбек ледисининг босимига дош беролмай мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқдалар”.

“Зеромакс” компаниясининг манфаатлар географияси кенгайиб бораётгани ҳам бежиз эмас. Кейинги йилларда у “Ўзбекнефтегаз”нинг тендерларида “кутилмаган”да ғолиб чиқа бошлади.

Лекин шунга қарамай, мамлакатда Гулнора Каримова истагани каби барқарорлик йўқ. Минтақада инқилобий руҳ кезиб юрибди ва унинг навбатдаги қурбони Ўзбекистон бўлиши мумкин. Бу мамлакатда Ислом омили жуда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам бу мамлакатдаги инқилоб исломчиларнинг дунёвий давлатга бўлган қаршилиги тарзида намоён бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Андижон воқеалари бу фикрларни исботлади. «Яшил инқилоб” Тошкентга ҳам, Москвага ҳам керак эмас.

Бироқ, президент қизининг хатти – ҳаракатлари вазиятни янада радикаллаштириши мумкин. Кузатувчилар Андижондаги воқеаларга ижтимоий ёки исломий омиллар сабаб бўлмаганини айтмоқдалар. Андижондаги оммавий исён акромийликда айбланиб суд қилинаётган 23 тадбиркор туфайли келиб чиққан, деган фараз бор. Аслида, улар 60-йилларгача Ўзбекистон раҳбарияти таркибий қисми бўлган «Фарғона клани” аъзоларидир. Охирги йилларда бу клан мамлакат иқтисодида «рейтинг”га эга бўла борди ва Гулноранинг эътиборига тушди. Гулнора томонидан отаси билан маслаҳатлашилмай уларнинг бизнесини тортиб олиш борасида бошланган ҳаракатлар аҳолининг сабр косасини тўлдирди. 23 маҳаллий тадбиркор ўз мамлакатига қарши исломий ҳаракат аъзоси сифатида қамоққа олингани етмагандай, уларнинг мол – мулклари Гулнора салтанати фойдасига мусодара этилди. Президентнинг қизига натижа керак эди холос, лекин махсус хизматлар 50-йиллар тажрибасини эсда тутишлари лозим эди. Ўшанда Жануби –Шарқий Осиё ва бошқа араб давлатларида сиёсий рақобатчиларни турли диний гуруҳларга мансубликда айблаб ҳокимиятдан четлатиш русм бўлганди. Бу режимларнинг хатолари такрорланмаслиги лозим эди. Давр кўрсатдики, “исломий ёрлиқларни ёпиштириш” исломий ҳаракатларнинг тараққий топишига сабаб бўлади, айниқса, бунинг учун сиёсий сабаб етарли бўлган ҳудудда.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг бир – биридан фарқли томонларини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Қозоғистон бизнесда очиқ сиёсат юритмоқда, ғарб сармоялари кириб келиши учун муҳит яратмоқда. Бу мамлакатда Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, сармоялар ҳимояси кафолатланган ва ўзгалар мулкини ўзлаштириб олинишига доир жанжалли воқеалар содир бўлмаган. Ҳатто, Ўзбекистондан кўра анча ёпиқ жамият бўлган Туркманистонда ҳам хориж сармоялари ҳимояси кафолатланган.

Кўриниб турибдики, Ўрта Осиё мамлакатлари орасида Ўзбекистонда сармоялар кафолатланмаган. Шунинг учун ҳам, EIG маълумотларига кўра, нефть ва газ тармоғи Ўзбекистонда қўшни давлатлар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонга нисбатан ўта паст даражада ривожланмоқда.

Ижтимоий беқарорлик Ўзбекистонда яқиндагина «қашшоқлар исёни”ни бошидан кечирган Қирғизистонга нисбатан ҳам кучлироқ. Айрим кузатувчиларга кўра, Гулноранинг айни пайтдаги ҳаракатлари ҳали пайдо бўлмаган исломий исён учун омилларни яратиб бера бошлади.

Аслида, вазиятни ўзгартириш ва ўзбек тадбиркорлари ҳамда аҳолини тинчлантириш унча қийин вазифа эмас. Бунинг учун президент Гулнора ва унинг назоратидаги “Зеромакс” иштаҳасини бир оз чеклаб қўйса бас. Шунингдек, “Газпром” билан имзоланган шартномалар бажарилиши лозим. Бу мамлакатга сармоя ва реал маблағларнинг кириб келишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон ўртасида барча соҳаларда ўзаро ишонч зарур. Бу эса икки мамлакат президентлари ўртасида имзоланган шарномаларнинг бажарилиши учун керакли имкониятларни яратишни талаб қилади. Россия бу борада ҳаракат қилмоқда. Энди навбат Ўзбекистонга.



 

Реклама