12:49 msk, 17 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонлик қўшиқчи Москавада бўлиб ўтган халқаро кўрик-танлов ғолибаси бўлди

14.04.2006 08:33 msk

Ўз. ахб.

6 апрелдан 12 апрелгача Москвада шаҳар маъмурияти, Лидия Абрамованинг «Аве Мария» минтақавий жамоатчилик жамғармаси, Н. Островский номидаги «Преодоление» гуманитар маркази, Москва маданият жамоатчилик маркази ва А. Шнитке номли Москва давлат мусиқа институти томонидан уюштирилган «Bella voce» XIV Халқаро қўшиқчи талабалар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унга бир қатор газета ва радиостанциялар ахборот кўмаги кўрсатдилар, шунингдек, Архимандрит Илларион томонидан ҳам шахсан қўллов кўрсатилди.

Кўрик-танловда Россия, Украина, Арманистон, Ўзбекистон, Хитой ва Мўғулистондан қўшиқчилар иштирок этдилар. У икки гуруҳ бўйича ўтказилди: биринчиси – мусиқа билим юртлари ва коллежлари талабалари, иккинчиси – мусиқали олий ўқув юртлари талабалари. Биринчи гуруҳда танловнинг энг ёш иштирокчиси Асмик Арутюнянц ғолиба бўлди, у иккинчи мукофотни олди. Биринчи мукофот эса ҳайъат қарорига кўра ҳеч кимга берилмади.

Асмик Арутюнянц

Ҳар иккала гуруҳ танлови ҳам икки босқичдан иборат бўлди. Биринчи гуруҳ вакиллари биринчи босқичда 17-18 асрларда яшаган итальян бастакорларидан (Вивальди, Перголези, Скарлати ва б.) бирининг ариясини ҳамда халқ қўшиқларини (иложи бўлса ўз мамлакати қўшиғини), иккинчи босқичда Глюк, Гендель ёки Моцарт операларидан бирор арияни, шунингдек, рус бастакори романси ёки қўшиғини ижро этишлари керак эди.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Асмик Арутюнянц тимсолида биринчи бор бу эътиборли кўрик-танловда иштирок этди. У яқиндагина 18 ёшга тўлди. Асмик Ҳамза номидаги Тошкент мусиқа коллежининг учинчи курсини тамомлаяпти. Танловда ғолиб бўлиш Ўзбекистон Давлат консерваториясига имтиҳонсиз кириш ва унда бепул ўқиш ҳуқуқини беради. Асмик ёш бўлиши эса Ўзбекистонда мусиқа коллежлари ва билим юртларига Россиядаги каби 18 ёшдан эмас, 15 ёшдан қабул қилиниши билан изоҳланади.