15:08 msk, 24 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Александр Князев: Марказий Осиёдаги руслар фақат дарбадарлар, ароқхўрлар ва фоҳишалардангина иборат эмас

20.04.2006 22:32 msk

Бек Ўмаров суҳбатлашди

Сиёсатшунос, Қирғизистон-Россия Славян университети профессори Александр Князев Россия, АҚШ, Хитойнинг Марказий Осиёдаги таъсири келажаги, рус фуқаролари тақдири, икки мамлакат ҳарбийларининг минтақадаги ҳозирлиги ва воқеаларнинг кейцинги ривожи тўғрисида гапиради.

РОССИЯ, ХИТОЙ, АҚШ - УЧ ДАВЛАТНИНГ МАРКАЗИЙ ОСИЁДАГИ ТОРТИШУВИ

Фарғона.Ру: - Марказий Осиёда, жумладан, Қирғизистонда Россия, АҚШ, Хитой каби уч давлатнинг боши бир қозонда қайнамоқда. Нега бундай бўлди ва бу давлатларнинг асл мақсади нима?

А. Князев: -Буюк давлатларнинг минтақадаги қайсидир бир давлатдаги ҳозирлиги тўғрисида сўз борар экан, икки хил позиция мавжуд. Ҳар иккала позициянинг ҳам ўз тарафдорлари бор. Масалан, АҚШ демократия, эркинлик ғояларидан келиб чиқиб, ҳомийлик билан шуғулланади, нодавлат ташкилотлари ва бошқаларга кўмак кўрсатади, дейдилар. АҚШ тўғрисида кўпинча мана шу каби гапларни ёзадилар.

Хитой тўғрисида гап кетганда, “ғоялар” сўзини “манфаатлар”, деган сўз эгаллайди. Хитойнинг энергетика ва транспорт коммуникацияларини ривожлантиришдаги манфаатлари.

Россия тўғрисида гап борганда ҳар иккала омил эсга олинади. Бироқ, манфаат асосий ўринни эгаллайди. Менинг эътиқодимча, ҳеч бир давлатнинг бошқа давлатга нисбатан сиёсатини ҳеч қачон ғоялар белгиламаган, фақат манфаатлар белгилаган. Америка ҳам бундан истисно эмас. Бу уч мамлакатнинг ҳар бири Марказий Осиёда ўз манфаатларига эга.

Россия яхши қўшничиликдан манфаатдор. АҚШ учун Канада ва Мексика ана шундай яхши қўшнилардир. Хитой учун эса минтақада Қирғизистон ва Тожикистон яхши қўшнидир. Қозоғистонни эса Хитой иқтисодий манфаатлар туфайли қизиқтиради. Хитойнинг биздаги энг асосий манфаати, Қирғизистон уни ҳар қандай таъсирдан сақлай билишидадир. Масалан, Хитой Қирғизистон ўз ҳудудига уйғур бўлгинчиларини киритишини истамайди. Қирғизистон Хитойга наркотик, қурол ва бошқа нарсалар олиб ўтувчи мамлакатга айланмаслиги зарур. Бу Хитой манфаатидир.

Александр Князев. Фарғона.Ру АА фотоси
Александр Князев. Фарғона.Ру АА фотоси

Америка Қўшма Штатларига келсак, улар миллий хавфсизлик стратегиясидан келиб чиқиб сиёсат юритадилар. Бу ҳужжатнинг асосий ғояси эса АҚШ ер шарининг исталган нуқтасида барча соҳаларни ўз назоратига олиши лозимлигидир.

АҚШнинг Марказий Осиёдаги асосий манфаати нима? Биринчидан, бу минтақани Россия таъсиридан чиқариш. Россия раҳбариятининг СССР парчаланганидан кейинги сиёсати ўта зиддиятли, баъзан Россия манфаатларига қарши бўлса ҳам, маълум инерцияга таянган ҳолда Россия манфаатлари бу ерда катта бўлган. АҚШ эса бу манфаатларни бартараф қилишдан манфаатдор. Хитойга яқин бўлган Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистондан эса АҚШ бу мамлакатлар ҳудудидан Хитойга таъсир кўрсатиш мақсадида ҳам фойдаланади. АҚШ Хитой мисолида ўзининг келажакдаги рақобатчиси ва асосий стратегик рақибини кўради.

Бундан ташқари АҚШ иқтисодий манфаатларга ҳам эга. Бу асосан Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга тегишли. Бу мамлакатлар газ ва нефтга эга. АҚШ бу мамлакатлар иқтисодий ривожланишини истамайди. Америкаликлар бу мамлакатдаги энергетика заҳиралари ишлатилмай, масалан Форс кўрфазидаги заҳиралар тугагунга қадар сақланиб қолишидан манфаатдордир.

Фарғона.Ру:- Ҳозир Қирғизистонда Американинг кўпгина лойиҳалари тўхтатилгани кузатилмоқда. Бу АҚШ Марказий Осиёда ўз позициясини бой бермоқда, дегани эмасми?

А. Князев: - Ҳар қандай буюк давлат қудрати ҳам чекланганини эсда тутмоқ керак. АҚШ нега Эрон билан уруш бўладими, деган масалани ҳал этолмаяпти? Чунки, Америкага керакли даражадаги қудрат етишмаяпти. АҚШ Ироқ ва Афғонистонда ўралашиб қолди. Бу ерда улар катта маблағ сарфламоқдалар, лекин самара деярли йўқ. Бироқ, мен АҚШ минтақадаги позициясини бой бермоқда, деган хулосага келишга шошилмаган бўлардим. Инсон ҳуқуқлари, демократия ва фуқаровий жамиятни ривожлантириш каби лойиҳалар ўз мақсадига етди. Лекин, айрим лойиҳалар кучайтирилмоқда. Масалан, “Евразия” жамғармаси яқинда президентлик сайловлари ўтадиган Тожикистонда фаолиятини кенгайтирмоқда.

Фарғона.Ру: - Қирғизистондан Американинг “Ганси” авиабазаси олиб чиқиб кетилишини кутиш мумкинми?

А. Князев: - Назарий жиҳатдан - ҳа, амалда эса –йўқ. Афғонистон “Манас” аэропортига ҳарбийлар жойлаштирилиши учун баҳона бўлди, холос. Афғонистонда жанглар авжига чиққан пайтда ҳам бу базага принципиал тарзда эҳтиёж йўқ эди. Америкаликларнинг Ўзбекистон ва Покистондаги базалари эҳтиёжни қондирарди. “Манас”даги база аввалданоқ Хитойга таъсир ўтказиш мақсадини кўзлаган эди.

Мендаги маълумотларга кўра, бу базада радиоэлектрон разведка пости бўлиб, у асосан Хитойга чегарадош ҳудудларни сканнерлаш билан шуғулланади. 2004 йил якунида АҚШ тарафи бир неча бора “Авакс” разведкачи самолётларини жойлаштиришга рухсат сўраган, бу биринчидан. Иккинчидан эса, америкаликлар Қирғизистоннинг ўша даврдаги раҳбарларидан “Авакс”ларнинг Хитой билан чегарадош ҳудудларда учишини таъқиқламасликни қатъиян талаб қилганлар. Шундай қилиб, “Манас”даги авиабаза Хитойга таъсир қилиш воситасидир.

ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ РУСЛАР

Фарғона.Ру: - Қирғизистонда 2005 йил март воқеаларидан сўнг жиноятчиликнинг ўсиши кузатилмоқда. Бир қатор сиёсий қотилликлар бўлди, Интерпол қидираётган жиноятчи ҳокимиятга келмоқда ва ҳукуматга ўз талабларини қўймоқда. Мана шундай вазиятда Қирғизистондаги руслар тақдири қандай бўлади?

А. Князев: - Бу борадаги башоратларим бир оз ёмонроқ. Чунки, бундай вазиятда ёки вазият бир оз юмшаган тақдирда ҳам мамлакатдан кетишга қарор қилган одамлар қарорларини ўзгартирмайдилар.

Барча руслар, албатта, кетмайдилар. Қандайдир бир табақа қолади. Мен бир ёрқин ва яна бир ғамгин мисол келтираман. Масалан, фуқаролик уруши бўлган Тожикистонни олайлик. Душанбеда бу ҳолат унча сезилмайди, бироқ вилоятларда кўзга ташланадигани шуки, бу ерда қолган руслар дарбадар, ароқхўр ва қаровсиз қолган қариялардир. Бир хўжандлик дўстим, “Тез-тез келиб тур. Менинг болаларим ҳақиқий русларни кўриб турсин. Улар рус деганда кўз олдиларига дарбадар, ароқхўр ва фоҳишаларни келтирадилар”, деган эди.

Фарғона.Ру:- Қирғизистондачи?

А. Князев: - Биз ҳам мана шу даражага етиб қолдик. Бишкекда ҳозирча бундай муаммо йўқ. Бироқ вилоятларда бу ҳолат кўзга ташланмоқда. Менича, Қирғизистонда бундай вазият чуқурлашади. Тез орада Тожикистондан ўзиб кетамиз. Менимча, бунинг ҳаммасига Россиянинг аввалги ва ҳозирги раҳбарияти айбдор.

Фарғона.Ру: - Қандай қилиб?

А. Князев: - СССРнинг парчаланиши Қирғизистон, Тожикистон айби билан эмас, айнан Россия айби билан бўлди. Ўша даврда Россия собиқ СССР давлатларидаги ўз позициясини мустаҳкамлаши керак эди. Ҳозирги Россиянинг асосий муаммоси – демография масаласидир. Россияда жуда кўп ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар ишлаётганига қарамай, собиқ совет давлатларида рус фуқароларининг ўта сифатли потенциали ҳали ҳам сақланиб қолган. Улар дарбадарлар ва ароқхўрлар эмас. Бу одамлар бугунги Россия учун керакли одамлардир. Бунинг учун Россия мамлакатга нафақат русларни, балқи тарихий ватани Россия таркибида бўлган россияликларни - татарлар, бошқирдлар ва бошқаларни репатриация қилиш дастурини ишлаб чиқиши лозим.

Лекин, бундан асосий мақсад барча русларни Россияга олиб чиқиб кетиш бўлмаслиги лозим. Чунки, Қирғизистондаги руслар Россиянинг бу мамлакатдаги манфаатлари йўлбошчиларидир. Руслар орқали рус маданияти, рус маорифи таъсирини ошириш мумкин. Қирғизистонда бунинг элементлари мавжуд ва Россия манфаати учун буни сақлаб қолиш лозим. Барча давлатларда миллий озчиликлар шахсий манфаатлар лоббиси сифатида фойдаланилади. Хитойлар, арманлар, яҳудлар ва ҳамма шундан фойдаланади.

Александр Князев. Фарғона.Ру АА фотоси
Александр Князев. Фарғона.Ру АА фотоси

РОССИЯ ВА ИСЛОМ ОЛАМИ

Фарғона.Ру:- Марказий Осиё давлатлари аҳолиси азалдан мусулмон бўлган. Шундан келиб чиқиб, Россия мусулмон олами лидерлари билан ҳам тил топа билиши лозим. Бу борада қандай ривожланиш бор?

А.Князев: - Ислом олами таъсири бизнинг минтақада бўлган ва кучайиб бормоқда. Уларда ҳам катта пул бор. Улар ҳар доим ҳам америкапараст бўлмаган араб шайхлари ва улар ўз иқтисодий сиёсатини юритадилар. Бу таъсир кучайиб боради ва Россия ҳам Марказий Осиёдаги сиёсатида бунинг учун жой топиши зарур. Марказий Осиё аҳолисининг асосий қисми мусулмон бўлгани учун ҳам бу муҳимдир. Шу ўринда аҳоли таркиби жиҳатидан мусулмон, шаклан советча бўлган Марказий Осиё давлатлари Россия ва Ислом олами ўртасида ўзига хос воситачи бўлиши мумкин. Ҳатто Хитой ва Ислом олами ўртасида воситачи бўла оладилар. Россиянинг ҳам, Хитойнинг ҳам Ислом олами билан муаммолари бор.

Россиянинг ўзига хослиги, Москва ва Питердагилар нима демасин, унинг Европа эмаслигидадир. Россия Осиё ҳам эмас, чунки унинг Москва ва Питери бор. Россия Евросиё мамлакатидир. Россия тарихан доимо Осиё, жумладан мусульмон мамлакатлари билан тил топиша билган.

РОССИЯНИНГ ҚИРҒИЗИСТОНДАГИ ҲАРБИЙ ҲОЗИРЛИГИ

Фарғона.Ру: - Президент Бакиев ўзининг АҚШга нисбатан кўпроқ Россияга мойиллигини намойиш қилди. Бу ўйланган қадамми?

А.Князев: - Бу кўпроқ тасодиф. Менича, бу сиёсий ҳисоб-китоб эмас, инерция. Чунки Қирғизистон учун иқтисодий ҳамкорлик фақат Россия билангина мавжуд бўлган ва бўлади ҳам. Шунинг учун ҳам Бакиев инерцион тарзда Россия билан алоқаларга таянмоқда. АҚШ Қирғизистон иқтисодига молия ётқизмоқчи эмас. Америкаликлар учун ҳукмдор элитани алмаштириш мумкин эканини Қирғизистон мисолида кўрсатиш муҳим эди. Уларни бу ердаги барқарорлик унча қизиқтирмайди. Улар учун беқарорлик барқарорликдан кўра яхшироқдир. Ўз чегаралари хавфсизлиги учун Хитой бош қотирсин, Россия ўз ҳудудига оқиб келадиган қочқинларни ўйлаб боши оғрисин, Қозоғистон ўйлансин бу масалада. АҚШ Қирғизистондаги барча асосий масалалар - биринчи навбатда пул билан ҳал бўладиган ва сиёсий ҳисоб–китобларсиз амалга ошириладиган ҳарбий база масаласини осонликча ҳал этадиган президентга эга бўлди.

Фарғона.Ру: - Шунга қарамай, Россия Қантдаги ҳарбийлари сонини кўпайтирди.

А. Князев: - Бу жавоб эди, бу биринчидан. Иккинчидан, Америка ва Россия базалари турли мақсадларни кўзлаган. Россия базаси Коллектив хавфсизлик шартномасига аъзо давлатларнинг тезкор ҳарбий кучларидир. Бу база Марказий Осиё ҳудудида аксилтеррор амалиётларини ўтказиш учун мўлжалланган. Бунинг учун барча юридик ҳужжатлар бор - шартномалар ва бошқа ҳужжатлар. Бу база конкрет хавфлардан барчани - Россия, Қозоғистонни ҳимоя қилади. “Манас”даги Америка базаси Марказий Осиёдаги барқарорлик гарови, деганларида янглишадилар. Улар ҳеч нарса қила олмайдилар, чунки бунинг учун юридик база йўқ. Америка ҳарбийлари Марказий Осиёдаги террорчиларга қарши курашмоғи учун катта юридик базага эга бўлиш лозим. Бунинг учун уларда ҳатто ҳарбий омиллар ҳам йўқ. Америкаликларнинг бу ердаги вазифаси тамомила бошқа.

Бек Ўмаров суҳбатлашди