14:25 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қозоғистонда ҳукумат томонидан тармоқни назоратга олиш ҳаракати давом этмоқда

15.06.2005 15:25 msk

Navi.Kz

Қозоғистонда интернетнинг KZ ҳудудида домен номлари бўлиниши ва жойлаштирилиши тўғрисида янги ҳужжат қабул қилинди. “Қозоғистондаги интернет тармоғи сегментида домен ҳудудини тақсимлаш тартиби”, деб номланган бу ҳужжат ахборотлаштириш ва алоқа агентлиги бошлиғи вазифасини бажарувчи томонидан Қозоғистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси билан келишилган ҳолда 2005-йил 5-апрелида 88 б – сонли буйруқ билан қабул қилинган. Қоидалар “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун ва “Электрон ҳукумат” инфраструктурасини ташкил этиш тўғрисидаги давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган. 26-май куни бу тартибни Адлия вазирлиги тасдиқлади.

Анча салмоқли бўлган бу ҳужжатга кўра, бундан буён KZ ҳудудида домен номини рўйхатга олиш, агар домен мамлакат ташқарисидаги серверда жойлашган бўлса тўхтатиб қўйилади. Ҳужжатнинг айни мана шу банди Қозоғистон интернетчиларида таажжуб уйғотди.

- “Интернет халқаро эркин ҳудуддир ва бу каби чекловлар ахмоқона кўриниш касб этади. Биз Россия ва МДҲ, шу жумладан, авторитар тузум ҳукм сураётган республикалар – Белорус, Туркманистон ва Ўзбекистондаги шу қаби қоидалар билан танишиб чиқдик. Ҳатто уларда ҳам бундай чеклов йўқ экан”, - деб ёзади “Навигатор” интернет нашри.

“Навигатор” “Бу ким учун манфаатли?” деган саволга жавоб қидиради.

- “Биринчидан, президентлик сайловлари олдидан ҳукуматга мойил бўлмаган нашрлар фаолиятини тўхтатиш ҳаракати бошланди”, - деб ҳисоблайди “Навигатор”. – Бу тартиб жорий этилса, МХХ тили билан айтганда, “деструктив” сайтларни назорат қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу жуда оддий йўл билан амалга оширилади. Уларга хостинг берилмаса бўлгани, бунинг устига хостинг берувчи ташкилотлар республика ҳудудида анчагина. Бу худди барча босмахоналар бир кунда барча мухолиф газеталарни босишни рад этганига ўхшайди.

Иккинчидан, айрим хабарларга кўра, KZ ҳудудидаги сайтларнинг 70 фоизи Қозоғистондан ташқаридаги ташкилотлардан хостинг олган. Чунки, Қозоғистонда хостинг Россия ва узоқ хориж давлатларидагига нисбатан беш – ўн баробар қиммат сотилади. Демак, бу ҳужжат хостинг бериш бўйича монополист бўлган Казахтелеком ва унга қарам ташкилотлар манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган”.

Бу ҳужжатнинг ҳаётга тадбиқ этилишидан қандай натижа кутилмоқда? “Навигатор”га кўра, кўпчилик сайтлар KZ ҳудудини тарк этиши мумкин. Сайтлар RU, INFO, NET ва бошқа ҳудудларда янги домен номлари билан рўйхатдан ўтадилар ва бу жараённи тўхтатиб бўлмайди.

“Навигатор” интернет журнали таҳририяти интернет соҳасидаги барча мутахассислар, журналистлар, муҳаррирлар, Қозоғистон ахборотлаштириш ва алоқа агентлиги ходимлари, сиёсатчилар, сиёсий партиялардан ушбу масала юзасидан фикр билдиришни илтимос қилади.