08:39 msk, 23 Октябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ислом Каримовнинг Жанубий Корея cафарига бағишланади: ўзбекистонлик мардикор хотиралари

30.03.2006 14:05 msk

Гулзи Бону, Ferghana.ru учун махсус

«Жанубий Кореядаги ҳамюртларимиз қандай кун кечиряптилар?» - бу мақола муаллифи ана шундай саволни ўртага ташлайди. Афсуски, бу қизнинг ҳаваскорона ҳикояси ўзбекистонлик мардикорларнинг узоқ шарқ мамлакатидаги аҳволини тўла намоён этмайди. Биз Кореяда қонуний ва ноқонуний ишлаётган Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари фуқароларининг аниқ сонини ҳам билмаймиз. Лекин бу ҳикоя Кореядаги ўзбекистонликлар муаммолари билан яқиндан таниш бўлган муштарийларимизни ўз тажрибалари ҳақида батафсилроқ сўзлаб беришларига сабаб бўлиши мумкин. Мақола Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Кореяга бўлган расмий давлат сафарига бағишланади.

* * *

«Биз йўқ жойда атроф чаманзор...» дея ўйлай бошлаганимизга ҳам анча бўлиб қолди. Биз ўз уйимиз, оиламиз, дўстларимизни ташлаб, шамол учиргандек ҳар ёққа тўзиб кетмоқдамиз. Бу сафар йўловчи шамол бизни қишда суронли ва совуқ, ёзда намгарчилик ва дим бўлган Жанубий Кореяга олиб бориб ташлади.

Бу «баланд тоғлар ва ўйноқи жилғалар юрти» 4000 йиллик тарихга даъвогарлик қилади.

Ўзига хос маданият ва тилга, ўзларининг миллий хусусиятлари ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлган корейслар аввалдагидай битта ҳукуматли ягона давлат шаклида Шимол ва Жанубнинг бирлашувини орзу қилиб яшайдилар.

Кореяда полда, чойшабсиз ётиш мароқли.

* * *

Кореяда караоке айтишни яхши кўришади ва корейсларнинг кўпчилиги яхши ижрочи бўлишади. Дунёнинг машҳур қўшиқларини улар ўз тилига таржима қилишиб, ўзига хос оҳангда куйлайдилар. Корейс мусиқаси ва қўшиқларига дарров кўникиб кетолмайсан. Лекин ярим йилча Кореяда юргандан кейин маҳаллий қўшиқларни эшитиш ёқа бошлайди.

* * *

Кореяда МДҲдан келган меҳмонларни ишга жойлаштириш бутун бошли бизнесдир, бу билан асосан ўзбеклар шуғулланадилар.

* * *

Корея заводларидаги ишчилар махсус контейнерларда истиқомат қиладилар. Кореяда бу оддий ҳол. Контейнер икки-уч кишига мўлжалланган. Унда телевизор, иситиладиган пол, музлатгич, қўл ювадиган жой, газ плитаси, кондиционер (кўп энергия сарфлагани учун хўжайин ундан фойдаланишга рухсат бермади) бор. Бошқа корхоналарда контейнерларга 10-12 тадан одам қўйилади.

* * *

Корея қонунлари адолатли ва амалда ишлайди, ноқонуний ишчи ҳам ишлаб топилган пулларга нисбатан хангук (жанубий кореялик) билан бир хил ҳуқуқларга эга. Мамлакатда пешона теринг билан топган пулингни олиш учун мурожаат қилиш мумкин бўлган бир қатор давлат ташкилотлари бор. Маошларни тўлатиш билан черковлар ҳам шуғулланадилар.

* * *

Кореяда кишининг миллатини фақат ташқи кўринишдангина эмас, нимада юриши билан ҳам ажратиб олиш мумкин. Агар байналмилал метрони ҳисобга олмасак, корейслар асосан автомобилда юришни ёқтиришади. Қишлоқларда мотороллерлар кенг тарқалган. Таиландлик ва индонезияликлар велосипедларда юришади. Руслар асосан автобусларда ёки пиёда юрадилар.

Манба -«Карелия» газетаси

Корея тарихи моҳиятан анча қарама-қаршиликларга бой. Асрлар мобайнида қитъа овчилари ва миришкорларининг тарқоқ гуруҳлари ажиб бир маданиятни шакллантирганлар. Уларнинг аймоқлари, қабилалари ва империялари вақт ўтиши билан ўсиб, бугунги кунда ҳурматли, бой, аҳолиси кўп, гуллаб-яшнаётган мамлакатга айланди. Ишлаб чиқариш ва иқтисодий имкониятларнинг ривожланишида айниқса Жанубий Корея омадлироқ чиқди. Бугунги кунда у жаҳон иқтисодиёти пешқадамларидан билан бўлиб ҳисобланади.

Корейслар, ҳатто уларнинг зиёлилари ҳам Ўзбекистон ҳақида хира тасаввурга эгалар. Мустақилликка эришилганига ўн беш йил бўлганига қарамасдан Ўзбекистон кореяликларнинг кўпчилиги учун «истон»лардан бирилигича қолмоқда.

Бироқ ўзбеклар ва корейсларнинг ўхшаш жойлари кўп. Биринчи навбатда, бу осиёча менталитет: катталарни ҳурмат қилиш, болаларни энг яхши анъаналар асосида тарбиялаш ва ҳаказолар.

Нима учун биз Кореяга боришга шунчалик ошиқамиз? Ватанимизда оғир меҳнат билан ҳам тополмаётган пул учунми? Саргузашт иштиёқидами? Ўзбекистонликларнинг ғарибона ҳаётида етишмаётган қулайликлар учунми? Бўлиши мумкин. Аммо бунинг бошқа томони ҳам бор.

Биз учун қадрли бўлган 2005 йилда Корея Республикаси Президенти Ро Му-Хённинг Ўзбекистон Республикасига ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада яхшиланди, лекин фақат «қоғоз»да. Ўшанда икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни бундан буён ривожлантириш ҳақида, ўзбекистонлик фуқароларнинг Корея Республикасида ишлаш учун эркин ёллаш ҳақида, Ўзбекистондаги нефть ва бошқа табиий ресурсларни кореялик мутахассислар томонидан қазиб олиш ҳақида, Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги бизнес ва савдо-сотиқни ривожлантириш ҳақида ва ш. к. шартномалар имзоланганди.

Давлатлараро муносабатлар яхшиланганига қарамасдан, ўзбекистонликларнинг Кореядаги ҳаёти «ширин» бўлиб қолгани йўқ. Жанубий Кореяда ишсизлик даражаси юқорилигича қолмоқда, ўзининг меҳнат бозорини ҳимоя қилиш мақсадида Корея ҳукумати Корея Республикаси фуқароси бўлмаганлар учун мамлакатга кириш-чиқиш қоидаларини кучайтирди.

Кореяда иш топишни хоҳлаган ўзбекистонлик фуқаролар ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича юракни сиқувчи ва узоқ жараёндан ўтишлари керак бўлади. Иш жойи, ойлик ва ижтимоий тўловлар ёки, айтайлик яхши «сажанг» (хўжайин) борасида ҳамманинг ҳам омади чопавермайди. Бир сўз билан айтганда, бу ерда дискриминацияга учраш (камситилиш) эҳтимоли йўқ эмас. Ҳамманинг ҳам яшагиси келади, яхши яшаш эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди...

Шундай қилиб, Кореяга учамиз...

Инчон аэропортига қўнаркан, дарров ЦИВИЛИЗАЦИЯни ҳис қиласиз. Ҳамма нарса ҳалқ фаровонлиги учун қилинган. Кореяга бутун дунёдан минглаган одамлар учиб келадилар, аммо паспорт назорати олдида тўполонни кўрмайсиз, ҳаммаси ақл билан қилинган.

Ўзбекларимиз, корейсларнинг аччиқ таомлари ҳақида кўп эшитганларидан бўлса керак, мамлакатга иложи борича ватандаги турли ноз-неъматлар олиб киришга ҳаракат қиладилар. Агар Корея божхонаси емишларни олиб қўймаса, ўзингизни омади чопганлардан деб ҳисоблайверинг, чунки Кореяга мева ва гўшт маҳсулотларини олиб кириш маън қилинган.

Умуман олганда, Кореяда тузуккина овқатланиш мумкин, гарчи корейсларнинг дидлари ўзбекларникидан бошқачароқ бўлса-да. Қадимдан калорияли овқатга ўрганиб қолган ўзбекларга мудом кўкат билан гуруч истеъмол қилиш ярамайди. Бизга қуюқроқ, ёғлироқ бўлса, ўзимизнинг нон билан ва қўй ёғи билан бўлса дуруст. Агар корейслар бир кунда уч маҳал гуруч есалар, ўзбеклар янги ёпилган тандир нонисиз яшолмайдилар...

Лекин одам шундай яратилганки, очликдан бошқа ҳаммасига ўрганиб кетади. Корея «ифор»ларига, тўс-тўполон автобусларга, ҳар қадамда «таъзим қилиш»га ҳам кўникиб кетиш мумкин. Пойабзалини шапиллатиб юрган ва биқинингни тешиб юборгудай туртиб ўтиб кетувчи талабалар, ўқувчилар ёки қариялар тўдасига қўшилиб кетасиз. Аста-секин корейс овқатларининг тотлилигидан ҳайратлана бошлаганингни сезмай қоласиз. Лекин энг қизиғи - ҳар сафар дастурхон солинганда уларнинг чапиллатиб овқат чайнаши сезилмай қола бошлайди.

Корейсларни «назокатли» деб бўлмайди; ёки биз уларнинг одоб-аҳлоқи, нафосату назокатини тушуна олмаймиз, шунинг учун яшаб қолишнинг энг яхши усули бизга ёт бўлган қадриятларга эътибор бермасликдир.

Умуман олганда корейслар ўзбекларни яхши кўрадилар. Ўзбеклар кўнгли очиқ ва саҳоватли халқ. Улар арзимаган пулга ишлаши, литрлаб ароқ ичиши ва маст бўлмаслиги мумкин, буни корейслар жуда ҳурмат қиладилар, чунки ўзлари бир шиша сожу (маҳаллий алкоголь ичимлиги) дан кейин йиқилиш мумкин.

Кореяга қонуний йўл билан келган ўзбекистонликлар яхшироқ ерга жйолашишлари ва ижтимоий жиҳатдан қисман ҳимояланган бўлишлари мумкин. Кореяга ноқонуний келган ҳамюртларни эса бошқа нарса кутади. Ойналарига панжара ўрнатилган Миграцион назорат хизмати автобуси исталган пайтда келиб, сизни мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин.

Чет эллик фуқарони ишга ёлловчи ширкат ишчига нари борса битта хона ва бир маҳал иссиқ овқат бериши мумкин. Оғир саноат корхоналарида ишловчилар тиббий суғурта билан таъминланадилар. Бироқ камдан-кам одам яхши ҳақ олаётгани билан мақтана олади.

Бу ерда ойига 1000 АҚШ доллари атрофида пул ишлаш мумкин. Ундан озиқ-овқат, транпорт ва майда ҳаражатларни чиқариб ташлаш керак. Шу билан бирга озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон эмаслигини ҳисобга олиш керак: масалан, битта олма бир доллар туради, нон икки доллар атрофида, бир бўлак паҳлава – 3,5 доллар. Жамоат транспортига бир марта тушиш 0,8 – 1,5 доллар.

Яна бир муҳим масала – тил тўсиғи масаласидир. Бу ерда корейсчани билмасангиз бўлмайди. Сеул яқинида жойлашган ширкатларда инглизча билган киши кам. Чет эллик «мардикор»ларни ишга олувчи чекка вилоятларни-ку айтмай қўя қолай. Агар астойдил ҳаракат қилсангиз ва доим ўз ҳамкасбларингиз орасида юрсангиз, корейсчани анча-мунча ўрганиб олиш мумкин.

Сўз охирида «Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг расмий ташрифидан кейин Кореяга пул топиш учун борган биз оддий ўзбекларни нималар кутмоқда?» деган долзарб, балки бироз риторик бўлган савол ўртага чиқади. Омон бўлсак, кўрармиз…

«Осо ощипщиё!» Кореяга хуш келибсиз!