02:08 msk, 24 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Тошкентда Германия-Ўзбекистон видео-арт кечаси бўлиб ўтди

03.04.2006 11:34 msk

Сид Янишев

© Сид Янишев фотоси

31 март куни Ўзбекистон Миллий банкининг Тасвирий санъат галереяси қошидаги Рассомлар клубида видео-арт кечаси бўлиб ўтди. Унда немис рассоми Дитер Хоффмейстер ўз фильмлари ва фотосуратларини тошкентликлар эътиборига ҳавола қилди. Кеча сўнгида ташкилотчилар томонидан тошкентлик рассомлар Вячеслав Охунов ва Александр Николаевнинг фильмлари намойиш қилинди.


Немис рассоми Дитер Хоффмейстер ва унинг рафиқаси Аденхайт Зиверт

Хоффмейстер Тошкентга ўз рафиқаси Франкфуртдаги Педагогике институти директори ва профессори Аденхайт Зиверт билан бирга келган. Гап шундаки, икки йил аввал Ўзбекистон Маданият институти доценти Муҳайё Мирзаева саккиз ой Германияда бўлиб қайтган, у ерда бу мамлакатдаги ва ўз ватанидаги эстетик тарбиянинг ўхшаш ва фарқли томонлари масаласи бўйича катта илмий тадқиқот олиб борганди. Ўша ерда у Аденхайт Зиверт билан танишади. Тиғиз мулоқот натижасида Тошкентда «Аёл жамиятнинг маданий тараққиётида» мавзусида семинар ўтказиш ғояси туғилади, бу семинар ҳам 4-5 апрель кунлари Рассомлар клубида бўлиб ўтади. Бу семинарда Зиверт ўз маърузасини ўқийди, Ўзбекистон томонидан эса Санъат ва дизайн институти, М. Уйғур номидаги Санъат институти, Маданият институти, Низомий номидаги Педагогика университети ва Термиз университетининг аёл ўқитувчилари иштирок этадилар.

Ўз рафиқасининг Шарққа қилинажак сафаридан хабар топган Дитер Хоффмейстер ҳам тошкентликларни ўз қобилияти билан лол қолдиришни истаган, натижада унинг ижодига алоҳида кеча ташкил этишга қарор қилинган. Бир соат мобайнида асосан рассомлар ва ижодкор талабалардан иборат тошкентликлар бу ижоднинг моҳияти нимадан иборатлигини тушунишга уриндилар.

Хоффмейстернинг биринчи фильми Венеция ҳақида бўлди. Буни фильм деб, айниқса, видео-арт деб аташ жуда қийин. Бу мазкур шаҳарда бўлган ҳар қандай сайёҳ тасвирга олиши мумкин бўлган, рақамли камерада тасвирга олинган оддий оилавий видеодир. Муаллиф шунчаки бу шаҳар бўйлаб қилинган экскурсияни тасвирга олган, ҳатто тасвир устига қандайдир бир мусиқа қўйиш кераклиги ҳам хаёлига келмаган. Ҳеч қандай тасвирий нафосат йўқ – шунчаки нўноқларча олинган шаҳар тасвири, ҳеч қандай концепция йўқ, фақат тошкентликларга «Кўриб қўйинглар, мана бу Венеция бўлади» дегандек истак бор, холос.

«Саёҳат» номли иккинчи фильм ҳам ҳайрат уйғотмади. Унда муаллиф примитив равишда ўрмон саёҳатини тасвирга олган.

Фильмларни намойиш қилиб бўлгач, Дитер Хоффмейстер томошабинларда ўз картиналари ва фотосуратлари билан таассурот қолдирмоқчи бўлди. Мойбўёқ билан чизилган суратлар унчалик ёмон эмас, аммо у худди видеотехника билан улфат бўлолмаганидек, фототехникани ҳам яхши билмас экан. Мутлақо дидсизлик билан олинган суратлар, кадр концепцияси умуман йўқ. Рассом ўзининг ҳар бир иши олдида томошабинларни нотабиий тарзда жуда узоқ ушлаб туриб, уларнинг мазмуни ҳақида гапирди.

Вақти-вақти билан шундай хаёл пайдо бўларди: бу бизни ким деб ўйлаяпти? Ривожланмай қолган бир қишлоқилар дебми? Қисқаси, шарт туриб кетиб қолишдан ўзбек рассомларини кўриш иштиёқи ушлаб турарди.

Маълум бўлишича, бекорга кутмаган эканмиз. Немис рассоми ҳақида айтилганларнинг ҳеч қайсиси Николаев ва Охуновга алоқадор эмас.


Вячеслав Охунов

Айниқса, Вячаслав Охуновнинг «Канарека дон» номли янги ишини алоҳида қайд этиш керак. Фильм Тошкентнинг «Эски жўва» бозорида тасвирга олинган. Даставвал муаллиф жониворларнинг бошлари, туёқлари ва ичак-чавоқлари турган қатор гўшт расталарини кўрсатади. Кейин кадрда ўзбек халқ қўшиқларини куйлаб, доира ва рубоб чалиб бораётган икки кўр мусиқачи пайдо бўлади. Бир қиз етовидаги бу мусиқачилар бутун бозорни айланиб, нонга етарли арзимаган пул топадилар, фильм сўнгида оломон ичида ғойиб бўладилар.

- Бу фильм билан мен Ўзбекистондаги кўрлар муаммосига эътибор қаратмоқчиман, - дейди муаллиф, - яъни фильмда бу оғир ижтимоий муаммо кўтарилади, инсталляцияда у бор бўйи билан кўринади: экран атрофидаги деворда кўрлар учун чиқарилган китоблардан йиртиб олинган варақлар осиб қўйилади...