08:21 msk, 23 Июнь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Наманган: хорижий автомобиллар билан савдо қилувчилар бож тўловлари масаласида қийналмоқдалар

21.04.2006 15:14 msk

Ўз ахборотимиз

Кейинги кунларда Наманган вилоят божхонаси биноси олдида норози кайфиятдаги одамларни кузатиш мумкин эди. Божхона бошқармаси олдида Болтиқбўйи мамлакатларидан Ўзбекистонга эски “Форд” микроавтобуслари ва “Форд Опель” юк ташувчи пикапларини олиб келиб сотувчи савдогарлар йиғилиш ўтказдилар. Бу машиналар Фарғона водийси аҳолиси орасида тезда оммалашиб кетди.

Бироқ, бир неча кун олдин божгирлар ҳеч қандай тушунтиришларсиз хориж машиналарига бож тўловларини расмийлаштиришни тўхтатиб қўйдилар. Бундан ташвишга тушган автомобил эгалари бож бошқармаси олдида йиғилдилар, аммо бундан натижа чиқмади.

Ташвишга асос бор. Микроавтобуслар шу кунгача божхона терминалида сақланмоқда. Сақланаётган ҳар бир кун учун автомашина эгаларидан 1800 дан 5000 сўмгача (1, 5 - 5 доллар) ҳақ олинади. Авваллари машиналар терминалда 2-3 кундан ортиқ сақланмас эди.

Ҳайдовчилар ва таксичилар орасида турли тахминлар айтилмоқда. Баъзиларга кўра, вазирлар маҳкамаси йиғилишида президент И. А. Каримов мана бундай деганмиш:

“Мен Ўзбекистонда автомобиллар фақат Асакада ишлаб чиқарилишини билардим. Бироқ, Наманганда “Форд” автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилибди”.

Ҳақиқатан ҳам “Форд” автомобилларини Ўзбекистонга Наманган вилоятидаги тадбиркорлар, асосан чустликлар олиб келади. Аввалги йиллари тадбиркорлар йўл ҳақини чиқариш мақсадида автомобиль салонларига Германиядаги ахлатхоналарда сараланиб, Болтиқбўйида сотиладиган эски телевизорлар, оргтехника, эски, лекин сифатли велосипедлар, ўйинчоқларни босиб келардилар. Бу нарсаларни Ўзбекистонда яхшигина пуллаш мумкин эди.

Лекин тадбиркорлар буларнинг ҳаммаси янги маҳсулот олдида сариқ чақа эканини англаб етдилар. Улар микроавтобуслар салонига “Форд” машиналарини юклаб кела бошладилар. Бунинг учун микроавтобуснинг том қисми кесиб ташланса кифоя қиларди. Енгил машина микроавтобус салонига сиғади. Шундай қилиб, микроавтобуслар ва “Форд” машиналари Фарғона водийси аҳолиси ўртасида ўзининг қулайлиги ва ўзгартириш мумкинлиги билан оммалашиб кетди.

Автомобилчиларнинг айтишларича, бошқа шаҳарларда бож тўловларини тўлашда муаммо йўқ. Андижон ва Қўқонда ҳамма иш хамирдан қил суғургандек битмоқда.

Президент қизларидан бири Россияда “Газель” автомобиллари партиясини сотиб олгани ва энди рақобатчиларидан қутулмоқчи бўлаётгани тўғрисида ҳам миш - мишлар юрибди. Бироқ, бу каби ахборотларни тасдиқлаш ёки рад этиш имконияти ҳозирча йўқ.

Наманганлик “Дамас” микроавтобуслари ҳайдовчилари “Фарғона.Ру” мухбирига биринчи июлдан бошлаб уларнинг барчасини бир автокорхонага бирлаштиришларини, муайян ҳақ эвазига машиналарига давлат рақам белгиси берилишини айтдилар. Ҳар бир ҳайдовчи кунлик топганларини автокорхона кассасига тўлайди ва ойлик маош билан таъминланади. Бироқ, ҳамма харажатларни ҳайдовчиларнинг ўзлари қиладилар.

Нима бўлганда ҳам йўловчилар бундан зарар топмайди, деган умиддамиз. Негаки, ўтган йили шаҳар учун сотиб олинган “Отайўл”, “ПАЗ” автобуслари ишдан чиқиб қолмоқда. Лекин энди бу бошқа мақола учун мавзу.



 

Реклама