02:05 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда Амир Темурнинг 670 йиллиги нишонланмоқда

09.04.2006 15:23 msk

А. Кудряшов, Д. Кислов

9-апрель куни Ўзбекистонда ўзбекларнинг буюк аждоди, миллат фахри Амир Темур таваллудининг 670 йиллиги нишонланади. Темурни юксакларга кўтариш Ўзбекистонда давлат аҳамиятига молик масала. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Амир Темур ордени таъсис этилган. Республиканинг кўп шаҳарларида Соҳибқиронга атаб улуғвор ҳайкаллар бино қилинган. Ҳиёбонлар, кўчалар, метро станцияси, маданият муассасалари ва мактаблар унинг номи билан номланган.

Бу кунга бағишлаб доим кўплаган тадбирлар уюштирилади: буюк саркарда шарафига боғлар барпо қилинади, ҳатто оммавий марафонлар ҳам унинг ёдига бағишланади. Тошкент марказидаги Темурийлар тарихи Давлат музейида эса ўзбекистонлик рассомларнинг Темур ва унинг авлодлар ҳукмронлиги даври романтик ва улуғвор тарзда ифодаланган асарларидан иборат кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

Бу бадиий асарлар замонавий муаллифлар томонидан Европа санъатида XVII аср охирида пайдо бўлган мезонлар бўйича яратилган, у давр йирик марказлашган империяларнинг ташкил топиш топиш даври бўлиб, уларнинг миллий мафкураси ўтмишни улуғлашдан таянч қидирарди. Айнан ўша пайтларда муйқалам усталари, ҳайкалтарошлар ва меъморлар жамиятнинг уйғун тузилгани ғоясини ифода этишга уринишиб, Антик давр, Қадимги Рим ва Уйғониш даврининг монументал намуналарига мурожаат қилган эдилар, бунда инсоннинг индивидуал қалб туғёнлари тўлалигича миллат ва давлат манфаатларига бўйсундирилганди.

Мальчик у постамента памятника Тимуру в центре Ташкента
Тошкент марказидаги Темур ҳайкали пойида

Ўзбекистон мустақиллиги бўлганидан бери ўтган 14 йил ичида давлатнинг ўзбек миллати шаклланишини Амир Темурнинг афсонавор империясига боғловчи мустақиллик мафкураси ўзига хос бадиий мактаб яратди, унинг вакиллари қаҳрамонлик классицизми тамойилларини миллий колорит унсурлари билан уйғунлаштирадилар. Темурийлар тарихи музейи залларига қўйилган ўнлаб асарлар «олтин давр» муҳитини яратади. Рассомлар наздида буюк саркарда Темур ҳамда унинг маърифатли ворислари ҳукмронлиги даври Марказий Осиё учун айнан шундай давр бўлган.

Экспозиция марказига Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Жавлон Умарбеков томонидан яратилган йирик асар – «Элчилар Амир Темур қабулида» асари турибди. Асар композицияси бир қадар жумбоқли. Миср фиръавнлари акс этган суратлардаги каби юлдузли осмон фонида бурч юлдузлари доираси ичига жойлаштирилган ҳукмдор фигураси пастда қуллуқ қилиб, тараддудланиб, тўп бўлиб турган чет мамлакатлар элчилари фигурачаларидан анча катта қилиб тасвирланган. Елкасига йўлбарс терисини ташлаб олган, ката қилични оёғи билан босиб ўтирган Темур ўйга шўмғиган ва элчилар томонга ҳатто қарамайди ҳам. Умарбековга хос муболағаворлик билан бажарилган ишдан ғалати ҳашамат бўйи анқийди.

Амир Темур музейига қўйилган кўп ишларга қараб туриб, беихтиёр тасвирий санъат учун ташқи ифода эркинлиги эмас, ижодкорни илҳомлантирган мавзу муҳимроқ бўлса керак, деган фикрга келасан. Авангардчилар лагерига мансуб танқидчилар ҳақли равишда таъкидлаганларидек, Ўзбекистондаги рассомлар ижодига қатъий мафкуравий чегаралар белгилаб берувчи давлат босими замонавий бадиий оқимлар ривожланишида унинг минтақадаги қўшни мамлакатлар билан солиштирганда сезиларли даражада орқада қолишига сабаб бўлмоқда. Бироқ, бошқа жиҳатдан расмийлар мафкурага катта эътибор қаратадиган ва санъатга «ижтимоий институт» деб қаровчи авторитар жамиятлардагина монументал санъат давлат кўмагида ривожланиши мумкин. Ундаги қаҳрамонлик пафоси оммабоп маданият даври учун зид ва эскиргандай кўриниши мумкин, лекин у ўзига хосдир.

«Узоқ йиллар мобайнида мустамлака исканжасида кун кечирган халқимиз буюк ватандошларимизни қадрлаш, уларнинг тарихий мавқеини муносиб ўринга қўйиш имконидан маҳрум эди. Xaлқимиз юрагидан миллий онг, миллий ғурур туйғусини йўқотиш, миллатимизни қарамликка кўндириш мақсадида улуғ аждодларимизнинг номлари тарих саҳифаларидан ўчирилган, ибратли ҳаёт тарзи унутишга маҳрум этилган, уларнинг маданий-маънавий мероси эса топталган даврлар ҳамон ёдимизда… Андижондаги террорчилик ҳаракатлари ўз вақтида бартараф этилгач, ана шу қўпорувчиликларнинг бошида турган баъзи аламзада кучлар мустақил мамлакатимизга, озод халқимизга, миллий манфаатларимизга қарши ахборот хуружларига зўр бермоқдалар. Шу маънода Амир Темур шаънига туҳмат тошларини ёғдиришдан кўзланган мақсад, шўролар замонида бўлганидек, бизни яна буюк тарихимиздан жудо қилишга интилишдан бошқа нарса эмас», деб ёзадилар ҳукумат ОАВ 9-апрель арафасида. Шундан сўнг мамлакат президенти Ислом Каримовнинг Амир Темур 670 йиллик юбилейи муносабати билан айтилган фикрларини иқтибос сифатида келтирилади: «Амир Темур шахсини идрок этиш – тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш – ўзимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш – тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб, буюк келаагимизга ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир».

У памятника Тимуру в центре Ташкента

Андрей Кудряшов (Тошкент), Даниил Кислов (Москва)

© Фарғона.Ру фотоси