11:06 msk, 23 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Марғилоннинг 2000 йиллигига: тарих саҳифалари

19.03.2006 14:00 msk

Александр Куприн

Янаги йилга Фарғона водийсида жойлашган Марғилон шаҳрига икки минг йил тўлади.

Марғилон Фарғона водийсининг кўҳна шаҳарларидан биридир. Унинг тарихида ҳали «оқ доғлар» кўп бўлиб, уларни кетказиш учун археологлар ва тарихчилар тадқиқот ишларини узлуксиз давом эттиришлари керак бўлади. Аммо Марғилоннинг юбилейи муносабати билан яхши маълум бўлган тарихий воқеаларни эслатиш жоиздир.

Шаҳарнинг номланиши ҳақида. Бунда кўпинча турли-туман ва ҳатто ғаройиб талқинларни эшитишга тўғри келади.

Аслида бу масала 1950 йилдаёқ Ўрта Осиё этнографи А. К. Писарчик томонидан ҳал қилинган эди. У Марказий Осиёда «марг» сўзини ўз ичига олган ўн олти топоним (жой номи) борлигини ҳамда бу сўзнинг ҳамма жойда бир хил маънони – «кўкат билан қопланган текислик», бошқача айтганда «катта яйлов» маъносини англатишини таъкидлайди.

Марғилон тўғрисида ҳам ҳозирча бундан бошқа илмий жиҳатдан ишончлироқ талқин йўқ.

Маълумки, Фарғона водийси топонимикасида икки қатлам мавжуд: форсий тиллардан келиб чиқувчи сўзлар, масалан, Шоҳимардон, Чуст ва бошқалар ҳамда туркий тиллардан келиб чиққан сўзлар Олтиариқ, Чуқуркўча, Қизилжар ва бошқалар.

Олимлар замонавий ўзбеклар ва тожикларнинг аждодлари бўлган қадим фарғоналиклар ўзларининг қадимги Фарғона тилида сўзлашганларини, бу тил XI-X асрларда форс ва турк тиллари томонидан сиқиб чиқарилганлигини таъкидлайдилар.

У ўзига яқин бўлган Сўғд тилидан ҳам нимаси биландир фарқ қилган ва буни, масалан, саккизинчи асрда Марказий Осиёга келган хитойлик сайёҳлар Хой Чао и Сюан Цзань эслатиб ўтадилар.

Тилларнинг тарқалиш суръати ва ўзгаришини Фарғона водийси топонимикаси ҳам ўзида акс эттиради.

Бу ерда эслатиб ўтиш жоизки, Фарғона шаҳар сифатида 1924 йилдан бери мавжуд. Фарғона сўзи эса водийни англатувчи сўз сифатида шарқий-эрон тиллари гуруҳига мансуб сўз бўлиб, кўпчилик олимларнинг фикрича, «тоғлар оралиғидаги жой» маъносини билдиради.

* * *

Муаллиф ҳақида: Александр Иванович Куприн – санъатшунос, маданиятшунос. Фарғонада яшайди. Фарғона санъат билим юртида ўқитувчилик қилади. А. И. Куприннинг «Фарғона Альманахи»даги саҳифасини бу ерда кўришингиз мумкин.