07:56 msk, 10 Декабрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

“Шанирақ”- Қозоғистондаги ижтимоий зиддиятнинг янги рамзи

19.04.2006 17:25 msk

Андрей Гришин (Алмати)

“ШАНИРАҚ” МУДОФААСИ

Гапнинг пўсткалласини айтганда, Қирғизистонда содир этилган ўтган йилги инқилобгача Алмати атрофида бетартиб тарзда пайдо бўлган қишлоқлар муаммо сифатида қабул қилинмади. Бироқ, Қирғизистон воқеаларида Бишкек атрофида бетартиб тарзда пайдо бўлган ва “шаҳидлар камари”, деган атамага айланган қишлоқлар аҳолиси бевосита иштирок этганидан сўнг, Қозоғистон ҳукумати вазиятга бошқачароқ назар билан қарай бошлади.

Алматига солиштирганда Бишкекда ўзбошимчалик билан ер босиб олганлар сони анча кўп. Масалан, Алматида деярли икки миллион аҳолига юз минг “ер босқинчиси” тўғри келса, миллион киши яшайдиган Бишкек шаҳрида уларнинг сони уч юз минг нафардир ва улар Алматидагиларга нисбатан анча оғир шароитларда яшайдилар. Лекин ҳеч нарсасини йўқотишдан қўрқмайдиган юз минг одам ҳам сиёсий тараққиётга таъсир ўтказа олувчи катта кучдир.

Алмати атрофида биринчи бетартиб қурилишлар 90-йиллар аввалида бошланган эди. Ўша пайтда ерларни ва шаҳар четидаги биноларни эгаллаб олган уйсизлар ҳамда ерсизлар иттифоқлари пайдо бўла бошлади. Шаҳар раҳбарлари бунга фаол қаршилик қилмадилар, Қозоғистон жанубий пойтахти ичкарисидаги биноларни ҳимоя қилиш билангина чекландилар. Бундан ташқари ошкор қилинмаган тарзда пойтахтни “қозоқлаштириш” сиёсати олиб бориларди. Иқтисодий жиҳатдан қолоқ бўлган туман ва экологик таҳдидли ҳудудлардан қочиб келган одамлар асосан туб миллат вакиллари бўлиб, бу дастурга жуда мос тушардилар. Гувала, пахса уйлар, ҳеч қандай шароитлар ва номсиз кўчалардан иборат бўлган қишлоқлар эса аста – секинлик билан номланиб, қонуний мақомга эга бўла бошлади. Маҳаллий ҳокимлар унча катта бўлмаган ҳақ эвазига бу одамларнинг ерга ва биноларга эгалик ҳуқуқларини қонунийлаштириб бера бошладилар. Шаҳар раҳбарлари инфраструктура ривожланишига оз-моз ҳисса қўша бошладилар: мактаблар қурилди, йўналишдаги автобуслар қатнай бошлади. Айни пайтда, бу ердаги аҳоли ҳукуматнинг қўли калталик қилган ишларни – йўл қурилиши, электр ва сув таъминотини йўлга қўйди. Бугун бундай қишлоқларнинг айримлари яшаш учун чидаса бўладиган даражага етган. Бошқа томондан, статистик маълумотларга кўра, 75 минг одам яшайдиган ”Улжан”, «Айгерим», «Думан» ва “Шанирақ”нинг саккиз микрорайони шаҳарга кириб келаётган кишиларда яхши таасурот қолдирмайди, шу билан бирга шаҳарга ортиқча муаммоларни ҳам туғдирмайди. Умуман олганда, Алмати ва бетартиб қурилган қишлоқлар шаҳар уларнинг ҳудудига бостириб кирмагунича бир неча автобус йўналишлари билан боғланиб турувчи икки олам эди.

Муаммо шаҳарга яқин бу қишлоқлар шаҳар ҳудудига киритила бошланганидан сўнг - уч йил аввал пайдо бўлди. Шу аснода шаҳар раҳбарияти аввалги туман ҳокимиятлари томонидан қонунийлаштирилган ер улушларини ноқонуний, деб топди ва аҳолини у ердан қува бошлади. Биринчилардан бўлиб, бундай вазиятга келажаги порлоқ тоғолди ҳудудлари тушди. Бу ерда яшовчилар сони оз бўлгани ва уларга нисбатан турли сиёсий кучларнинг қизиқиши камлиги туфайли,бу ердагиларни кўчириш жараёнида муаммо туғдирмади. Бу ердаги аҳолининг уйларини ҳукумат ҳеч қандай тўловларсиз жиҳозлари ва идиш - товоқлари билан бульдозерлар ёрдамида яксон қилди.

Навбат ботқоққа қурилган ва шаҳарнинг унча нуфузли бўлмаган мавзеида жойлашган “Шанирақ”қа етганда, ҳукумат биринчи марта уюшган қаршиликка дуч келди. Ўтган йили пойдеворлар ва гувалада қурилган уйларни бузишга қилинган ҳаракат маҳаллий аҳолининг митинглари ҳамда полиция билан тўқнашувларга сабаб бўлди.

Ҳукуматга қилинган қаршиликнинг чўққиси 2005 йил 18 сентябрида, президентлик сайловлари арафасида бўлиб ўтди. Мингдан ортиқроқ одам қишлоқдан шаҳарга адолат излаб йўлга чиқди. Уларга милиция махсус отряди қарши чиқди ва ярмидан кўпроғини аёллар ҳамда болалар ташкил этган намойишчиларни тўқмоқлар билан калтакладилар.

Алматининг яқинда тайинланган янги мэри Имангали Тасмагамбетов сайловолди намойишларидан ташвишга тушиб, қишлоққа борди. У аҳоли билан учрашиб, шанирақликларни тинчланишга, уларнинг қуриб битказилган уйлари бузилмаслигига, фақат кейинги пайтда ўзбошимчалик билан эгалланиб олинган ерларда қурилиши бошланган уйларгина бузилишига ишонтирди. Шундан сўнг норозилик чиқишлари тўхтади. Шанирақликлар тирикчилик билан машғул бўлдилар.

“Думан” мавзеида 2005 йил 4 декабри арафасида уларнинг олдига президентга мойил “Ўтан” партиясининг ҳам, мухолифатнинг вакиллари ҳам келмаганидан ҳайрон бўлишди.

“Биз исталган одамнинг ортидан боришга тайёр эдик”, - дейди 44 ёшдаги Алибек. – “Бизда электр энергияси йўқ, шунинг учун телевизор кўрмаймиз, лекин газеталарни ўқишга ҳаракат қиламиз. Агар сиёсатчилар биз билан қизиққанларида, ҳеч бўлмаганда электр ўтказиб беришни ваъда қилганларида биз президентнинг одами бўладими, мухолифат бўладими, қўллаб-қувватлаган бўлардик”.

Айни пайтда бундай электоратнинг таъсир кучини англаган мухолифат бу ерда бир қатор учрашувларни режалаштирди, бироқ ҳукумат бу ердаги аҳолининг “ҳуқуқсизлигини” рўкач қилган ҳолда учрашувларга тўсқинлик қилди.

Сайловлардан сўнг эса Тасмаганбетов ноқонуний тарзда уй қураётганларни танқид қилиб, давлат телевидениясида чиқиш қилди. Бу танқид қўриқхоналардаги дарахтларни кесиб ташлаб кошоналар қураётган шахсларга тегишли бўлмади. Бироқ, қишлоқларнинг кам таъминланган аҳолиси учун янги босқин бошланди.

Жорий йил март ойида ОМОН кузатувидаги экскаватор ва бульдозерлар “Шанирақ” яқинидаги “Айгерим-2” мавзеига кириб, бир неча соат ичида қуриб битказилмаган 18 бинони бузиб ташлади. Бироқ, аҳоли йўлларни тўсиб қўйишга, митинг уюштиришга ва полиция билан тўқнашишга улгурди. Бузилган уйлардан бирида кўзи ожиз кампир қолиб кетгани маълум бўлгач катта шов-шув кўтарилди ва уй бузиш жараёни бир муддатга тўхтади. Март ойи ўрталарида “Шанирақ” аҳолиси сўл кучлар иштирокида митинг ўтказди. Улар полиция қамалини ёриб, маҳаллий ҳокимият томонга юриш бошладилар, бироқ ОМОН уларни тўхтатиб қолди. Иш одатдагидай якунланди: қамоққа олишлар, суд...

”Шанирақ”да уй бузиш жараёнларидан бири латифанамо тус олди. Ҳокимлар уй бузишни байналмилал оиладан бошламоқчи бўлдилар. Ниҳоят, аёли қозоқ, ҳамшира бўлиб ишлаган, эр рус миллатига мансуб, ногиронлиги туфайли истеъфога чиққан ҳарбий байналмилал оила топилди. Улар бу ерга Қозоғистон жанубидан кўчиб келган эдилар. Вояга етмаган уч фарзандлари бор.

Ўз қўшнилари каби Корлан Долибоева маҳаллий ҳокимиятда барча ҳужжатларни расмийлаштирган эди. Суд бу ҳужжатларни ноқонуний, деб топди. Уларнинг уйини бузиш учун ҳокимият бу ерга беш юз полициячи ва ОМОНни, иккита ўт ўчириш машинасини олиб келди. Ўт ўчирувчилар ўз вақтида чақирилган эди. Корлан ўзини бензин билан сепиб, гугурт чақмоқчи бўлиб турганди. Гугуртни унинг қўлидан вақтида олиб қўйишди. Полиция қамали очиқ қаршиликка имкон қолдирмаган эди, лекин шунга қарамай йигирмага яқин одам қамоққа олинди. Психологик таранглик шу даражага етган эдики, уч бульдозер ҳайдовчиси бирин-кетин воқеа жойидан қочиб кетди.

Суд ижрочиларининг ўзлари болға ва ломлар билан уйни бузишга киришдилар. Кечга яқин уй тамомила вайрон этилди.

Маҳаллий аҳолига кўра, ҳукумат уларнинг уйлари ўрнига аква ёки дендропарк қурмоқчи экан. Ҳар ҳолда ижтимоий ночор шанирақликлар учун аквопаркнинг қурилиши, яна бир карра уларнинг иқтисодий аҳволи ўта ночор эканлигини эслатиб турувчи рамз бўлиб қолади. Ҳолбуки, шаҳарда умуман одам қадами етмай қўйган тўртта аквопарк ва дендропарклар бор.

Уйи бузилаётган одамларнинг болалари полициячилар билан ўйнар эдилар. Улар воқеанинг нақадар жиддий эканлигини тушунмасдилар. Ўзлари ҳам худди шу каби шароитларда яшовчи полициячилар эса улардан кўзларини олиб қочардилар. “Ҳукумат Шанираққа қарши”, деб аталган жангнинг биринчи босқичи ҳукумат фойдасига ҳал бўлди. Бироқ, “Жер ана” уйсизлар ҳаракати раҳбари Салим Орозалиевга кўра, “қозоқлар одамлар кўчада тунашларига йўл қўймайдилар”. Болаларни қўшнилар уйларига олиб кетдилар, бузилган уй ўрнига эса бир кечада катталар янги пахса уй қурдилар.

Шаҳар ҳукумати чекинмаслигини яна бир бор намоён қилиб, 17 апрель куни ўз ҳаракатини давом этдирди. Бу сафар ишга мухолифат аралашди. Рўйхатга олинмаган “Алга ДВК” (ўтган йили сиёсий сабабларга кўра ёпилган “Қозоғистон Демократик танлови” партияси ўрнига тузилган) партияси март воқеалари иштирокчиларига суд томонидан солинган жарималарни тўлади. “Ақ Жўл” каби расмий мухолифат ҳукумат ҳаракатларини қоралаб чиқди. Коммунистлар ва сўл радикаллар ҳам четда қолмадилар.

Шанирақ қозоқ ўтовининг асосий қисми бўлиб, бир-бирига қарама-қарши туташтирилган ёйсимон шакл ҳисобланади. Қозоқ тилида бу сўз хонадон файзи рамзи ҳисобланади. Тинчлик ва барака рамзини билдириб келган “Шанирақ” бугунги кунда ижтимоий қаршилик рамзига айланди. “Шанирақ” атрофидаги жараёнга сиёсий кучлар тобора кўпроқ аралашмоқдалар. Бу воқеа мухолифат лидери Алтинбек Сарсенбаевга уюштирилган қотилликдан сўнг бошланган ва ўсиб келаётган ҳуқумат буҳрони ҳамда шаҳар мэри Имангали Тасмаганбетовга нисбатан бошланган ахборот уруши пайтида содир бўлмоқда.

* * *

”Фарғона.Ру”га маълум бўлишича, шанирақликлар билан бирдамлик пикети ҳатто Лондонда ҳам бўлиб ўтган. 14 апрель, жума куни Лондондаги Қозоғистон элчихонаси олдида Алмати геттоларида уй бузишларга қарши норозилик акцияси ўтказилган. Шанирақ, Айгерим, Ажем, Кўкқайнар мавзелари аҳолисига Англия Социалистик партиясининг бир неча ўн аъзоси ва бу партиянинг ёшлар қаноти (“Ёшлар Социалистик Қаршилиги”) ҳамдардлик билдирган. Акцияда, шунингдек, Буюк Британиянинг энг нуфузли “Юнисон” касаба уюшмаси фаоллари ҳам иштирок этганлар. Норозилар Алмати мэри Имангали Тасмаганбетовга бундай хатти ҳаракатларни тўхтатиш талаб қилинган мактуб битганлар.