00:07 msk, 25 Сентябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистон расмийлари Американинг Newmont олтин қазиб олувчи ширкати билан солиқ муносабатларини қайта кўриб чиқмоқчилар

28.03.2006 21:20 msk

Metalsplace.com, Omad.Uz, Ўз. ахб.

Американинг Newmont олтин қазиб олувчи ширкати Ўзбекистон молия вазирлигининг корхонага берилган солиқ имтиёзларини бекор қилмоқчилигидан хавотирда. Ширкат вакилларига кўра, кутилаётган ўзгаришлар Зарафшон-Ньюмонт (Zarafshan-Newmont) қўшма корхонасидаги америкаликларнинг эллик фоизлик улушига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Бу ҳақда ширкатнинг ўтган пайшанба куни тарқатилган баёнотида айтилади.

17 март куни Ньюмонт вакиллари Ўзбекистон ҳукумати 2006 йил мобайнида Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон-Америка «Зарафшон-Ньюмонт» қўшма корхонасининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш ва унга ҳукумат кафолатларини бериш тадбирлари тўғрисида» 151-қарорини қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш ҳақида огоҳлантирилгандилар.

Қўшма корхона тузилганидан бир оз ўтгач, 1992 йил мартида қабул қилинган ҳукумат 151-қарори ҚКга катта қулайликлар яратганди. Корхона сармояларни қайтаргунга қадар даромад солиғидан озод қилинган, бу давр тугагач эса «Зарафшон-Ньюмонт» ҚКдан олинадиган солиқлар умумий миқдори даромаднинг 10 фоизидан ортмаслиги керак эди. ҚК импорт солиғидан, мулк солиғидан, чет эллик шерикларнинг қўшма корхонадаги улуши бўлган даромад солиғидан озод қилинганди.

Ньюмонт раҳбарияти томонидан тарқатилган баёнотда «мазкур Қарор «Зарафшон-Ньюмонт» қўшма корхонаси фаолият кўрсата бошлаган даврнинг ҳаммаси учун тегишли» бўлиб ҳисобланишини алоҳида таъкидланади.

Ньюмонт ширкати вакиллари мазкур қарорнинг қайта кўриб чиқилишининг қонунийлигидан шубҳаланадилар ва ҳукумат билан музокаралар олиб бормоқчилар.

Американинг Newmont Mining Corporation, Ўзбекистон геология ва маъданли заҳиралар давлат комитети ҳамда Навоий тоғ-металлургия комбинати билан иккиламчи чиқиндилардан олтин қазиб олишни йўлга қўйиш ва «Зарафшон-Ньюмонт» ҚКни ташкил этиш ҳақидаги баённома 1992 йилнинг 16 январида имзоланганди. «Зарафшон-Ньюмонт» 1995 йилнинг май ойида ишга тушганди. Лойиҳа бўйича капитал сарф-ҳаражат 225 млн. долларни ташкил этган, қийматнинг 60% и халқаро молия институтлари берган қарзлар ҳисобидан молиялаштирилганди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов «жаҳонда олтиннинг нархи тушган бир пайтда оёғида собит турган» қўшма корхонанинг муваффақиятли фаолиятини бир неча бор қайд этиб ўтганди. Бунинг устига «Зарафшон-Ньюмонт» жаҳондаги энг яхши олтин қазувчи 25 ширкатнинг биридир.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир йирик сармоя лойиҳаси бўйича Ўзбекистонда ҳар доим чет эллик сармоядорнинг давлат билан муносабатларидаги алоҳида қонун-қоидаларни тартибга солувчи ҳукуматнинг муайян қарори қабул қилинади. Ўзбекистон-Америка муносабатларининг совуши, деб ҳисоблайдилар баъзи бир маҳаллий ва чет эллик экспертлар, Америка мулки улуши бўлган корхоналар учун ҳукумат кафолатларининг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.

Айтгандай, Ўзбекистон ҳукуматининг Ньюмонт имтиёзларини бекор қилиш нияти билан бир вақтнинг ўзида Америка ширкатига қарши маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари гуруҳи ҳам қўзғалдилар. Минтақа Интернет-сайтларидан бирининг хабар қилишича, тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева республика етказилган эгологик зарар учун товон сифатида «Зарафшон-Ньюмонт» ҚКдан Ўзбекистон бюжетига 1 миллиард АҚШ доллари тўлашни талаб қилган.

Бу ҳақда Урлаева томонидан тарқатилган очиқ хатда айтилади. Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, «Зарафшон-Ньюмонт» ширкати ишлаб чиқариш ҳаражатларини иқтисод қилиш мақсадида арзон ва фавқулодда ҳавфли суюқ цианидларни қўллайди, бунинг атроф-муҳитга таъсирини зарарсизлантиришнинг имкони йўқ.



 

Реклама