13:39 msk, 17 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда қўлга олинган Канада фуқароси олдига биринчи марта консулни киритдилар

16.04.2006 17:41 msk

Toronto Star

Канададаги «Toronto Star» газетасининг шанба куни хабар қилишича, ўтган ойда Ўзбекистонда ҳибсга олинган торонтолик ислом фаоли ҳали ҳам Тошкент қамоқхонасида ётибди. Хитой Халқ Республикаси расмийлари Ўзбекистондан депортация қилинишига уринаётган Ҳусайнжон Жалил бутун дунёдаги халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг диққат-эътиборини тобора кўпроқ тортмоқда.

Баъзи нашрлар Ҳ. Жалилни «имом» деб атамоқдалар. Канаданинг бошқа газеталари бугунги кунда Ҳ. Жалилни ҳуқуқ ҳимоячиси, дея хабар тарқатмоқдалар. Бунда катта хатога йўл қўйилмаётган бўлса керак: маълумки, коммунистик Хитой расмийлари нафақат уйғур жангариларини, балки оддий мусулмонларни ҳам таъқиб қиладилар. Қашқарда туғилган Ҳусайн Жалил аввал уйғур айирмачилик ҳаракатида иштирок этганлиги учун судланганди. 1998 йилда қамоқдан чиққан диссидент аввал Ўзбекистонга, кейин Туркияга ўтиб кетган. 2001 йилда қочоқ сифатида Канадага келиб, Ҳамилтон (Hamilton) шаҳрида яшаб турган, кейин Торонто яқинидаги Бурлингтонга (Burlington) ўрнашган.

Ўтган йили Ҳ. Жалил Канада фуқаролигини олган. Хитойдан кетаркан, у Қашқарда икки ўғли ва бир қизини қолдиришга мажбур бўлган. 2006 йилнинг бошида Ҳ. Жалил оиласини жам қилиш учун хотини ва кичик болалари билан Ўзбекистонга келади. Афтидан, Хитой томоннинг сўровига кўра, Ҳ. Жалил 26 март куни Тошкентда қўлга олинади.

Унинг қариндошлари Ўзбекистон ҳукумати Жалилни ХХР расмийларга бериб юборишларидан чўчимоқдалар, у ерда ўтмишдаги сиёсий фаолияти учун қочоқни ўлим кутаётган бўлиши мумкин.

Маҳбуснинг рафиқаси Комила Жалил Тошкентда туғилган. У етти ёшдан кичик уч боласи билан Тошкентда бўлиб, ҳозирда яна ҳомиладор. Жума куни у канадалик журналистларга эри ҳибсга олинганидан йигирма кун ўтгач Канада консули у билан қамоқхонада учрашиб, йигирма дақиқа мобайнида суҳбатлашишга муваффақ бўлганини гапириб берган. Комиланинг ўзига Ўзбекистон расмийлари эри билан учрашиш учун рухсат бермаяптилар. «Toronto Star»даги мақола муаллифларининг ёзишларича, Комиланинг уй телефони канадалик журналистлар билан охирги марта гаплашганидан кейин ишламай қолган.

Ҳ. Жалил оиласининг канадалик адвокати Крис Маклеод (Chris MacLeod) Ўзбекистон махсус хизматлари ҳали унинг ҳимояси остидаги кишига айб қўйганлари йўқлигини маълум қилган. Жалилнинг исми-шарифи Интерпол рўйхатларида бўлиши мумкин, аммо Канададаги мухолифатчи сиёсатчилар «имом»нинг сиёсий ва диний қарашлари у учун жуда қимматга тушаётганидан ташвишланганлар.

«Бугунги кунда Канаданинг Ўзбекистонда ҳатто элчихонаси ҳам йўқ», - дейди Онтарио университетининг ҳуқуқшунослик профессори Майкл Линк (Michael Lynk). – «Ўзбекистон яқинда БМТнинг қочоқлар бўйича комиссариати бошқармасининг Тошкентдаги идорасини ёпиб қўйди. Бу қайғули албатта, лекин юзага келган вазият тўлалигича Жалилга қаршидир».

«Toronto Star»нинг ёзишича, Комила Жалил тезроқ Ўзбекистондан чиқиб кетиш ниятида. Бироқ учта ёш бола билан унинг бу ишни қилиши жуда мушкул. Канадалик расмийлар Комиланинг онаси учун муваққат виза тақдим этганлар. Бироқ у Ўзбекистон фуқароси сифатида аввал «чиқиш визаси»ни олиши керак. Совет тузумидан қолган бу сарқит ҳали ҳам Ўзбекистонга мавжуд бўлиб, у воситасида мамлакат расмийлари фуқароларнинг ҳаракатланишини ҳали ҳам қаттиқ назорат қиладилар.

* *

Канададаги «Toronto Star» газетаси хабарлари асосида