06:25 msk, 19 Январь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Носир Зокиров: «Қамоқхонада ҳурматимни жойига қўйишди...»

06.04.2006 12:13 msk

Ўз. ахб. (Тошкент)

ОЗОДЛИКДАН КЕЙИНГИ ҲИКОЯ

«Озодлик» радиосининг Намангандаги мухбири Носир Зокиров 2005 йилнинг августида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ходимини ҳақорат қилгани учун олти ойлик қамоққа ҳукм қилинганди. Маҳкама айбланувчининг адвокати иштирокисиз ва гувоҳларнинг сўровисиз ўтказилганди. Бу воқеаларнинг қандай кечгани ҳамда унинг қамоқ муддатини қандай ўтгани ҳақида Носир Зокиров «Фарғона.Ру»га гапириб берди.

Носир Зокиров: - 1993 йилдан бери радиожурналист бўлиб ишлайман. Бунгача «Бирлик» халқ ҳаракатининг Наманган вилоят кенгаши раиси эдим, бироқ «Озодлик» радиосида мухбир бўлиб ишлай бошлагач, ундан чиққандим. Ўшанда унча узоқ ишламадим: 27 ноябрь куни махсус хизмат вакиллар гиёҳванд моддалар ва граната солиб қўйишган, кейин мени икки йилга озодликдан маҳрум қилгандилар.

Фарғона.Ру: - Қаерга солиб қўйишади?

Носир Зокиров: - Дўппимга. Қўлимни қайириб туриб солиб қўйишган. Икки ярим йил беришди. Бир йилдан кейин президент авфи (амнистияси) чиқиб, бешта сиёсий маҳбус озод этилди, шу жумладан, мен ҳам. Қамоқдан чиққандан кейин икки йил ишсиз юрдим, бозорда савдо қилдим... 1996 йилдан бошлаб то 2005 йилнинг 26 августигача эса яна «Озодлик» радиосида ишлай бошладим, ўша куни мени яна қамадилар... Андижонда бошланган ишларни мен журналистлар ичида биринчилардан бўлиб хабар қилгандим. Мен бу ҳақда тунги соат иккиларда эшитдим, тезда материал тайёрладим ва эрталаб соат олтида материал эфирга чиқди. Шундан кейин менга қаттиқ босим ўтказа бошладилар. Республика газеталарида ҳам, Наманган вилояти газеталарида ҳам ҳақоратомуз мақолалар пайдо бўлди. Кейин менинг орқамда доимий кузатув бошланди – ҳар куни ортимдан бир машина юради ва ундан туриб мени кузатадилар. Хотиним билан чойхонада ўтириб овқатланамиз – улар бўлса ўша ерда ўтириб олиб бизни кузатадилар. Қўшниларимиз ҳатто уларни бир марта ушлаб ҳам олдилар... Хотиним билан ўтираманми, оғайним биланми, футбол томоша қиламанми – мен футболни яхши кўраман – улар доим мени кузатардилар. Охир-оқибат буларнинг ҳаммаси жонимга тегиб кетди ва мен олтинчи август куни кечқурун МХХ вилоят бўлимига қўнғироқ қилиб, улар билан сўкишиб кетдим: «Нимага мени орқамдан юрасизлар?» деб. Умуман олганда, мен уларни сўкканман.

Фарғона.Ру: - Сиз аниқ бир шахсга қўнғироқ қилдингизми ёки шунчаки МХХ рақамини тердингизми?

Носир Зокиров: - Навбатчига қўнғироқ қилдим... Бу кечқурун соат ўнларда бўлганди. «Ҳар куни орқамдан пойлаб юрганларга бундай қилмаслик кераклигини айтиб қўйинг, дедим. Эртага режим алмашса, одамларнинг кўзига қандай қарайсизлар?» Умуман олганда, мен сўкингандим. Шуни баҳона қилиб менга қарши жиноий иш очишиб, қамоққа тиқишди. Мен айбланган 140-модда (хизмат вазифасини ўташ пайтида мансабдор шахсни ҳақорат қилганлик) жарима шаклидаги жазони кўзда тутарди, лекин улар менга олти ойлик қамоқ муддати беришди. Маҳкама жараёни 26 август куни бўлиб ўтди: бу ҳақиқий томоша эди. Наманган шаҳар суди ҳаками Абдуғафур Содиқов мени алдади. Менинг адвокатим йўқ эди, тўғрироғи бор эди-ю ўша куни Тошкентда эди. Ҳакам: «Бугун бошлаб турайлик, душанба куни эса адвокатингиз билан биргаликда давом эттирамиз», деди. Мен суд бошланиши учун розилик бердим, улар ўша ернинг ўзидаёқ менга олти ой беришди. Бу спектакль бўлмасдан нима?

Фарғона.Ру: - Сизнинг МХХга қўнғироқ қилишингизга сабаб, махсус хизматлар сизга интервью берган Ҳайдарали Комиловни ўз сўзидан тонишга мажбур қилганлиги, дея хабар қилинганди. Сиз шу сабабдан қўнғироқ қилмаганмидингиз?

Носир Зокиров: - Йўқ, мен бунинг учун қўнғироқ қилмагандим. Шоир менга интервью бериб, ўзининг Андижон воқеалари ва Каримов ҳақидаги янги шеърларини ўқиб берганди. Бир жойда у: «Ислом Каримовни от, у одамларни отди!», деб ёзганди. Мен унга: «Шу икки мисрани эфирга бермаслик керак, сизга қийин бўлади, дўстим», дедим. У бўлса туриб олди. Биз буни эфирга бердик. Албатта, бу нотўғри эди, бу ҳақорат, чақириқ эди... Кейин шоирни сўроққа чақиришиб, гувоҳ сифатида сўроққа тутишган. Сўроқдан кейин у менинг олдимга келиб: «Носир ака, улар фақат сиз ҳақингизда сўрашди», деди. Унга кўра, улар «бизга сиз эмас, Носир Зокиров керак», дейишган. Лекин мен МХХга бу сабабли эмас, балки мени доимий равишда кузатиб юрганлари учун қўнғироқ қилгандим. Мен буни МХХчилар қилишаяпти, деб ўйлардим, аммо мени қамоққа ўтқазганларидан кейин, улар буни инкор қилишди. Қамоққа тиққанларидан кейин мендан нима учун уларни сўкканимни сўрашди. Мен нима учунлигини айтдим. Улар буни қилмаганларини айтишди: «Буни биз қилмадик, бошқа ташкилот қилди», деб. Демак, бу милиция бўлган. Кейинчалик МХХда менга: «Агар сизнинг гапларингиз керак бўлса, биз шундай ҳам уларни тинглай олардик, бизда техника кучли», дейишди.

Фарғона.Ру: - Кейин нима бўлди?

Носир Зокиров: - Кейин мен олти ой ўтирдим. Икки ярим ой вилоят МХХ қамоғида ва уч ярим ой ИИВ қамоқхонасида. Мени урмадилар, тегмадилар, мен билан одамга ўхшаб яхши гаплашардилар. Мендан: «Сиз қонун бўйича ишлаган пайтингизда, биз сизга текканмидик?» деб сўрашарди. «Йўқ». «Биз сизга тегмагандик, лекин сиз бизнинг ходимимизни ҳақорат қила бошладингиз. Сиз ўзингиз уни сўкдингиз, шунинг учун ҳам бу ерда ўтирибсиз».

Фарғона.Ру: - Сизга қандай муомалада бўлишди?

Носир Зокиров: - Менга тегишмасди, лекин ҳеч қандай ахборотсиз ўтириш жуда қийин кечди. Мени қамоққа ўтқазишганида, мен Қирғизистондаги андижонлик қочоқларнинг ҳоли нима кечар экан – уларни топширармиканлар ёки йўқми, деб ўйлардим. Биз у ерда ҳеч қандай ахборот ололмасдик... Руҳий жиҳатдан жуда қийин бўлди. Менинг бешта болам, невараларим ўша пайтда менинг ойлигим ҳисобидан кун кўрардилар. Фақат мен ишлардим, невараларим ҳам ишлашмасди – ўша пайтда иш йўқ эди... Қамоқхонада бўлса менга турлича муносабатда бўлардилар. Масалан, шаҳар милицияси бошлиғи Икром Қўлдошев (менга олти ой беришлари билан унинг олдига олиб боришганди) шундай деганди: «Мана, Носир ака, сиз «Мени қамай олмайсанлар», дердингиз. Кўриб турибсиз – қамай оламиз. «Фридом Хаус»ни ёпишганини эшитдингизми?» «Эшитдим». «Мана – сизни қамашди, «Фридом Хаус»ни ёпишди, сизнинг «Озодлик» радиоингизни ҳам ёпишди. Энди олти ой ўтириб, ўз давлатингиз ва халқингизни севишни ўрганасиз». Худди мен душмандай. Яна у менга: «Америка сизларга бу ерда уруш чиқаришингиз учун пул бераяпти», деди. Кўраяпсизми улар нима деб ўйлаётганларини? Уларнинг фикрича, биз ана шунақа одамлармиз...

Фарғона.Ру: - Бошқа маҳбуслар сизга қандай муомалада бўлишди?

Носир Зокиров: - Одамлар менга яхши муомалада бўлишди. Мен уларга «Озодлик»да ишлашимни айтдим – маълум бўлишича, уларнинг кўпчилиги менинг мақолаларимни эшитган эканлар (Фарғона водийсида жуда кўпчилик радио эшитади). Мени эшиттиришларим орқали билишарди ва ҳурматимни жойига қўйишарди. Мен бошқача бўлади деб ўйловдим: бирор нарса ташлаб қўйишади ва калтаклашади, деб гумон қилувдим. Лекин тўғрисини айтиш керак, бундай қилишмади. Милиция ҳам 1993 йилдагидек менга душманлик билан қарамади... Яхши гаплашишарди. Баъзилари: «Носир ака, биз сизни биламиз, эшитамиз. Лекин сиз сўкинибсиз – бу тўғри эмас». Оддий милиционерлар менга жуда яхши муносабатда бўлишарди. Бошқаларга қандай муносабатда бўлишганини билмайман. У ерда ўтирган кишилар калтаклашларини айтардилар. Сўроққа тутишганда урар эканлар. Терговда уришади, қамоқхонада бўлса урмайдилар. Зоналарда ҳам уришади. Кўрган кишиларнинг менга айтиб беришларича, 159-модда билан тушганларга жуда оғир бўларкан.

Фарғона.Ру: - Камерада неча киши ётарди?

Носир Зокиров: - Камера олти кишилик эди, баъзан икки, баъзан тўрт, баъзан беш киши бўларди. Охирги пайтларда уч киши ўтирганди. Улар тез-тез алмашиб турардилар. Кўпчиликни авфдан кейин озод қилишди. Олти ойга ҳукм қилинганларга уйдан озиқ-овқат ҳам, газета ҳам берилмайди, учрашувга ҳам рухсат этилмайди – қамоқхонада тартиб шунақа. Менга уйдан келган у-бу нарсаларни беришди, оилам билан учрашишга рухсат этишди. Бошқаларга беришмасди, менга эса ҳурмат ифодаси сифатида беришди.

Фарғона.Ру: - Қамоқхонада овқат етишмайди, дейишади...

Носир Зокиров: - Овқат етишмагани тўғри. Озодликда юрганингда яхши овқатланасан, у ерда бўлса ўзининг овқати бор, дастлабки ҳафталарда уни ейиш жуда қийин бўлади. Бирор ой ўтгач, ўрганиб кетасиз. Кунига уч бўлак нон беришади – эрталаб битта, тушликда битта, кечқурун битта. Асосан картошка ёки макарон, баъзан эса гуруч беришади. Байрам кунлари ҳатто ош қилишади... Гўшт мана бунчалик беришади... (кулади)

Фарғона.Ру: - Қайси байрамларда ош беришди?

Носир Зокиров: - Мен қамоқхонада ўтирган пайтда мусулмонларнинг икки байрам – Қурбон ҳайити ва Рўза ҳайити, Янги йил, Конституция куни (8 декабрь) нишонланди. Ҳаммаси бўлиб бешта байрам бўлди – биз беш марта «ош» едик...

Фарғона.Ру: - Судланган «диндор»лар ҳам ўтирдими сиз билан?

Носир Зокиров: - Йўқ, мени уларга яқин йўлатмасдилар. Мен билан фақат жиноий модда бўйича судланган кишилар ўтирганлар.

Фарғона.Ру: - Андижон воқеалари ҳақида қамоқда нималарнидир гапирадиларми?

Носир Зокиров: - Одамлар у ерда нималар бўлганини биладилар. Ҳамма билади. Лекин менинг олдимда кимдир бу ҳақда гапириб бошласа, мен унга: «Шошма. Менга қийин бўлмайди – сенга қийин бўлади. Бу ерда гапирма. Озодликка чиққандан кейин гаплашамиз», дердим. Қаердан биласиз, балки суҳбатимизни ёзиб олишаётгандир...

Фарғона.Ру: - Умуман олганда, олти ой шу зайлда ўтдими?

Носир Зокиров: - Ҳа, олти ой ичида бешта камерада ўтирдим... Жуда қийин бўлди. Руҳан қийин бўлди. Лекин мен ўша ерда ўтириб, журналистлар ва халқаро ташкилотлар мени қўллаб-қувватлаётганларини ҳис қилардим. Бир куни адвокатим келди, у ерда бир милиционер бор эди, адвокат ундан уч дақиқага бизни ёлғиз қолдиришга рухсат сўради. У менга Интернетдан олинган материални кўрсатди: саккизта халқаро ташкилот, бизнинг радио ва бошқа ташкилотлар мени ҳимоя қилиб чиққан эдилар. Мен бундан жуда хурсанд бўлдим. Мен шундай бўлишини билардим.

Фарғона.Ру: - Яъни, ҳамкасблар қўллови сезилармиди?

Носир Зокиров: - Ҳа, мен бу ҳам милиционерларнинг менга нисбатан муомаласига таъсир қилган, деб ўйлайман. Сайрга чиққанимизда (биз ҳар куни бир соатлик сайрга чиқардик) улар мени «Ў-ў, Носир ака!», деб олқишлашарди. Мен у ерда милиционерлар билан турли муаммолар юзасидан суҳбатлашардим... Худога шукр, менга одамдай муомалада бўлишди. 1993 йилда мен саккиз ой Тоштурмада ва икки ой Наманган қамоқхонасида ўтирганимда, улар менга душманга қарагандай қарардилар... Ахир, ҳозир мамлакатда нималар бўлаётганини улар ҳам тушунадилар-да... Бошқа журналистлар ва жаҳон ташкилотларининг қўлловисиз менга анча қийин бўларди. Мен бу қўллов учун улардан жуда миннатдорман...

Носир Зокиров
Носир Зокиров. Фарғона.Ру фотоси

ТАҲРИРИЯТДАН

Носир Зокиров 1952 йилда туғилган. Профессионал актер, қўшиқчи. 1971 йилдан 1992 йилгача Наманган вилоят театрида ишлаб, элликдан ортиқ роль ижро этган. У ижро этган етмиштача қўшиқ Тошкентдаги Республика радиоси фонотекасида сақланади. 1996 йилдан 2005 йилгача «Озодлик» радиоси мухбири бўлиб ишлаган. Уйланган, беш фарзанди ва уч невараси бор. Наманганда истиқомат қилади.