23:30 msk, 15 Август 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қурмонбек Бакиев ёрдамчиси: «Президентнинг биздан бошқа ҳам маслаҳатчилари жуда кўп»

18.03.2006 10:10 msk

Д. Кислов

Давлатнинг биринчи шахсларига ким ва қандай қилиб таъсир ўтказади? Президентлар кимга қулоқ соладилар ва уларнинг қарорлари кимларнинг маслаҳатига боғлиқ? Биз Қирғизистон президенти ҳузуридаги Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (ХСТИ) директори Валентин Богатирев билан унинг Бишкекдаги идорасида учрашдик. Суҳбатни бугунги кунда «Қулов-Бакиев тандеми» қай аҳволда, деган жўнгина саволдан бошладик.

Валентин Богатирев: - Бакиев ва Қулов тандеми мустаҳкамланмоқда. Гарчи «тандем» сўзи улар ўртасидаги муносабатни унча тўғри акс эттирмайди. Бу энди, кўпроқ, президент ва бош вазир ўртасидаги стандарт муносабатлардир. Яъни, гап энди аввал-бошда бўлган тенг ҳуқуқли шахсларнинг бир иттифоққа бирлашишлари ҳақида кетаётгани йўқ. Тандем янги тузилган пайтда – эсингизда бўлса, бу сайловолди вазияти эди – у муайян сиёсий тангликни бартараф қилиб ва сайловчиларга ҳокимият ўз ичида яхлит эканини намойиш қилиб, маълум бир ролни бажарганди. Ҳозир эса муносабатлар бир шаклга тушди ва мен буни нормал ҳол, деб ҳисоблайман. Қанчалик парадоксал кўринмасин, эндиликда президент ва бош вазир аввалгидан кўра бир-бирларига яқинроқ бўлиб қолдилар. Ахир авваллари тандемга икки кучли сиёсатчини мажбурий шартлашишидай қараларди-да. Назаримда, ҳозир бу иттифоқ ўтган йил июлидаги ҳолатдан кўра мустаҳкамроқдир.

Фарғона.ру: - Ўтган йил декабрида Феликс Қулов таҳририятимизга берган интервьюсида Қурмонбек Бакиев «жуда ташвишланаяпти ва ҳаракат қилаяпти», деганди. Бугунги кунда Бакиев президент бўлишни ўрганиб олдими?

Валентин Богатирев: - Бакиев президентлик позициясини мустаҳкамлаб олди. У ҳақиқатан ҳам ўрганди. Бу оддий мактаб бўлмади, чунки ўрганиш «технология»лари жуда кескин эди. Унинг турли сиёсий кучлар томонидан кўрсатилган кучли қаршилик вазиятида ишлашига тўғри келди. Ҳозирга келиб у етарли даражада сиёсий ресурсларга эга бўлиб бошлади ҳамда вазиятни назорат қила олиш учун етарли даражада сиёсий ирода ва имкониятларга эгалигини намойиш қилди.

Фарғона.ру: - Қирғизистон парламенти янги раисининг сайланишини Бакиевнинг ғалабаси, деб ҳисоблаш мумкинми? Бу шахсдан ким манфаатдор?

Валентин Богатирев: - Мен бу сайланиш вазиятини ифодалаш учун ғалаба ёки мағлубият тушунчаларидан фойдаланмаган бўлардим. Аслида бироз ғалати ҳодиса рўй берди. Ахир Бакиев Текебаев билан парламент спикери сифатида олишмаганди-да. Президент эътирозларининг моҳияти парламент қонун чиқариш иши билан самарали фойдаланиш ўрнига сиёсий муаммоларни келтириб чиқариш билан шуғулланганидадир. Масалан, парламент ижроия ҳокимиятининг икки тузилмаси ўртасидаги «тортишув»лар, ҳуқуқ-тартибот ваколатига кирувчи масалаларни олиб чиқиш билан шуғулланди – бу ерда ҳозирча парламент қиладиган иш йўқ. Энг жаҳлни қўзғатадиган жойи шуки, парламентчилар бу йилги бюжетни энг аввало ўз манфаатларини ўйлаган ҳолда (машиналар, квартиралар ва ҳаказолар) қабул қила бошладилар. Президент муносабатини юзага келтирган сабаблар шулардир. Лекин у Текебаев истеъфоси ҳақидаги масалани кўтармаганди. Текебаевнинг ўзи ўзини ушлаб туролмади ва портлаб кетди.

Кейин у, фикримча, истеъфо билан боғлиқ қандайдир спектаклни юзага келтирди. Яъни, назаримда, бу навбатдаги сиёсий шоу эди. У, агар мутлақо асоссиз равишда вазиятни таранглаштирмаса, ҳозир ҳам парламентда тинчгина ўтириши мумкин эди. Албатта, Бакиев ва Текебаев ўртасида эскитдан шахсий адоват бор эди. Лекин бу тангликни Бакиев эмас, айнан Текебаев шахсий адоватга айлантирган. Бундан ўзи зарар кўрди.

Янги спикер Марат Султонов – бошқа авлод вакили. Бу Москвада таҳсил кўрган янги турдаги сиёсатчидир. У узоқ вақт миллий банкда, молия вазирлигида – яъни замонавий технологиялардан фойдаланиладиган тизимларда узоқ вақт ишлаган. У бозор технологиялари форматида, умуман олганда, технократик тартибда бемалол ишлайди. У ғоявий ва ҳиссий омилларга жуда кам аҳамият беради.

Валентин Богатырев
ХСТИ директори Валентин Богатирев

Фарғона.ру: - Ташқи сиёсий майдонда Россия, Ўзбекистон Америка ва бошқа қўшни мамлакатлар – геосиёсий ўйинчилар билан муносабатдаги оқимга қарши сузиш вазиятида президент нима қилиши керак ва қандай йўл тутиши лозим?

Валентин Богатирев: - Бу жуда мураккаб масала. Сизнинг саволингиздаги вазиятдай мураккаб. Президент турли қарама-қарши босимлар муҳитида ишлашга мажбур. Назаримда, Қирғизистон азалдан ҳамма билан яхши алоқада бўлгани учун президент муайян бир позицияни эгаллаб олмасликка уринаяпти. Барча қўшниларимиз билан бўлган муносабатларимиз бу мамлакатлардаги сайловолди вазиятига боғлиқ бўлгани учун мураккабликлар юзага келмоқда. Биз Қозоғистондаги сайлов кампаниясида Қирғизистон масаласи чайқов қилинганини кузатиб турдик. Назарбаев ҳатто тўғридан-тўғри: Қирғизистондагидай турмушни хоҳласангиз, инқилобчилар учун овоз беринг, деди. Назарбаев сайловолди кампанияси Қирғизистонни аксилнамуна сифатида келтириш устига қурилди. Каримов Андижон воқеалари юзасидан халқаро ҳамжамият билан бўлган курашини ҳаммасини гўё ташқи кучлар қилгани устига қурган ва шуни таъкидлашда давом этмоқда. Гўёки содир бўлган исёнларга Ўзбекистоннинг ўзи эмас, фақат четдан келган кучлар айбдордай. Масалан, Қирғизистон. Гарчи қирғизистонликларнинг Фарғона, Андижон ёки Ўзбекистонни қаеридадир нимадир содир бўлаётгани билан ишлари бўлмаса ҳам. Уларнинг ўзларида муаммо етарли. Ўзимиздаги муаммоларни ҳал қилиб олсак ҳам катта гап. Каримов буни ташқаридан келганини айтиб, обрўсини сақлаб қолмоқчилиги тушунарли, албатта. Ўйингоҳда ёки ўрта мактабда жангарилар тайёрлангани ҳақидаги афсонавор хабар шундан пайдо бўлган.

Фарғона.Ру: - Институтингизнинг асосий вазифаси нимадан иборат?

Валентин Богатирев: - Институтимизни мен «таҳлилий ФҲВ», деб атайман. Бизнинг вазифамиз муҳтамал ва мавжуд таҳдидларни илғаб олиб, муаммоларни ҳал қилиш сценарийсини таклиф қилишдан иборат. Менинг иккинчи президент билан ишлашим (Ақаев билан уч йил ишлагандим) ва бунда мен бир нарсани сездим: президентлар ўзлари тўғри, деб ҳисоблаган ҳоллардагина бизга қулоқ солар эканлар. Президентлар доим ўзлари зарур, деб билган нарсани қиладилар. Масалан, Ақаевга 24 март олдидан вазиятдан чиқишнинг турли йўлларини таклиф қилгандим, булар орасида Танаевни Бакиевга алмаштириш таклифи ҳам бор эди. Лекин Ақаев бу сценарийни танламади. Бу мактубни мен Ақаевга 18 март куни бергандим. Аммо у бошқаларнинг маслаҳатига қулоқ тутди. Ахир президентларнинг биздан бошқа маслаҳатчилари ҳам кўп-да.

Интервьюни Д. Кислов ёзиб олди. Бишкек, 6 март 2005 й.

(қисқартириб олинди)