12:41 msk, 16 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда ОАВ устидан назоратнинг кучайтирилиши: мутахассис шарҳи

19.03.2006 17:45 msk

Ўз. ахб.

Маълумки, Ўзбекистон ҳукумати чет элликлар ва мамлакат фуқароларига ТИВнинг тегишли аккредитациясидан ўтмаган ҳориж ОАВ билан ҳамкорлик қилишни маън қилиб қўйганди.

Вазирлар маҳкамасининг янги қарорида айтилишича, «ТИВда аккредитация олмаган чет эллик мухбирлар ва Ўзбекистон фуқароларининг ҳорижий ОАВ вакили сифатидаги касбий фаолияти маън қилинади ва қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади».

Deutsche Welle (Немис Тўлқини) радиосининг аккредитация олган мухбири Юрий Черногаевнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, Ўзбекистон ТИВ бу немис ОАВнинг мухбири Обид Шабановдан январь ойида Устюртда чўл ўртасида бузилиб қолган автобуснинг 30 йўловчиси қаттиқ совуқда ҳалок бўлганлари ҳақидаги репортажи учун аккредитациясини чақириб олган.

ТИВ матбуот варақчасида мазкур хабар «тасдиғини топмаган», деб айтилган. Бироқ Юрий Черногаев йўловчиларнинг ҳалок бўлганлиги ҳодисаси текширилган, расмийлар эса бу фожеани қаттиқ сир сақлаганлар.

«Менга анча қатъий оҳангда ТИВдан аккредитация олмаган журналистлар билан алоқа қилмаслик тавсия қилинди. Фуқаро сифатида мен ахборот йиғиш ва тарқатишга ҳақлиман. Бу бевосита Конституцияга зид келади. Бизни яширин тарзда ишлашга мажбур қилмоқдалар», - дея шарҳлади охирги янгиликларни Черногаев.

«Фарғона.Ру» АА таҳририяти Экстремал журналистика маркази директори Олег Панфиловдан Ўзбекистонда ОАВ фаолиятини тартибга солувчи янги қарорларни шарҳлаб беришни сўради. Мазкур марказ Россия Журналистлар Уюшмасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмаси бўлиб ҳисобланади. Унинг вазифаси МДҲ мамлакатларининг ОАВ соҳасидаги қонунчилигини ўрганиш ҳамда бу юзасидан таҳлил ва тавсиялар беришдан иборатдир.

«ЎЗБЕКИСТОНДА ЖУРНАЛИСТЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ ЖИҲАТДАН ҲИМОЯЛАНГАНЛИГИ НОЛГА ТЕНГ»

Олег Панфилов, Экстремал журналистика маркази директори, Medialaw.ru сайти материаллари асосида

- Аккредитация берилмаётган журналистларни ҳимояси учун далиллар келтиришдан аввал белоруссиялик журналистларни лол қолдирган бир ҳодисани мисол келтираман. Журналистика мактаби доирасида Данияга олиб борилган белоруссияликлар Дания бош вазири маъмуриятида аккредитацияланган даниялик журналистлар қандай ҳуқуқларга эгалигини билмоқчи бўлганларида, исталган журналистнинг ҳукумат раҳбари канцеляриясига келиб, унинг ёзишмалари билан танишишлари мумкинлигини эшитишди. У ерда ҳатто бош вазир мамлакатда бўлмаган пайтларда ҳам унинг котиби талаб қилинган барча ҳужжатларни (агар у давлат сирига алоқадор бўлмаса) беришга МАЖБУР экан.

Аккредитация институти журналист ҳуқуқларини чеклаши эмас, унга ёрдам бериши керак. Албатта, Ўзбекистон расмийлари бошқа кўплаб постсовет ўлкалари каби аккредитация ҳақидаги низомдан фақат репрессив ва таъқиқловчи тадбир сифатида фойдаланадилар.

Одатда, МДҲ мамлакатлари расмийлари уларнинг давлатлари мутлақо демократиклиги ва ўз қонунларини яратишда халқаро тажрибадан фойдаланишларини таъкидлашни яхши кўрадилар. Аслида эса расмийлар демократияга содиқликларини таъкидлар эканлар, халқаро ҳуқуққа зид келувчи аккредитация ҳақида низомларни яратаяптилар.

Халқаро ҳуқуқнинг уч асосий манбаси бор. Улардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича комитетининг Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги халқаро пактда акс этган фикри. Унга кўра, хусусан, аккредитация ҳар қандай схемасининг қўлланилиши «зарур ва мақсадга мувофиқ бўлиши», бошқача айтганда, у ўзининг зарурлиги оқлаши керак.

Иккинчидан, Европа Кенгаши Вазирлар комитети 1996 йилда минтақа миқёсида «Журналистларни зиддиятлар ва танглик вазиятларида ҳимоя қилиш ҳақида» R(96)4-сонли тавсияномани қабул қилган. 11 тамойил «аккредитация тизими»га дахлдор.

Журналистларни аккредитациялаш тизими фақат зарур бўлган конкрет вазиятларда жорий қилиниши лозим. Агар бу каби тизимлар жорий қилинган бўлса, у ҳолда одатда аккредитация берилади. Иштирокчи мамлакатлар қуйидагиларни таъминлаш мажбуриятини зиммаларига оладилар:

a) аккредитация зиддиятлар ва танглик вазиятларида журналистларга касбий фаолиятларини енгиллаштириш мақсадида берилади;

b) журналист эркинлиги ва профессионал журналистик фаолиятнинг амалга оширилиши аккредитацияга боғлиқ бўлиб қолмаслиги керак;

c) аккредитация журналистлар ҳаракатланиш эркинлиги ва ахборот олиш имкониятини чеклаш мақсадларида ишлатилмаслиги керак ва ҳаказолар.

Учинчидан, Европа Кенгашига аъзо мамлакатларнинг ОАВ ишлари бўйича вазирлари миқёсида «Журналистик эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари» Европа анжумани доирасида 2-сонли Резолюция Тамойили (1994 й.) мавжуд.

3-тамойил

Қуйидаги шарт-шароитлар журналистиканинг ҳақиқий демократияни сақлаб қолиш ва ривожлантириш учун кўмаклашишига имкон беради:

a) журналистнинг ўз касбига чекловларсиз ёндошиши;

b) сиёсий ҳокимият ва маҳаллий манфаатдор гуруҳлар ёки давлат ҳокимияти органлари томонидан амалга оширилувчи босимларга нисбатан таҳририятнинг тўла мустақиллиги;

c) давлат ҳокимияти органлари эга бўлган ахборотни олиш имконияти ва ҳаказолар.

Ўзбекистон расмийлари аккредитециядан маҳрум қилишга уринган Обид Шабанов ёки бошқа журналистларга алоқадор воқеада Ўзбекистон қонунчилигида унинг ҳуқуқийни қоғозда бўлса ҳам ҳимоя қиладиган моддалар борлигини эсдан чиқармаслик зарур.

Масалан, «Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш ҳақида»ги қонуннинг 13-моддасида қуйидагича ёзилган: «Чет эллик журналист ўзининг Ўзбекистон Республикасида аккредитацияси тўхтатилганлиги хусусидаги Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг қарори юзасидан судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга».

Ўзбекистоннинг «Оммавий ахборот воситалари ҳақида»ги Қонуни 30-моддасида шундай дейилади: «Агар Ўзбекистон Республикаси қабул қилган Халқаро шартномаларда оммавий ахборот воситалари ҳақида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида кўзда тутилганидан бошқача қоидалар жорий қилинган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади» . Маълумки, Ўзбекистон ЕҲҲТга киришда барча мажбуриятларни зиммасига олган. Гап, энг аввало, ахборот алмашиш, ахборот олиш имконияти, журналистик эркинлик ва чет эллик мухбирлар фаолияти муаммолари ҳақида бораяпти.

2002 йилдаёқ ЕҲҲТ Ўзбекистондаги ОАВ аҳволи ҳақида маъруза чоп қилганди, ундаги тавсиялар ичида қуйидагиси ҳам бор эди: «Ўзбекистон Республикасида ҳорижий оммавий ахборот воситалари аккредитацияси тизимини шаффофлаштириш ҳамда Ўзбекистонни танқид қилган чет эл ОАВ аккредитациялашда асоссиз ва ноқонуний рад этиш амалиётини бас қилиш».

Шундай қилиб, кўриниб турибдики, Ўзбекистон расмийлари халқаро қонунчиликни атайлаб четлаб ўтаяптилар, ҳатто ўз қонунчилиги доирасида ҳам журналистлар ишини ноқонуний тарзда чеклаяптилар. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 24 февралда чиққан «Ҳорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касбий фаолиятини тартибга солувчи Асосий қонун-қоидаларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 33-сонли Қарори матнидан аккредитацияни суд орқали тиклаш ҳуқуқини берувчи модда ҳайратланарли тарзда умуман йўқолиб қолган. Бу ҳужжатни тайёрлаган ҳуқуқшунослар, афтидан, атайлаб бу ҳуқуқдан ҳар қандай журналистни маҳрум этганлар. Бу эса ўзбекистонлик журналистнинг ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланганлиги нолга тенглигини англатади.