23:21 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистон телерадиокорпорациясида раҳбарият алмашинуви: давлат “сўфийлик телевидениеси”нинг тугатилиши

25.04.2006 22:54 msk

Ринат Сайдуллин (Алма-Ата)

Қозоғистон президентининг катта қизи, мамлакатдаги энг йирик медиа-холдинг раҳбари Дариға Назарбоева томонидан ташкил этилган бешинчи Евросиё медиа форуми турли хил жанжалли шов-шувлар ва фавқулодда ҳолатлар фонида ўтди. Бу форум очилишига мамлакат президенти биринчи марта ташриф буюрмади. Бунга, кўпчилик фикрича, мухолифатдаги сиёсатчи Алтинбек Сарсенбаевнинг ўлдирилиши муносабати билан оилада юзага келган буҳрон сабаб бўлган. Бундан ташқари МХҚ форум ўтаётган кунлари яна бир шов-шувли баёнот берди: Алматида “МХҚ ва ИИВ биноларини, одамлар кўп тўпланадиган жойларни ҳамда ҳаётни таъминлаш объектларини портлатишни режалаштирган” террорчи гуруҳ фош этилди. Учинчи воқеа эса “Қозоғистон” миллий телерадиокорпорацияси раҳбариятининг алмаштирилиши бўлди.

Бу воқеаларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида қўққисдан содир бўлгани шубҳалидир. Агар террорчилик тармоғининг фош этилиши билан МХҚ ўз ходимларининг сиёсий қотилликдаги иштирокидан сўнг тушган обрўсини тиклашга ҳаракат қилгани билан баҳолаш мумкин бўлса, давлат ҳиссадорлик жамияти бўлган телерадиокорпорация раҳбарияти алмашинуви борасида бир қатор тахминлар мавжуд. Улардан бири махсус хизматларнинг шов-шувли баёноти билан боғлиқ.

Яқинда лавозимга тайинланган маданият ва ахборот вазири Ермухамбет Ертисбаев мана бундай баёнот берди: “(“Қозоғистон” телерадиокорпорацияси) акцияларининг 100 фоизи меники, яъни, давлат манфаатларини ҳимоя қилувчи вазирга тегишлидир. (...) оддий ротация амалга оширилди, биз директорлар кенгашини алмаштирдик ва телеканалнинг янги президентини таништирдик”. Бироқ, “Қозоғистон” канали ходимлари бундай баёнотни қабул қилмадилар. Улар раҳбариятни алмаштириш ва янги директорнинг тайинланиши фақат ҳиссадорлар йиғилишида ҳал қилиниши керак, деб ҳисоблайдилар. Бир ярим минг киши ишлайдиган бу кўҳна телерадиокорпорация ходимлари уч кун мобайнида норозилик билдириб, эфирга кўрсатувлар узатилмаслигини маълум қилдилар. Якшанба куни эса “Қозоғистон” республика телерадиокорпорацияси ҳиссадорлик жамиятининг 120 ходими ўз ихтиёри билан ишдан бўшагани маълум бўлди.

Телерадиокорпорация раҳбариятининг форум ўтаётган кунларда алмаштирилишига нима сабаб бўлди?

Сўнгги тўрт йил мобайнида, миш-мишларга кўра, Дариға Назарбоеванинг турмуш ўртоғи, МХҚ раҳбарининг собиқ ўринбосари Рахат Алиев назоратида бўлган Kompromat.kz интернет сайтида Қозоғистонда давлат тўнтариши содир этишга тайёргарлик кўрилаётгани ва бунга “исломнинг сўфийлик тариқатида бўлганлар” раҳбарлик қилаётганликлари тўғрисида мунтазам тарзда мақолалар чиқа бошлади. Мақолаларда таниқли шахсларнинг исмлари ва турли тафсилотлар келтириларди. Бу эса мақола муаллифи (муаллифлари)нинг огоҳлигидан далолат эди.

Бу мақолаларнинг икки асосий қаҳрамони: Алмати мэри ўринбосари Галим Бокаш ва “Қозоғистон” каналининг ҳозирда собиқ раҳбари Галим Доскен эдилар. Шунингдек, қора рўйхатга Алмати мэри И. Тасмаганбетовнинг номи ҳам киритилган эди. Муаллифларга кўра, “у ўз ўринбосари таъсири остида радикал сўфийлар тўрига илиниб қолган”. Айтиб ўтиш жоизки, “Қозоғистон - 1” телеканали ҳақиқатан ҳам сўфийлик мавзусига катта эътибор қаратар эди. Бу эса дунёвий давлат телеканали учун анча шубҳалидир. Имангали Тасмаганбетовнинг ўринбосари Галим Бокаш эса “Иймон. Билим ҳаётдир” жамиятини ҳам рўйхатдан ўтказган. Бу ташкилот мақсади Яссавия тариқатидаги сўфизмни тарғибот қилиш бўлган.

Шу муносабат билан раҳбарият алмашинувига доир икки хил тахмин бор: радикал сўфизмнинг назоратсиз тарқалишига нуқта қўйиш, иккинчи мақсад қўлга киритилган диний-сиёсий картадан фойдаланиб, шаҳар ҳокимига “ҳужум” қилиш.

”Қозоғистон” канали ходимлари ўтказган матбуот анжуманида журналистларнинг бу ҳақдаги саволларига “Бизда виждон эркинлиги бор” қабилида ноаниқ жавоб берилди.

Ўтган йили прокуратура “Иймон. Билим ҳаётдир” жамиятини экстремистик ташкилотларга қарши кураш тўғрисидаги қонунга асосан ёпишга ҳаракат қилган, аммо узоқ давом этган бу уриниш самарасиз якунланган эди. 2005 йилда жанубий пойтахтнинг нуфузли туманларидан биридаги кошонада яширин ҳаракат олиб бораётган сўфийлик ташкилоти фош этилган. Бу жамоа юқори лавозимдаги оила фарзандларини гиёҳвандликдан даволаш билан шуғулланар эди. Даволаш усуллари шу қадар ноанъанавий эдики, “даволанувчилардан” бири бу ердан қочиб кетган ва ўзини ўзи ўлдирган. Катта жанжал қўтарилиб, қамоқхонани эслатувчи “касалхона”дан бошқа беморлар озод қилинган ва ОАВларда сўфийликка қарши чиқишлар бўлганди. Жиноят иши ҳам очилган. Лекин Қозоғистон раҳбариятининг радикал диний ва сиёсий ҳаракатларга нисбатан қаттиққўл сиёсат олиб бораётганига қарамай, жавобгарликка ҳеч ким тортилгани йўқ. Жамоа аввалги жойида фаолиятини давом этдирмоқда. Бу эса сўфийларнинг ҳукуматда кучли тарафдорлари борлигидан далолатдир.

МХҚ позицияси ҳам эътиборга молик. Аввалари “ғалабалар” тўғрисида ҳисоб берар экан, бу ташкилот “уйғур террорчилари”, “Қозоғистон мужоҳидлар жамоаси”, Ал-Қоида филали (!), “Ҳизб-ут-Таҳрир” каби аниқ атамаларни айтарди. Биринчи марта бу ташкилот қўлга олинганлар аслида кимлар эканини маълум қилмади. Агар қўлга олинганларнинг сўфийларга алоқаси борлиги айтилса, “сўфизм дарғаси”га айланган давлат телеканали раҳбарларининг алмаштирилиши мантиқ касб этади. Бу тўғрида гапиришга ҳали эртароқ.