19:24 msk, 16 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Озодлик» радиоси Тошкент офисининг собиқ директори радиостанцияни судга бериб, 500 минг доллар товон ундирмоқчи

12.04.2006 09:11 msk

Ўз. ахб.

«Озодлик» радиоси ўзбек хизматининг собиқ раҳбарияти номига Тошкентдан навбатдаги айбловлар айтилмоқда. «Озодлик» Тошкент бюросининг собиқ раҳбари Раҳматжон Қўлдошев ўзининг аввалги раҳбариятидан маънавий ва моддий зарар учун эндиликда 20 минг эмас, 500 минг доллар товон талаб қилмоқда.

Раҳматжон Қўлдошев «Озодлик»нинг ўзбек хизмати мухбири сифатида 1996 йилдан бери ишлаган, 2003 йилда эса Тошкент бюросига раҳбарлик қилган. 2005 йил майидаги Андижон воқеаларидан кейин Р. Қўлдошев кутилмаганда касал бўлиб қолади ва Тошкент офисига раҳбарлик қилиш ишларидан деярли четланади. У бир неча ой Тошкентда даволанади, кейин Москвага келади, бу ерда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Қўлдошевнинг кутилмаганда Тошкентда берган баёноти унинг кўпчилик ҳамкасбларини ҳайрон қолдирган. 2006 йилнинг 9 февраль куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўзлай туриб, Раҳматжон Қўлдошев радионинг ўзбек хизмати раҳбарияти ва айрим журналистлар ўзбек бюросида мустабидлик ва инсон ҳуқуқларини топташ муҳитини яратганларини билдирганди. «Озодлик»нинг Прагада жойлашган марказий офиси Тошкент бюроси журналистларини меҳнатидан фойдаланиб, шафқатсизларча ишдан ҳайдаб юбориш мумкин бўлган қуллар, деб ҳисоблайдилар, дея билдирганди Қўлдошев.

У «Озодлик» радиосининг Тошкент офисида ўн йишлаганидан кейин касбий хасталикка йўлиққани ва ногирон бўлиб қолганини гапириб берган. «Москвадаги Бурденко институтида ҳушсиз ётган пайтимда мен ишдан бўшатилган эканман. Касалхонадан чиққанимдан кейин менга пул тўламадилар, касал учун товон тўлашдан ҳам бош тортдилар. Радиода ҳалол ишлаганим эвазига охир-оқибат ҳақорат эшитдим ва қашшоқликка дучор бўлдим», - деди Қўлдошев.

Кулдашев Р.
Қўлдошев Р., «Фарғона.Ру» АА фотоси, 11.04.2006

11 апрель куни эса «Озодлик» радиостанцияси Тошкент офисининг охирги директори Раҳматжон Қўлдошев яна баёнот берди:

«Мен, Қўлдошев Раҳматжон, Озод Европа/Озодлик Радиоси (ОЕР/ОР) Тошкент бюросининг охирги директори, шу йилнинг тўққизинчи февраль куни Ўзбекистондаги ҳорижий ОАВ мухбирлари учун матбуот анжуманини ўтказгандим. Матбуот анжумани чоғида мен радиостанция маъмурияти томонидан меҳнат қонунчилигининг бузилганлигини очиб ташлагандим. Бундан ташқари, мен маънавий ва моддий зарарни қоплаш учун ОЕР/ОР раҳбариятидан 20 минг доллар талаб қилгандим. Менинг баёнотим «Фарғона.Ру» («Ferghana.ru»), «Арена» («Freeuz.org»), «Новости» РАА («Rian.ru») ва бошқа интернет-сайтларда ёйинланганди. Шунга қарамай, ҳилигача радиостанция раҳбарияти томонидан бирор-бир жавоб келгани йўқ.

1996 йилдан 2005 йилгача мен ОЕР/ОРнинг Ўзбекистондаги мухбири сифатида ишладим. 2000 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси ТИВдан аккредитация олганман. 2003-2005 йиллар мобайнида ОЕР/ОР Тошкент бюросига раҳбарлик қилганман.

Ўз фаолиятим давомида мен журналистлик ва ташкилий-раҳбарлик ишлардан ташқари, Ўзбекистон бўйлаб ишловчи 15 дан ортиқ журналистлар тайёрларган радиолавҳаларни таҳрир қилиш билан ҳам шуғулланганман. Шунга кўра, фаолиятимнинг охирги йилларида мунтазам равишда «наушник» тақиб ишлаганман, бу менинг эшитиш аппаратимга жиддий зарар етказган»

Бундан ташқари, ОЕР/ОРдаги хизматимнинг асосий қисми доимий ҳадиксираш, руҳий тангликда ўтган, чунки Ўзбекистон шароитида радиостанция талабларига жавоб бериш қийин.

Жумладан, ОЕР/ОРнинг ўзбек хизматига А. Нажимова раҳбарлик қилган пайтларда «Озодлик»нинг Тошкент бюросида қийин давр бошланди, чунки унинг мантиқсиз буйруқлари журналистларни ҳаёт учун ҳавфли бўлган шароитларда ишлашга мажбур қиларди. Бунга менинг раҳбарларим остида ишлаган журналистлар гувоҳдирлар. Бундай вазиятлар Тошкент бюросига раҳбарлик қилган пайтимда доимий руҳий қийналишларимга сабаб бўларди, чунки мен ҳар бир журналист ва унинг оила аъзоларининг ҳавфсизлиги учун жавобгар эдим».

Шундан сўнг Р. Қўлдошев 2005 йилнинг февралида оғир касалликка чалинганлиги, бундан ҳатто ҳушини йўқотар ҳолга келганлиги, кечалари ухламай чиққанини айтади. Унга кўра, 2005 йилнинг апрелида Қўлдошевни Прагадаги радиостанция раҳбариятига мени докторларга кўрсатишни ваъда қилган А. Нажимова Тошкентга келади. Унинг биринчи айтган гапи тахминан шундай бўлади: «Биласизми, Раҳматжон, радио даволанишингизга ёрдам қилолмайди, шунинг учун ишдан бўшанг».

Кейинчалик Р. Қўлдошевга маълум бўлишича, А. Нажимова ОЕР/ОРнинг ўша пайтдаги президенти Т. Дайнга нотўғри хабар берган, «унинг касали огир эмас ва мен ўзим унга ёрдам қиляпман», деган.

Бу вақт оралиғида у Ўзбекистоннинг «MDS-Сервис», профессор Ҳасановнинг шахсий клиникасида даволанган, ТошМИда операция қилдирган.

Шундан сўнг Р. Қўлдошев 2005 йилнинг 20 август куни Москвага келиб, Бурденко номидаги нейрохирургия институтида икки маротаба операция қилдирганини, орадан икки ой ўтгач ОЕР/ОР ўзбек хизматининг директори С. Жаҳфарова Р. Қўлдошевнинг Тошкент бюроси директори лавозимидан бўшатилиб, стрингерликка ўтказилгани хабар қилинган расмий ҳужжат юборганини билдиради. 2005 йилнинг декабрида уни стрингерликдан ҳам бўшатганлар. Бу пайтга келиб ОЕР/ОР Тошкент бюроси расман ёпилганди. Р. Қўлдошевга кўра, барча ходимларга товон тўланган, бироқ унга бермаганлар.

Бурденко номидаги нейрохирургия илмий-текшириш институтининг юқори даражадаги мутахассислари унга ташхис қўяр эканлар, бунинг узоқ давом этган руҳий танглик ва қулоқларнинг зўриқишидан вужудга келган касбий касаллик эканини айтганлар.

«Ҳозирги пайтда мен ногиронман ва ишга ярайман. Доим бошим оғриб туради. Бундан ташқари, эшитиш қобилиятим сусайиб бораяпти. Хотиним ишсиз, вояга етмаган (6 ва 8 ёшли) икки фарзандимиз бор. Мен бундан буён уларни боқиш имкониятига эга эмасман», - деб билдиради Р. Қўлдошев.

Шундан кейин у 10 йил ОЕР/ОР Миссиясига ишлагани, бу вақт мобайнида бирор марта ҳам меҳнат таътилига чиқмагани, кунига 12-14 соатлаб ишлагани, 2001 йилгача радиостанция уни стрингер сифатида расмийлаштиргани учун бунинг нафақага чиқишда муайян муаммолар туғдиришини айтади.

Юқорида билдирилганлардан келиб чиққан ҳолда у етказилган маънавий ва моддий зарарни қоплаш учун ОЕР/ОРдан 500 минг доллар талаб қилиб Европа судига мурожаат қилмоқчилигини билдиради.

«Радиостанция раҳбарияти мени даволаган врачлар ташхисига ишонмаслиги ҳам мумкин, шунинг учун мен касбий жиҳатдан шикаст етиши натижасида ногирон бўлиб қолганимни аниқлаш учун радиостанция маъмурияти томонидан таклиф қилинган докторлар комиссияси текширувидан розиман.

Менинг барча умидларим Европа судига қаратилган, агар бу суд ҳам ишимни кўриб чиқишни рад этса, мен ҳатто намунали демократик Европа мамлакатларига ҳам ишончимни йўқотаман», - дейди Р. Қўлдошев.