19:30 msk, 22 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Наврўз байрами кунлари Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида кўпкари ўтказилади

23.03.2006 02:30 msk

Андрей Кудряшов (Самарқанд - u

© Фергана.Ру фотоси

Наврўз байрамининг нишонланишини Самарқанд вилоятининг қишлоқ жойларига бориб кузатиш айниқса қизиқ, у ерда 3000 йил аввал пайдо бўлган қадим Сўғдиёна деҳқончилик маданияти анъаналари кўчманчи турк халқлари урф-одатлари билан аралашиб кетган.

«Авеста»да тилга олинган Наврўз форс тилида «янги кун» маъносини англатиб, баҳорги тенгкунлик – 21 мартдан бошланади, унда кун ва тун узунлиги тенглашади ва 12 соатни ташкил этади. Бу кунларда қиш ўз ўрнини тўлалигича баҳорга бўшатиб беради: экин-тикин мавсуми бошланади, боғларда мевали дарахтлар гуллайди, тоғдан тушаётган дарё ва ирмоқлар сувга тўлади, яйловлар сабза билан қопланади.


Наврўз куни ясаниб олиш керак

Табиат қўйнидаги байрам

Навруз фақат ёшлар байрами эмас

Бу байрамнинг қачон пайдо бўлганини айтиш қийин. Асосида қуёш, олов ва табиат ҳодисаларига сиғиниш ётган зардуштийлик дини Наврўзга нурнинг ғалабаси ўлароқ мистик мазмун бағишлаган.

Наврўз шу кунларда ҳам ўзбекистонликлар учун давлат миқёсида нишонланувчи ва бутун бошли бир ой давом этувчи асосий байрам бўлиб қолмоқда.

Самарқанд вилоятининг қишлоқ жойларида Наврўзни байрам қилишга февраль охиридан бошлаб тайёргарлик кўра бошлайдилар. Тоғ ёнбағирларидан қор кетиб улгурмай, болалар бойчечак тера бошлайдилар ва уйма-уй юриб бу қўшиқни куйлайдилар: "Бойчечагим бойланди / Қозон тўла айрондир. / Айронингдан бермасанг, / қозон тавоғинг вайрондир." Тожикларда бошқа бир варианти бор, аммо унда ҳам бойчечак эсланади. Ҳар иккала ҳолда ҳам болаларга ширинликлар ёки пул берадилар. Шу билан бирга бекалар байрамнинг асосий таоми сумалакни тайёрлаш учун буғдой ундира бошлайдилар. Буғдой қандай унганига қараб, бўлажак ҳосил тўғрисида гапирадилар. Байрамга ҳамма ўзича тайёрланади. Чавандозлар бўлажак кўпкарида иштирок этиш учун отларини яхшилаб боқадилар.

Наврўз арафасида "Ерга уруғ қадаш" маросими ўтказилади. Унда бутун қишлоқ дала чиқади, кейин уруғнинг энг ёши улуғ кишиси хўкизларни омочга қўшади, хўкизларнинг шохига очиқ рангли тасмалар боғланади, шундан сўнг у ёғоч омоч билан шудгор қилишни бошлаб беради. Шудгор қилинган ердан ялангоёқ болакай юргизилиб, кейин энг ҳурматли кишилардан иборат дон сочувчилар ўтадилар. Шу кундан бошлаб экин экиш ва боғларга янги мевали дарахт кўчатларини ўтқазиш мумкин.

Наврўз арафасидаги оқшомда дошқозонларда сумалак пишириш бошланади. Эркаклар ҳалим пиширадилар. Наврўзнинг барча таомлари - янги ялпиздан тайёрланган сомсадан тортиб то паловгача – қишки совуқдан кейин киши организмини янги кучлар билан тўлдириш учун хизмат қилади.

21 март куни эрталабдан бошлаб очиқ осмон остида оммавий сайл бошланади. Одамлар бир-бирларини табриклайдилар ва меҳмон қиладилар, қўшиқчилар, раққослар ва масхарабозлар ижроларини томоша қиладилар. Самарқанд ёнида Оқтов тоғлари этагида жойлашган Туфхона қишлоғи айниқса машҳур. Бу ерда байрамнинг авж нуқтаси – кўпкари бўлиб ўтади. Кўпкари қадимдан туркларда йигитларни чўпонлар ва жангчиларга бир хилда керак бўлувчи чавандозлик санъатига тайёргарликдек амалий ва маросимий аҳамиятга эга бўлган ўйин бўлган. Ҳеч бир йирик тантана – тўйми, савдо-сотиқми ёки хоннинг тахтга минишими – кўпкарисиз ўтмаган. Ғолибларга доим қимматбаҳо совғалар – отлар, қўйлар, туялар, қимматбаҳо нарсалар, пул ёки тақинчоқлар берганлар.


Кўпкари бошланмоқда!

Халқ сайли

Аёвсиз ўйин!

Кўпкари ўтказиш қоидалари турли жойларда турлича айирмаларга эга, аммо унинг моҳияти бир: энг чапдаст ва жасур чавандоз ердан улоқни илиб олиб, уни қамчилар билан аямай савалаб келаётган таъқиблардан узилиб, маррагача етиб келиши керак. Кун чиққанидан кун ботгунича давом этувчи мусобақаларда юзлаб чавандоз иштирок этадилар, лекин ғолибларнинг ҳаммаси соврин ва шарафли ном – ботир номини оладилар.

Замонавийлик бу мусобақага ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Қўшработ яқинидаги кўпкарида (Наврўз куни у ерга бир неча минг киши йиғилган) томошабинлар шахсий ҳавфсизлигини таъминлаш учун ёнбағирларга жойлашиб олгандилар. Улоқни чавандозлар даврасига юриб кетаётган трактор илмоғидан ташлаб кетардилар, лекин бундан мусобақа фақат жадалроқ ва ўткирроқ бўларди, холос. Томошабинлар ва иштирокчилар шавқию байрамона кайфиятига табиат ҳам ҳисса қўшгандай бўлди. Ўша куни ҳаво айниб, жала қуйди ва шамол бўлиб турди. Аммо бирданига ҳаво очилиб кетди, осмонда чақин бўлиб турди. Табиат ҳодисалари, ҳар доимгидай, қадим анъаналар ва урф-одатларга марҳамат кўрсатди.

Зрители соревнований купкари
Кўпкари мусобақаси томошабинлари

Андрей Кудряшов (Самарқанд - Қўшработ)