08:28 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

«Немис тўлқини» радиоси Тошкентдаги мухбирининг турмушини кимдир оғирлаштирмоқчига ўхшайди

31.03.2006 22:47 msk

Ўз. ахб. (Тошкент)

28 март куни «Немис тўлқини» радиостанциясининг Ўзбекистондаги мухбири Наталья Бушуева хонадонидаги телефон тўхтовсиз жаранглай бошлади. Қўнғироқ қилганлар (улар бўлса жуда кўпчилик эдилар) уй неча пул экани ва Натальянинг интим хизматлар кўрсатиши нақадар рост экани билан қизиққанлар. Маълум бўлишича, пойтахт кўчаларида Натальянинг исми ва телефони кўрсатилган эълонлар ёпиштирилиб, уларнинг бирида бека уч хонали квартирани арзон-гаров сотиши, бошқаларида эса у шаҳвоний уқалаш ҳамда бошқа шаҳвоний хизматлар кўрсатиши ёзилган экан. Эълонлар бир кечанинг ўзида ҳамма жойга осиб ташланган, шундан кейин журналистга гуррас-гуррас қўнғироқ қила бошлаганлар. Биринчи кун юзтача қўнғироқ бўлган, эртаси куни бироз камайган.

- Ҳаммаси эрталабдан бошланди, - дейди Наталья. – Телефоннинг умуман овози ўчмади... Эълонлар икки хил эди. Биринчиси: «Арзон, зудлик билан, уч хонали квартира сотилади. Ғиштин уй, таъмирланган, айвонли, иккинчи қават». Кейин менинг телефоним ва қавс ичида исмим (Наталья) ёзилган. Албатта, «арзон ва зудлик билан» бўлса, қанча қўнғироқ бўлганини тасаввур қилишингиз мумкин... Иккинчи хил эълон, қўнғироқ қилганларга кўра, бир неча турли бўлган. Юқорида: «Сиз учун ажойиб уқалаш», деб ёзилиб, кейин исмим, телефоним берилган, унинг тагида эса кўкрагида «сауна плюс интим» деб ёзилган аёлнинг расми қўйилган. Бошқалар қуйидагича эълонга дуч келишган – «пулдорлар учун уқалаш, барча турдаги истаклар бажо келтирилади». Менга айтишларича яна бир хил эълон бўлган – «интим уқалаш, арзон». Мен ҳар бир кишидан нима деб ёзилгани ва эълонни қаерда учратганларини сўраб билишга ҳаракат қилдим. Маълум бўлишича, бу эълонлар шаҳарнинг турли мавзеларига – Ҳиёбон, Дархон, ТТЗ, «Шуҳрат» дўкони, Театр кўчаси, Ҳамза, Чилонзор, Улуғбек, Максим Горький метро станциялари, Рисовая мавзеси, «Бродвей», «Россия» меҳмонхонаси, Фрунзе савдо маркази, Яланғоч, Юнусобод, Халқлар Дўстлиги, Кино Уйи, Шаҳристон кўчаси, Шимолий-Шарқий мавзе, Пединститут, Фарҳод бозорига ёпиштириб чиқилган.

Икки кеча-кундуз мобайнида Наталья арзон квартира сотиб олмоқчи ёки интим хизматдан фойдаланмоқчи бўлганларни қайтаришга уринди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда интим хизмат кўрсатиш ҳақидаги эълонлар (айниқса бунга ўхшаш очиқчаси) газетада чоп этилмайди ва устунларга илиб кетилмайди, шунинг учун унга нисбатан қизиқиш катта бўлган. Журналист аёл ҳар бир қўнғироқ қилувчига бунинг ёмон ҳазил эканини тушунтиришига ва қўнғироқ қилган кишидан эълонни йиртиб ташлашни илтимос қилишига тўғри келган. Улардан бир нечтасини Натальянинг ўзи қидириб топган ва юлиб олган (суратга қаранг).

Бу иш кимнингдир шахсий ғарази билан қилинганлиги ҳақидаги тахмин афсонавор кўринади – журналист аёлнинг ҳамкасблари унинг мутлақо сипо ва урушқоқ эмаслигини яхши билишади. Натальянинг ўзи ҳам буни қанақадир бир таниши қилганлигини рад этади:

- Мен гаплашадиган одамлар доираси анча тор, унда тасодифий одамлар йўқ. Бу кўпроқ менинг касбий фаолиятим билан боғлиқ бўлса керак. Менга, агар керак бўлса, мени фоҳишага чиқариб қўйишлари мумкинлигини кўрсатиб қўймоқчилар...

Эслатиб ўтаман, охирги йил мобайнида Ўзбекистон махсус хизматлари мунтазам равишда чет эл ОАВ мухбирларини обрўсизлантириш ёки уларга руҳий босим ўтказишга уриниб келганлар. Бунинг учун расмий давлат ОАВ каби Миллий ҳавфсизлик хизмати тмонидан назорат қилинувчи интернет-ресурслар ишга солганлар. Масалан, «Немис тўлқини»нинг ўзбекистонлик мухбирини ана шундай сайтлардан бири бесоқолбоз дея эълон қилган, «Озодлик» радиосининг мухбири ҳақида эса фоҳишалик билан пул топади дея хабар тарқатган, учинчи журналистга эса ҳеч қачон ёзмаган «фош қилувчи» хат битганлиги нисбат берилган. Бу мақолаларнинг ҳаммаси ё муаллифи номаълум бўлган, ёки улар тахаллус ортига яширинганлар. Келтирилган мисоллар Ўзбекистондан мустақил журналистларни ҳайдаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ҳукумат кампаниясининг бир қисми, холос.

Буларнинг ҳаммаси, фикримча, ҳукуматнинг мамлакат фуқароларига Ўзбекистон ТИВ қошида аккредитация ололмаган чет эл ОАВда ишлашни маън қилувчи қарори билан бевосита боғлиқ. Бу ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва халқаро шартномаларига очиқдан-очиқ зид келишига қарамасдан, у устивор мақомга чиқди.

Охирги воқеалардан жунбушга келган Наталья Бушуева (унинг аккредитацияси сентябрдаёқ тугаганди) ҳукуматнинг февраль ойидаги бу қарори юзасидан шикоят қилиш имкониятларини излай бошлаган. Унга кўра, даставвал у Конституцион судга арз қилмоқчи бўлган, бироқ бундай қилиш мумкинмаслиги аниқланган – амалдаги қонунчиликка мувофиқ бу президент, парламент, парламент раиси ёки парламентнинг чорак қисмини ташкил қилувчи депутатлар гуруҳи салоҳиятига кираркан. Конституцион суднинг ўзи эса мазкур қарор юзасидан юқорида номлари зикр қилинган шахслар каби лом-мим демаган. Шундан кейин журналист аёл республикада қолган ҳорижий ва мустақил журналистларга қўнғироқ қилиб, уларга бирлашиш ва ҳукуматни судга беришни таклиф қилишга киришган. Шундан кейин бу машмашалар бошланган...

Содир бўлган воқеа юзасидан Наталья Бушуева милицияга ариза берган. Бироқ безориларнинг топилиш имкони жуда оз: бунга ўхшаш ишлар билан милиция истамайгина шуғулланади. Айниқса, бунинг орқаси ким туриши мумкинлигини тахмин қилса...