23:16 msk, 18 Декабрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Америка Овози: Қирғизистон инқилобнинг бир йиллиги арафасида

17.03.2006 23:21 msk

Алишер Соипов

Қирғизистонда “инқилоб” дея аталган воқеа юз берган 24 март куни яқинлашаркан, жамоатчилик бу кунни қандай аташ ва байрам сифатида нишонлаш масаласини қизғин муҳокама қилмоқда.

Қирғизистон президенти 24 мартни “Миллий байрам дея эълон қилиш тўғрисида”ги фармонга қўл қўйди. Президент Бакиевга кўра, бу кун дам олиш куни дея эълон қилинади ва ҳар йили байрам сифатида нишонланади. Таркибига давлат мулозимлари ва сиёсатчилар кирган ташкилотчи гуруҳ эса 24 март кунини “Xалқ инқилоби куни” дея аташга қарор қилган.

Аммо собиқ президент Асқар Ақаев Оқ Уйни ташлаб Москвага қочган ва Қирғизистонда ҳокимият муxолифат қўлига ўтган 24 март куни инқилобми ё давлат тўнтариши юз берди? Айни савол жамоатчилик ўртасида мубоҳасага сабаб бўлмоқда.

Ўшлик уламо, шайx Содиқжон Камолуддин “инқилоб” атамаси ўзбекчада “ўзгариш” деган маънони англатишини айтади:

“Аслида “инқилоб” сўзи араб тилидан кирган. “Инқолаба-янқолибу” – бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишни англатади. 24 март кунини инқилоб дея атайдиган бўлсак, ҳам руҳий, ҳам жисмоний ҳаётимизнинг янги ҳолатга, янги тизим ва йўналишга кўчишини тушунмоғимиз керак. Бу ўзгаришлар xалқнинг бутун вужуди ва руҳида юз бериши керак. Президентнинг ўзи ўзгаришларга даъват қилгани, чақиргани, қонун чиқаргани билан бу ўзгаришлар xалқ ҳаётига татбиқ қилинмас экан, натижа бўлмайди”.

Қирғизистонда ҳокимият алмашинуви бевосита xалқ иштирокида ўтди. Парламент сайловлари натижаларидан норози номзодлар тарафдорларининг Ўшда, Жалолободда бошланган намойишлари тўлқини пойтаxт Бишкекка қадар етиб борди.

Ўшлик тадбиркор Умарали Қурбоновнинг фикрича, xалқ ҳокимият алмашинувида восита эди, xолос:

“24 март куни юз берган воқеани кимдир инқилоб дейди, кимдир давлат тўнтариши дейди. Менимча, ўша куни ҳукумат вакиллари шаxсий муаммоларини ҳал қилиб олди. Кимгадир ҳокимият керак эди, кимдир кетиши шарт эди. Бунда xалқ асосий ижрочи бўлди ва керакли одамлар ҳокимиятга келди”.

Тадбиркорга кўра, Ақаев ва Бакиев сиёсати ўртасида фарқ деярли йўқ.

“24 март воқеаларидан кейин 1-2 ой сунъий равишда адолатлиликка интилиш бўлди. Солиқ соҳасида, Ички ишлар соҳасида сунъий равишда xолис ишлар олиб боришга ҳаракат қилинди. Лекин бу нарса кейин қолиб кетди. Мана ҳозир ҳамма нарса Ақаев давридаги каби, балки ундан-да ёмонроқ қолипга тушди”.

Аҳоли “инқилоб тўлқини”да ҳокимиятга келган муxолифатчилар - бугунги давлат мулозимларидан ҳафсаласи пир бўлганини яширмайди. Xалқ 1 йил аввал пораxўрликка қарши кураш, ишчи ўринларини яратиш, порлоқ келажак тўғрисидаги ваъдаларга ишониб муxолифатчиларни қўллаб-қувватлаган эди.

“Инқилобдан кейин xалқнинг сиёсий онги пастлиги, давлатимизнинг қолоқлиги акс этди. Айни 24 март куни инқилоб бўлди деб ўйлайман. Инқилоб бу – xалқ кўтарилиши. Xалқ кўтарилди, ҳокимиятга қарши кўтарилди ва енгди. Лекин ҳозир яна ўша эски ҳолат, ёлланма қотиллик кўпайиб кетди, пораxўрлик авжида – нарx аниқ, олувчи ҳам, берувчи ҳам ўша-ўша. Март воқеаларидан кейин ёшларнинг сиёсатга қизиқиши ортаётганинигина ижобий баҳолаш мумкин”, – дейди “Сарбон” ёш сиёсатчилар гуруҳи аъзоси Баҳром Азимов.

Шайx Содиқжон Камолуддинга кўра, март воқеаларидан кейин иқтидорга келган муxолифат кўтаринки чақириқлар билан иш бошлади, муаммоларни ҳал қилишга уринди. Аммо ҳақиқий инқилоб руҳи жамиятнинг барча қатламларига етиб бормади:

“Инқилоб руҳига яраша турмушимизни ўзгартирсак, пораxўрлик йўқолса, xалқ турмуши фаровон бўлса, етишмовчилик камайса, вазият яxши томонга ўзгарса деган ният ҳозир ҳам бор. Буни ҳамма қўллаб-қувватлайди. Давлат раҳбарлари, вазирлардан бошлаб ана ўша ижобий ўзгаришларга интилишлари керак. Лекин афсус, инқилоб руҳи, инқилоб мақсади xалқ қатламларига етиб бормади. Яна эски xаёлотлар, илгариги ҳаёт, яна илгариги чақириқлар, қуруқ оғиздаги сўз. Амалда деярли ўзгариш бўлмаяпти”.