05:49 msk, 18 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Раҳмоновнинг янги махфий қароргоҳи Нурек ёнида жойлашган. Президентнинг дала ҳовлисини Россия махсус ҳарбий отряди қўриқлайди

04.04.2006 11:27 msk

Ўз. ахб.

«Фарғона.Ру» хабари ва фотоси

Президент Эмомали Раҳмонов ҳаётида ҳар хил воқеалар бўлиб туради. Агар Тожикистоннинг энг янги тарихидаги оғир йилларни эсласак, унинг ҳаёти бир неча бор хавф остида қолганди. Шу сабабдан унинг ўз хавфсизлиги юзасидан қайғуриши тушунарли. Балки айнан шунинг учун бўлса керак, фазовий қўшинларнинг «Окно» оптик-электрон бўғинини Россия ихтиёрига топшириш (2004 йилнинг октябри) ҳақидаги шартномани имзолашдан роса бир йил олдин Тожикистон президенти россиялик ҳарбийларни ўзига қўшни қилиб танлагандир. Раҳмонов Помир қарағайидан солинган ҳашаматли ёғоч ҳовлисини айнан «Окно» ёнига қурган (суратда).

Тасвирни катталаштириш учун нуқинг

Дала ҳовли Россиянинг МДҲ ҳаво майдонларини назорат қилувчи ва РФ ҲК махсус тайёргарликдан ўтган отряди томонидан қўриқланувчи ўта маҳфий ҳарбий объектидан бор-йўғи 800-900 метр нарида жойлашган. Россия ҳарбий телескоплари турган шаҳарча ҳам, Раҳмонов дала ҳовлиси ҳудуди ҳам ўтиб бўлмас тўқайзорлар билан ўралган, тоғ ёнбағридаги кичик сайҳонликда жойлашган. Бу Санглок тоғларидаги (денгиз сатҳидан 2200 метр баландликда) жойдир. Ундан тожиклар, россиялик мутахассислар ва ҳарбийлар яшайдиган Нурек шаҳри (Душанбе жануби-шарқидан 68 км олисликда) кафтдек кўриниб туради. Дала ҳовли деразаларидан Нурек ГЭСи тўғони ҳам кўриниб туради, бу сунъий кўл бўйлаб қайиқлар сузиб юради.

Раҳмоновнинг дала ҳовлиси яхшилаб ўралган, алоҳида озиқ-овқат заҳирасига эга, ҳаммаёқ Тожикистон президенти ҳавфсизлик хизмати ходимлари томонидан кўздан кечирилиб ва қўриқланиб турилади. Дала ҳовлига фақат битта автойўл бўлиб, уни Россия аскарлари қаттиқ қўриқлайдилар. Аммо Эмомали Раҳмонов қароргоҳга вертолетда ҳам келиши мумкин: сайҳонликда бир неча қўниш майдончалари бор. Умуман олганда, Тожикистон раҳбарининг ҳордиғига ҳеч нима ҳавф солмайди.

«Окно»дан (Нурек) бошқа Раҳмоновнинг Варзоб тўқайида (Душанбага чиқаверишда) ҳамда ўз ватани – Кўлобдаги қишлоқлардан бирида ҳам дала ҳовлилари бор.