06:05 msk, 27 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марғилоннинг 2000 йиллигига. «Марғилонда тўқилган битта атлас учун бутун Бухорони бахш этиш мумкин»

22.03.2006 19:19 msk

А. Куприн

Бутун Марказий Осиёда бўлгани каби Фарғона водийсида ҳам шаҳарларнинг кўпчилиги майда қишлоқлардан келиб чиққан. Гарчи уларнинг бирданига шаҳар сифатида юзага келганлигини истисно қилиб бўлмаса ҳам.

Қаерни қишлоқ, қаерни эса шаҳар деб ҳисоблаш керак, деган муаммо фанда ҳали ҳам кўп муҳокама қилинмоқда ва охиригача ҳал қилинган масала эмас.

Ислом дини собит бўлган ўрта асрлар учун шаҳар учун аниқ белги бор эди – бу унда Жума намози ўқиладиган Жомеъ масжидининг мавжуд бўлиши эди.

Агар қишлоқ ёки шаҳар пайдо бўлганидан буён ёзма манбаларда учраса, бу ерда шаҳарнинг нақадар қадимийлигини аниқлаш тарихчиларга қолади. Агар бундай бўлмаса, худди Марғилонга асос солинган кун аниқланганидай, ҳаммасини археологлар аниқлайди.

Ёзма манбаларда Марғилон дастлаб араб географлари ал-Истаҳрий, ибн Ҳавқала ва ал-Муқаддасий асарларида учрайди.

Х асрнинг йирик географи Абул-Қосим ибн Ҳавқаланинг энг яхши асарларидан бири «Китобул-масолик вал-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар китоби») даги «Маворауннаҳр шаҳарлари» бўлимида ўқиймиз: «Фарғона бой шаҳар ва қишлоқларга эга бўлган катта вилоятдан иборат шаҳардир. Маворауннаҳрда Фарғонадагидан катта қишлоқлар йўқ; баъзан аҳолисининг кўплиги ҳамда чорва ва яйловларининг кўплигидан қишлоқ чегараси бир кунлик йўлдан ошиб кетиши мумкин».

Шундан сўнг географ Фарғонанинг пойтахти Ахсикат шаҳри эканини (аҳолиси тахминан 40 минг киши) маълум қилади. Ибн Ҳавқала даврида катталиги жиҳатдан иккинчи шаҳар Қува, учинчи шаҳар Ўш бўлган.

Муаллиф Марғилонни Фарғона мамлакатининг тўққиз округини санаш чоғида айтиб ўтади.

Ўрта асрнинг бошқа шаҳарлари каби Марғилон ҳам уч қисмдан иборат бўлган бўлса керак: ҳукмдор арки, қалъа деворлари билан ўралган ва дарвозаларга эга бўлган шаҳристон ҳамда работ.

Кўринишдан, Марғилон ўша пайтлардаёқ анча катта ҳунармандчилик маркази бўлган ва айниқса, унинг ипак газламалари машҳур бўлган.

Х асрнинг бошқа тарихчиси асарида: «Марғилонда тўқилган битта атлас учун бутун Бухоро ерларини бахш этса бўлади», иборасига дуч келамиз.

Бу қадар юксак даражадаги тўқувчилик фақат бир неча авлод усталарининг илдизи чуқур анъаналар ва тажрибасига таяниши мумкин эди.

Фарғона шаҳрининг руҳоний муваффақиятлари даражаси ҳам анча юксак эди. Бунда Бурҳониддин Марғинонийнинг бутун ислом оламига машҳур кўп жилдли «Ҳидоя»сини эслаш кифоя.

XIV асрдан бошлаб Марғилоннинг йирик ва бой ҳунармандчилик маркази сифатида янада аҳамияти ортади.

Бу ерда буюк Темур Фарғона шаҳри ва ерларини ҳеч қачон амалдорларига топширмасдан, уни шахсан ўзи бошқаргани эслаш жоиз.

Темурийлар давридаги Марғилон ҳақида (XV аср) Бобурнинг жаҳонга машҳур асари «Бобурнома»да қуйидагиларни ўқиймиз: «Яхши қасаба воқе бўлубдур, пур неъмат; анори ва ўруги асру кўп хўб бўлур... Ови қуши яхшидур, оқ кийик Евуқта бўлур. Эли сорттур ва муштзан ва пуршару шўр элдур. Жангарилиқ расми Мовароуннаҳрда шоеъдур, Самарқанд ва Бухорода номдор жангарилар аксар Марғинонийдур. Соҳиби «Ҳидоя» Марғиноннинг Рушдон отлиқ кентидиндур.»

Ҳақиқатан ҳам фақат ХХ асрга келиб Фарғона водийси жазирага айланди, қадимда ва ўрта асрларда эса шаҳарлар, қишлоқлар ва экинзор ерлар ўртасида катта-катта ўзлаштирилмаган бўш ерлар, овчилар севган жой – тўқайлар бўлганди.

Қўқон хонлиги даврида (XVIII-XIX асрлар) Марғилон вилоят маркази бўлган, одатда, хоннинг яқин қариндошлари томонидан бошқарилган ва мамлакат сиёсати, иқтисоди ва турмушида катта роль ўйнаган.

1812 йилда Қўқон хонлигига келган Ҳиндистон элчиси Мир Иззат Улла ва 1813-1814 йилларда Россиядан келган Филипп Назаров Марғилон ҳақида гапира туриб, аввало унинг кенглиги (айланасига тақрибан ўттиз чақирим), «тўкин ва тинч турмуш, аёллар хушрўй ва хушқомат»лигини қайд этадилар.

Филипп Назаров ёзади: «Шаҳар марказида очиқ ибодатхона шаклидаги бино мавжуд бўлиб, унинг ичига қизил ипак байроқ қўйилган. Марғилонликлар уни Искандарга тегишли эканини айтишиб, мўътабар санайдилар. Марғилонга янги ҳоким қўйилиши пайтида у ерлик руҳонийлар байроқни қўлга олишиб, қўшиқ айтишиб, ҳокимни табриклагани борадилар...

Бозор раста шаклида жойлашган: савдо бўладиган ҳафтадаги икки ичида одам эртадан кечгача жуда кўп бўлади. Ҳукумат савдогарларнинг газдан ва торозидан уриб қолмасликларини қаттиқ назорат қилади. Шаҳарда турли фабрикалар ишлайди, унда парча, барқут ва Осиёнинг бошқа газламалари ишлаб чиқарилади...»

Бу диёрлар 1913 йилда Чор Россиясига қўшиб олинган пайтларда Марғилон тўрт маъмурий мавзе – Қаландархона, Софултўда, Томозор, Машадга бўлинган ва унда 49 минг аҳоли истиқомат қилган.

Шаҳарда газлама тўқийдиган кўплаб цехлар, 300 дан ортиқ масжид, 38 мадраса, 2000 ўқувчи ўқиган 72 мактаб, 15 ўринли хастахона, 10 ўринли аёллар ва болалар шифохонаси, битта дорихона мавжуд бўлган.

Йигирманчи асрда Марғилон Фарғона водийси ва Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларидан бирига айланган ва юксалишда давом этмоқда.

* * *

Муаллиф ҳақида: Александр Иванович Куприн – санъатшунос, маданиятшунос. Фарғонада яшайди. Фарғона санъат билим юртида ўқитувчилик қилади. А. И. Куприннинг «Фарғона Альманахи»даги саҳифасини бу ерда кўришингиз мумкин.