22:45 msk, 17 Ноябрь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистондаги баҳор сиёсий қаҳратон фонида. Фотолавҳа

27.03.2006 14:01 msk

Олег Байрамов

Баҳор дафъатан келади. Қуёш бўй кўрсатади, иссиқ кийимлар ечилади, далалардан ҳовур кўтарилади. Бу пайтда ҳамма нарса кутилмаган илиқликдан баҳра олади, бу илиқликдан ҳатто музлаб қотиб кетган юракларни ҳам эрийди, ўткинчилар юзларида эса маънисиз табасссум пайдо бўла бошлайди. Бу зиддият сиёсий қаҳратон фонида янада яққолроқ сезилади.


Қорайиб турган дов-дарахт шохлари оппоқ ёки ним пушти рангдаги гуллар билан безанади, мовий осмон фонида бўртиб кўриниб турган бу манзара гуллаётган сакура аксланган япон суратларини эслатади. Мевали дарахтлар фақат боғларда эмас, деярли ҳамма жойда – йўл ёқаларида, хиёбонларда, хусусий ва кўп қаватли уйлар олдида ўсганлиги учун ҳаммаёқда гулларнинг ёқимли ифори таралиб туради.


Болалар бу пайтда ошкора хурсандлик билан кўчаларга чиқадилар, бу ҳолат катталарга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Узун қиш бўйи уйда ўтириб чарчаган чол-кампирлар ҳам ташқарига чиқадилар.

Мактаб ўйингоҳларида яна футбол турнирлари авж олади. Бу пайт бирор ўйингоҳ ёки шунга мувофиқ келадиган бирор майдонча бўш қолмайди.


Баҳор варрак учириш пайти ҳамдир. Варракларни баъзан болалар ўз қўллари билан ҳам ясайдилар, аммо кўпинча яқинроқдаги бозордан сотиб олинади. «Ҳалокатга учраган» учар мосламаларнинг қолдиқлари кейин узоқ вақт электр симларида осилиб туради, бу тегишли хизматлар ходимларининг норозилигини келтириб чиқарди.


Баҳорнинг расман кириб келиши янги йил рамзи бўлган халқ байрами Наврўздадир. Унинг илдизлари қадим замонларга тақалиб, эрон-турк дунёсининг деярли ҳамма ерида нишонланади. Байрам арафасида ободонлаштириш ва тозалаш тадбирлари ўтказилади, Наврўзнинг ўзига эса жуда кўп миқдорда сумалак тайёрланади.


Расмийлар учун баҳор ободончилик бўйича аҳолининг ёрдами билан амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот топширишга яхши баҳонадир. Ҳукумат матбуоти катта тадбирлар ҳақидаги ҳисоботлар билан тўлади.

Бу кунларда бозорларда гул ва дарахт кўчатлари савдоси авж олади, боғбонлар харидорларга анъанавий, ҳаммага маълум навларни кўрсатиб, мақтаб сотадилар.


Ариқларда сувлар жилдирайди – тоғларда қорлар эрий бошлаган. Тўлароқ манзара ҳосил бўлиши учун қорайиб турувчи, шохлари тарвақайлаган тутларни, йўл-йўл далаларни қўшсангиз, кўз олдингизда Ўрта Осиё баҳорининг асосий унсурлари намоён бўлади. Уйингиздан узоқ бўлганингизда буларни жуда соғинасиз...