23:24 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистон президентига инқилобчи сафдошлари ультиматум қўйдилар. К. Бакиев зиддиятни телевиденияга олиб чиқди

20.04.2006 12:24 msk

Халид Валидов

Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиевга мухолифатда бўлган кучлар ва шахслар бир қатор қатъий талабларни қўйдилар ва бу талаблар билан 29 апрель куни оммавий митинг ўтказмоқчилар. Бу тўғрида мухолифат вакиллари 18 апрель куни Акипрессда ўтган матбуот анжуманида хабар қилдилар.

Матбуот анжуманида парламентнинг собиқ раиси Ўмурбек Текебаев, депутатлар Қубатбек Байбўлов, Жантўрў Сатибалдиев, Темир Сариев, Дўўрўнбек Садирбаев, Мелис Эшимқанов, Қабай Қарабеков, “Демократия ва фуқаровий жамияти учун коалицияси” ижрочи директори Жирғалбек Турдуқўжаев, “Интербилим” маркази раҳбари Асия Сасиқбаева, “Ата журт” ҳаракати вакили ва Ўш вилоятиниг собиқ “халқ губернатори” Анвар Ортиқов, “Кел-Кел” ёшлар ҳаракати раҳбари Алишер Мамасалиев ва бошқалар иштирок этдилар.

Бугунги ҳукумат олиб бораётган йўлга қаршилар тезкорлик билан мамлакат сиёсий тизимида ислоҳотлар ўтказишни, коррупция даражасини пасайтиришни, жиноятчиликака қарши муросасиз уруш очишни талаб қилдилар.

Умуммиллий митинг штаби “халққа яқинлашувнинг ўн оддий қадами”, деб номланган дастурни эълон қилди. Митинг ташкилотчилари уларнинг дастлабки талаблари бажарилмаса, “Бакиев-Қулов” тандемининг истеъфосини талаб қилишларини билдирдилар. Штаб узоқ муддатли митинг учун барча керакли воситаларни тайёрлаб қўйганини билдирди. Бишкек аҳолиси ташвишда: пойтахт навбатдаги давомли намойишлар гирдобида қолмайдими?..

Президент ва унинг аёнлари узоқ давом этадиган майдон қаршилигига айланиб кетши мумкин бўлган бундай кескин норозиликка бефарқ қарамаётгани маълум бўлди. Норозилик намойиши ташкилотчиларидан бири – саноат, савдо ва туризм вазири Алмаз Атамбаев митингчилар талабини шахсий учрашуви пайтида президентга етказгач, ҳокимият мухолифатни телемусоҳабага чақирди.

19 апрель куни Миллий телеканалнинг бевосита эфирида мухолифат вакиллари ва Қирғизистон олий раҳбарияти учрашди. Айтишларича, теледебат ўтказишни “тандем” таклиф қилган.

Мухолифатнинг бир қатор вакиллари бу таклифни қабул қилдилар. Мухолифат блокидан 29 апрелда ўтадиган митинг штаби, ҳокимиятдан эса президент ва ҳукумат раҳбари вакил бўлди.

Бевосита эфир Бишкек вақти билан 15.00 да бошланди ва кечки соат 22:00 дан 24:00 гача Миллий телеканал орқали намойиш қилинди.

* * *

Президентга мухолифат томонидан таклиф қилинган “Халққа яқинлашувнинг ўн оддий қадами”

1.Жиноятга қарши муросасиз кураш. Фуқаролар хавфсизлигини ва тартибни сақлаш. Бизнесни жиноят олами босимидан ҳимоя қилиш. Ҳокимиятнинг криминаллашувига йўл қўймаслик.

2.Коррупцияга қарши амалий кураш.

3. Тезкорлик билан конституциявий ислоҳот ўтказиш. Президент Жўқўрку Кенешга тез орада Конституциянинг келишилган янги таҳририни киритиши.

4. Ҳуқуқ-тартибот тизимини ислоҳ қилиш. Президент маъмурияти раҳбари Усен Сидиқов, Бош прокурор Қамбарали Қўнғантиев, Давлат котиби Дастан Сариғулов, Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Таштемир Айтбаев ва парламент томонидан фаолияти қониқарсиз, деб баҳоланган ҳукумат аъзоларининг истеъфоси.

5. Иқтисодий субъектларга тенг имконият яратиб бериш. Иқтисодий рақобатчиларни бозордан сиқиб чиқариш мақсадида давлат ваколатларидан фойдаланмаслик. “Оилавий бизнес” амалиётини бекор қилиш.

6. Президент қошидаги ижрочи тизимларни тарқатиш ва уларнинг функцияларини Ҳукуматга ўтказиш. Шунингдек, иқтисоднинг барча бюжетни ташкил этувчи соҳаларини ижро ҳокимияти тасарруфига ўтказиш. Қонунчиликка биноан миллий иқтисод ва давлат мулкини бошқариш ҚР Ҳукумати томонидан амалга оширилади.

7. Давлат телерадиокомпаниясини жамоатчилик телевидениясига айлантириш.

8. “Пирамида” ТРКисидан тортиб олинган акциялар қайтарилсин. “Пирамида”ни ёлланма шахслар иштирокида шантаж қилиш тўхтатилсин.

9. Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва унинг савдосини тез муддатда тартибга солиш. Қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи мамлакатдаги корхоналар монополизацияси ва бу маҳсулотлар нархини оширишни тўхтатиш.

10. Фуқароларнинг сўз эркинлиги, тинч юриш ва намойишлар ва бошқа ҳуқуқларини чекловчи ноконституциявий таклифларни киритишни таъқиқлаш.