05:10 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Шоҳимардон: аросатда қолган қишлоқ ташқи дунёдан узилиб қолмоқда

04.04.2006 17:29 msk

ўз. ахб.

Бундан 10 йиллар муқаддам апрель-май ойлариданоқ зиёратгоҳни сайёҳлар, зиёратчилар босиб кетарди. Қишлоқ аҳолиси асосан туризм орқасидан тирикчилик қиларди. 1998 йил келган селдан кейин Шоҳимардон зиёратчилари бирмунча камайган бўлса, чегара постларидаги назоратнинг кучайтирилиши оқибатида Шоҳимардон бутунлай ҳувиллаб қолди.

- Мавсум пайтида 70-80 минглаб меҳмонларни кузатардик. Эндичи? Шунинг ўндан бири ҳам йўқ хозир, - дейди қишлоқ фуқароси Эркин Саидорипов. - Чегара постлари аҳолини жуда қийнаб юборди. Шу ерда яшаб туриб, биз ҳам чегарадан ўтишга қийналяпмиз. Бора-бора, аста-секин аҳвол қийинлашиб боряпти. Шаҳарга қатнаб ишлаймиз. Бориб-келиш ниҳоятда азоб. Постларга пул бериб ўтамиз. Айниқса, зиёратчилар анча пул сарфлашларига тугри келаяпти. Бир марта келиб кетгандан сўнг биров қайтиб Шоҳимардонни ҳавас қилмай қўяяпти.

Одамларнинг айтишларича, қишлоқ аҳолиси учун постлардан ўтиш нархи 200-500 сўм. Шаҳарга тушадиган транспортлар учун эса 1000 сўм. Неча марта ўтилса, ўшанча марта пул бериш керак. Зиёратчилар учун эса уларнинг қайси вилоятдан экани ва молиявий шароитига қараб пул олинади.

- Кўнглида ният қилиб қўйган одамлар мажбур Шоҳимардонга келади, аммо постларда таланиб қайтиб кетади, - дейди Олимжон Муҳсинов. - Бошқа вилоятдан бўлса, масалан тошкентликми, воҳаликми ёки ўзимизнинг қўшни Андижон, битта постга 5-10 мингдан пул бериб ўтади. Йулда саккиз-ўнта пост бор. Ўша пулни сарф қилиб келиб-кетгандан кўра, уйида бола-чақасига едиргани яхшида!

Зиёратчиларнинг камайиши, Фарғона шаҳрига бориб-келиш харажати кўпайиб кетгани аҳоли туруш даражасининг кескин пасайишига олиб келди. 73 ёшли отахон Турдибой Юсуповнинг айтишига қараганда, Шоҳимардон аҳолисининг 90 фоизи камбағал ҳаёт кечиради.

- Мен жуда камбағалман, - тан олади Турдибой ота. – Чолу кампир пенсиямиз етмайди. Ўғиллар ёрдам қилиб туради-ю, аммо улар ҳам ўзларидан ортмаяпти. Молларимиз кўп эди. Ҳозир биттагина қолган. Илгари яйловлардан бемалол фойдаланардик. Сеники-меники йўқ эди. Қирғизистон билан ўртада чегаралар пайдо бўлгандан кейин қўшниларимиз, молларимизни яйловга чиқарамиз десак, яйлов пули сўрашяпти. Битта қорамолга 2 минг сўмдан олишади. Майда молларга, қўй-эчкиларга 500 сўмдан. Унақа пул йўқ-да бизда. Шунинг учун чорва билан шуғулланадиганлар ҳам молларини боқолмай камайтиришга мажбур бўлаяптилар.

Қишлоқ марказида катта чойхона бор. Шоҳимардоннинг кексалари чойхонада ўтириб олиб, Шоҳимардоннинг келажаги, бугуни ҳақида ҳар кун бош қотирадилар. Уларнинг айтишларича, Шоҳимардон ташқи дунёдан узилиб қолган.

- Иккита катта қишлоғимиз бор: Ёрдон ва Шоҳимардон. Шуларга Қирғизистон орқали битта йўлак йўлимиз йўқ, - дейди Бахтиёр Абдураҳимов. - Қишин-ёзин паспорт системасида яшаймиз. Чегараларимизни биров келиб, манов Қирғизистоники, манов Ўзбекистонники деб кўрсатганмас. Чегараларимиз қаердан қаергачалигини ҳам билмаймиз. Ё бирон бир раҳбар келиб, бизнинг ҳолимиздан хабар олмайди. Ўзбекистон ҳукуматига Шоҳимардон керакми ўзи-йўқми? Ёки бирон бир муаммо чиққанида бунинг олди олинадими? Бундан буёғига бизнинг аҳволимиз нима кечади?

Шоҳимардонда завод, фабрика, ишлаб чиқариш корхоналари йўқ. Аҳоли асосан деҳқончилик, чорва билан шуғулланади. Маҳалла фуқаролар йиғини вакили Козимжон Камоловнинг айтишича, бола-чақа боқиш учун айримлар ҳатто тошлоқ ерларни ҳам ўзлаштириб ишлаяптилар.

- Совет даврида Шоҳимардон ҳудудида олтита пионерлар лагери бўларди, - дейди Козимжон ака. - Дам олиш зоналари бўларди. Аҳоли шу ерларда ишларди. Ҳозир ҳаммаси сотилиб кетган. Аҳолимизнинг ярмидан кўпи ишсиз. Айниқса ёшлар. Сабаби, шаҳарга бориб ишлай деса, унинг ойлиги йўлкирани ҳам қопламайди. Ишлашдан наф йўқ.

Шоҳимардонда 5 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ фуқаролар йиғинидан маълумот беришларича, вилоятга бориб ишлайдиган оилаларнинг кўпчилиги аста-секин Шоҳимардондан кўчиб кетмоқда. Аммо негадир Ўзбекистон ҳукумати Шоҳимардон масаласини ҳанузгача ҳал этгани, ҳеч бўлмаса шоҳимардонликлар турмуш шароитларини яхшилаш учун ҳаракат қилгани йўқ.

- Фарғона вилояти маъмурияти томонидан бизга ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди,- дейди қишлоқ фуқаролар йиғини вакили Аҳлидин Иминов. - Ҳатто раҳбарларимизнинг келиб-кетишлари ҳам қийин. Битта сопровождение (расмий ҳамроҳлар – муҳаррир изоҳи), милиция ходимлари бўлмаса, улар ҳам ўтолмайди. Қирғиз чегараларида ҳатто раҳбарларимиз қайтиб кетган пайтлари ҳам бўлган. Биз гўё моховлар яшайдиган, биров келолмайдиган, қамал қилинган шаҳарчага ўхшаб қолаяпмиз.