10:25 msk, 30 Май 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Янги коллективлаштириш. Ислом Каримов бойлардан сигирларни тортиб олиб, камбағалларга тарқатиб беришни буюрди

11.04.2006 20:07 msk

Денис Крилов

Март охиридан бошлаб ҳовлисида сигир, қўтос ёки ҳўкиз боққан ўзбекистонликлар тўлақонли ишчи бўлиб ҳисобланадилар ва бундан буён пенсия таъминотига ҳақли бўладилар. От, қўй, эчки, эшак ва туя эгалари меҳнаткаш ҳисобланмайдилар ва пенсияга даъвогарлик қилолмайдилар. Ўзбекистон президентининг «Шахсий томорқа, деҳқон ва фермер хўжаликларида қорамолни кўпайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳақида»ги янги қарори ана шундай қоидани жорий қилади.

Бу ҳужжат билан Ислом Каримов шахсий хўжаликларида ва деҳқон хўжаликларида йирик шохли қорамол боқувчи шахсларни аҳолининг иш билан банд қатламига киритишни буюради. Агар улар нобюжет Нафақа жамғармасига энг кам иш ҳақининг 50 фоиздан кам бўлмаган ўлчамда суғурта бадаллари тўлаган тақдирларида уларга иш стажи ёзиб борилади. Майда шохли қорамол ёки шохсиз қорамол, шунингдек, уй паррандалари эгаларига президент нима учундир эътибор қаратмайди, шу сабабли ҳам бу фуқаролар аввалгидек меҳнаткаш ҳисобланмайди ва уларга истиқболда ҳам ҳеч қандай нафақа берилиши кўзда тутилмаяпти. Бу каби дискриминацияга сабаб нима эканини президент изоҳламаган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, ҳозирги пайтда фақат чорва боқиш мамлакатдаги аҳолининг кўпчилигини базўр кун кўришига имкон яратмоқда. Ёппа ишсизлик шароитида кўпчилик ўзбекистонликлар учун бу машғулот нақд пул топишнинг ягона имконияти бўлиб ҳисобланади. Ишсизлик муаммоси Ўзбекистонда, айниқса, мамлакат аҳолисининг учдан икки қисми яшайдиган қишлоқ жойларида даҳшатли кўламларга эга бўлгани учун, президент йирик шохли қорамол эгаларини аҳолининг банд қисмига тенглаштираркан, қаламини учи билан ишсизлар сонини икки баробарга камайтирган. Фақат ушбу қарорнинг яна яримталиги тушунмовчиликни келтириб чиқаради: агар у аҳолининг иш билан таъминланган қатламига майда шохли қорамол, эшак ва уй паррандалари эгаларини ҳам қўшганда эди, Ўзбекистонда ишсизлар умуман қолмаган бўларди.

Президент ўз қарорида яна 2006 йилдан 2010 йилгача бўлган давр ичида қорамолни кўпайтиришни рағбатлантирувчи дастурни маъқуллаб қарор чиқарди. Бу дастур зотдор йирик шохли қорамолни етиштириш бўйича аукционлар ўтказишни ҳамда зооветеринария пунктлари ва ҳайвонларни сунъий уруғлантириш бўйича пунктлар тармоғини кенгайтиришни кўзда тутади. Мазкур бандларнинг бажарилиши учун шахсий жавобгарлик қишлоқ ва сув хўжалиги вазири С. Исмоилов, Қорақалпоғистон республикаси вазирлар маҳкамаси раиси ва вилоят ҳокимларига юклатилган.

Қарорга мувофиқ шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларига йирик шохли қорамол сотиб олиш учун микрокредитлар бериш кенгайтирилади. Ўзбекистон Марказий банкига меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддат ичида шахсий томорқа ва деҳқон хўжаликларида чорвачиликни ривожлантириш учун маҳалла қўмиталари кафолати остида тижорат банклари томонидан фуқароларга имтиёзли кредитлар енгиллаштириб бериш тартибини тасдиқлаш топширилган. Бошқа банд билан президент 2010 йилгача бўлган давр ичида зотдор чорвачилик хўжаликларини божхона тўловларидан озод қилишни буюрган.

Ва ниҳоят, президент қароридаги энг радикал банди: Ислом Каримов ҳокимиятларга қандайдир ҳомийлардан пул олиб (мусодара қилиб, тортиб олиб), уларга сигир сотиб олиб, кам таъминланган оилаларга тарқатиб беришни топширади.

Ҳокимиятларга ҳомийлар ҳисобидан сигир сотиб олишни буюрган президент бу ҳомийларнинг ким экани, сигирларни сотиб олиш ва уларни тарқатиб бериш учун улардан қанча пул олиш кераклигини изоҳламайди – бу масаланинг ҳал қилинишини маҳаллий расмийларга ҳавола қилади. Маблағига йирик шохли қорамол сотиб олиш ва тарқатиб бериш мўлжалланган бу номсиз ҳомийларнинг маҳаллий фермерлар ва тадбиркорлар эканини тушуниш қийин эмас, эндиликда ҳокимиятлар ходимлари улардан пул ва чорва ҳайвонларини қонун асосида оладилар. Ислом Каримовнинг ўзи учун одатий бўлмаган Робин Гуд ролида чиқиши – бойлардан мол-мулкни тортиб олиб, камбағалларга тарқатиб берилиши – улар ҳисобидан амалга оширилади…

Одатдагидай, президент қарорининг бажарилишини назорат қилиш бош вазир Шовкат Мирзиёевга юклатилган. Шунга кўра яқин келажакда республикада молларнинг бирданига кўпайиб кетишини кутиш мумкин. Бу иқтисодий ривожланишнинг ўзбекистонча модели афзалликларини яна бир

бор тасдиқлаши шубҳасиз…



 

Реклама