23:19 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Президент Назарбоев куёв боласи аризаси бўйича ўтаётган судда гувоҳларнинг кўрсатмаси сиёсий шов-шувларга сабаб бўлиши мумкин

21.04.2006 15:10 msk

Андрей Гришин (Алма-Ата)

17 апрель куни Қозоғистон Ташқи Ишлар вазири биринчи ўринбосари Рахат Алиев даъвоси бўйича миллий хавфсизлик хизмати собиқ полковниги Арат Нарманбетов устидан ўтаётган маҳкама жараёни сиёсий шов-шувларга сабаб бўлиши кутилмоқда.

Рўйхатга олинмаган “Ҳақиқий Акжўл” партияси ҳамраиси, таниқли мухолифат арбоби Алтинбек Сарсенбаев жорий йил феврал ойида қотиллик қурбони бўлгач, Нарманбетов икк марта интервью берди. Собиқ МХҚ полковниги президентнинг куёв боласи, миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раис ўринбосарини бу қотиллик иштирокчиси сифатида айблади. Ҳар иккала интервью мухолифат интернет сайтларида пайдо бўлди, кейин эса бу суҳбатларни газеталар кўчириб босдилар. Рахат Алиев шундан сўнг судга ариза берди ва А. Нарманбетовни туҳмат қилганликда айблаб, уни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилди.

Сарсенбаевнинг ўлими бошқа бир мухолифатчи Заманбек Нуркадилов ўз жонига жумбоқли тарзда суиқасд қилгач, бир неча ойдан сўнг содир бўлди. Одамлар шундан сўнг мамлакатда сиёсий буҳрон бошланганини тахмин қила бошладилар. Терговнинг дастлаби кунларидаёқ А. Сарсенбаев ва унинг икки ҳамроҳи ўғирланишига МХҚ “Аристан” махсус гуруҳи аралашгани маълум бўлди. “Караван” ҳафталигида президентнинг қизи Дариға Назарбоева қаламига мансуб “Дежа вю” мақоласининг пайдо бўлиши оловга мой қуйгандек бўлди. Дариға Назарбаева қотилликдан сўнг истеъфога кетган собиқ МХҚ раҳбари фожеа содир бўлган куни Назарбоев ҳузурига киргани ва қотилликка президент қариндошларидан бири аралашганини айтганини тасдиқлади. Дариға Назарбоева уч кишини гумон қилади: Рахат Алиев, Қайрат Сатибалди ва Тимур Кулибоев. МХҚ раисининг президентга бундай маълумот бериши учун рад этиб бўлмайдиган далилларга эга бўлиши ўз-ўзидан тушунарли. Арат Нарманбетов ҳам ўз интервьюларини, ҳозир эса ўз ҳимоясини мана шу маълумотлар асосига қурган.

Айни пайтда тергов қотиллик шахсий ёқтирмаслик сабабли содир этилган, унга республика парламенти сенатининг молия ва бюжет қўмитаси раиси Мисирали Утембаев бюртма берган, деган фикрда. У, терговга кўра, банкдан кредит олиб “Аристан”нинг беш аскарига сиёсатчини ўғирлаш ва ўлдириш учун ҳақ тўлаган. Жамоатчилик фикрига кўра, бу версия ўта кулгилидир, Утембаев эса юқоридан кўрсатилган босим туфайли айбни бўйнига олишга мажбур бўлмоқда.”Аристан”чилар эса қотилликда иштирок этмаганликларини, уларга мухолифатчини ўғирлаб, бошқа бировларга топшириш вазифаси топширилганини айтмоқдалар. Шунинг учун ҳам Д. Назарбоеванинг кутилмаган мақоласи жамоатчиликнинг сиёсатчини ўлдиришда президент оиласи қўли борлиги тўғрисидаги тахминларини янада кучайтирди.

Ўз интервьюларида собиқ махсус хизмат ходими Арат Нарманбетов “Аристан” ва миллий хавфсизлик хизматидаги ўз манбаларига таянганини айтган. Бундан ташқари А. Нарманбетов президент катта қизининг куёви қотилликка аралашгани тўғрисида рад этиб бўлмас ҳужжатларга эга эканини маълум қилмоқда. МХҚ тергов бўлимини бошқарган Арат Нарманбетов бу маҳкамада ўзининг ахборотчиларига эга бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Шунингдек, у кейинги йилларда демократик мухолифатга ўтган. Президент қариндошлари ва унинг содиқ одамлари раҳбарлик қилаётган куч ишлатиш салоҳиятига эга тизимларда коррупция, қонунсизлик авжига чиққанидан кўнгли совуган кўплаб махсус хизмат ходимлари ҳам мухолифат томонига ўтиб кетмоқдалар. Бошқа ходимлар эса президент қариндошларини ёқтирмайдилар. Айнан мана шу одамлар собиқ ҳамкасбларини маълумотлар билан таъминлаган бўлиши мумкин.

”Алиев Нарманбетовга қарши”, деб номланган кечаги суд йиғилишида Р.Алиевнинг вакили Любовь Балмагамбетова унинг мижози мамлакат ташқарисида бўлгани учун судда шахсан иштирок эта олмаслигини айтди. Бундан ташқари у МХҚ томонидан берилган “Р. Алиев 22 январдан 25 февралгача “Қозоғистоннинг ЕХҲТ билан муносабатлари” масаласини ҳал этиш мақсадида хизмат сафарида бўлгани тўғрисида”ги маълумотномани олиб келди. Бу масалада А.Нарманбетовнинг ҳимояси ЕХҲТга сўров жўнатмоқчи. Шунингдек, ҳимоя Р. Алиевнинг хорижда бўлганини тасдиқловчи авиабилет, хорижга чиқиш паспорти нусхаси ва бошқа далиларни тақдим этишни талаб қилди.

А. Нарманбетовнинг ҳимояси бир қатор олий мартабали раҳбарларни судга гувоҳ қатори чақиришни илтимос қилди. Қизиғи шундаки, суд бу илтимосни эътиборга олиб, собиқ МХҚ раҳбари Нартай Дутбаевни ва унинг собиқ биринчи ўринбосари, “Аристан” бўлими бошлиғи Виктор Стороженкони кейинги суд йиғилишига чақирди. Бундан ташқари МХҚ раиси ўринбосари Владимир Божко, “Дежа вю” мақоласининг муаллифи Дариға Назарбоева, унинг отаси –мамлакат президентини судга чақириш таклифини рад этди. Бироқ, президент протокол хизматидан МХҚ раиси Н. Назарбоев ҳузурига киргани тўғрисидаги ёзувлар судга берилиши талаб қилинган. Бир вақтнинг ўзида айблов томони А. Сарсенбаев қотиллигини тергов қилаётган гуруҳ раҳбари ва унинг ўринбосари, Алмати ШИИБ раҳбари Калмухамбет Касимовлар таклиф қилди.

Гувоҳларнинг нуфузини ҳисобга олсак, жараёнда бир қатор шов-шувли гаплар юзага чиқиши кутилмоқда. Агар жавобгар томон эътироф этганидай, Алиевнинг қотилликка алоқадорлиги тўғрисидаги “ўлдирувчи” ҳужжатлар ошкор қилинмаса иш Рахат Алиев фойдасига ҳал бўлиши аниқ. Р.Алиев бир қатор оммавий ахборот воситалари (“Время по...” газетаси, “Навигатор” интернет сайти)ни тухмат қилгшанликда айблаб судга берган ва бу ишларни ютиб чиққан эди.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Рахат Алиев шахси мураккаб. 2001 йилда у МХҚдаги нуфузли лавозимдан истеъфо беришга мажбур бўлган. Ўшанда, кўпчилик фикрича, Р. Алиев туфайли мамлакатда сиёсий бўҳрон юзага келган ва кўпгина давлат амалдорлари мухолифатга ўтиб кетган. Шундан сўнг президентнинг унга муносабати кесин ўзгарган ва у “фахрли сургунга” – республиканинг ЕХҲТдаги элчиси сифатида жўнатилган эди. Рахат Алиевнинг Нурсултон Назарбоев билан бугунги муносабати тўғрисида маълумот йўқ. Арат Нарманбетов ортида нуфузли қўлловчилар бор йўқлиги ҳам номаълум. Агар унинг ортида бирор куч турган бўлса, Рахат Алиев учун суд жараёни кутилмаган натижа билан якунланиши мумкин.

Нарманбетов тўғрисида эса матбуотда турли чиқишлар пайдо бўлмоқда. Матбуотчилар фикрича, ундан қасос олишлари мумкин. Бу сафар ҳам мақолаларда Р. Алиев исми келтирилади.