14:25 msk, 17 Июль 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистонлик қизлар чет элликларга турмушга чиқиш билан моддий аҳволларини яхшиларга уринмоқдалар

17.03.2006 15:51 msk

Зарипа Пратова (Жалолобод)

Расмий маълумотларга кўра, охирги йилларда Қирғизистон жанубида чет эл фуқароларининг маҳаллий қизлар билан турмуш қурган ҳоллар кескин ошиб кетган. Бундай никоҳ учун кўп нарса керакмас: куёв бола ўз ватанида оила қурмагани ҳақида маълумотнома бўлса бас.

Қирғизистоннинг Жалолобод шаҳри ЗАГС бўлимидан олинган маълумотларга кўра, 2005 йилнинг ўзида 9 та (туркиялик етти фуқаро ва покистонлик икки фуқаро) никоҳ қайд этилган. Бу оилалардан фақат биттасигина бузилиб кетди: 19 ёшли қирғизистонлик фуқаро Н. А-ва ҳамда 52 ёшли покистонлик фуқаро Ал-Шуайби Абдул-Ҳаким ўзаро келишган ҳолда никоҳни бекор қилганлар. Дарвоқе, бу каби никоҳлар учун ёшларда катта фарқ бўлиши кўп учраб туради.

Жалолободдаги «Бахт уйи» мудираси Бузейнеп Имановага кўра, бундай никоҳларнинг асосий сабаби қизларнинг ўз моддий аҳволларини яхшилаб, мамлакатдан кетиш истагида акс этади. У ушбу никоҳларнинг кўпчилиги яхшилик билан тугамайди, деб ҳисоблайди.

Глобал ўзгаришлар ва демократик тамойиллар ривожланишида жадаллик кузатилаётганига қарамай, Марказий Осиёда миллий қадриятларни сақлаб қолиш ва маданиятни авлоддан-авлодга етказиш масалалари долзарблигича қолмоқда. Жалолобод давлат университети проректори Анара Қадированинг фикрича, қирғиз аёллари ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз миллий манфаатларини ажнабийларга сотмаганлар.

Унинг фикрига ёш авлоднинг кўплаб вакиллари – «Миллий генофонд ва замонавий жамият: чет элликка турмушга чиқиш» давра суҳбатида қатнашган талабалар ҳам қўллаб-қувватлайдилар, улар ҳам ҳорижликларга турмушга чиқишга уларнинг молиявий аҳволлари сабаб бўлади, деган фикрдалар.

Кўпчилик қизлар буни Қирғизистонда статистика бўйича аёллар эркаклардан кўплиги билан изоҳлайдилар. Эркакларнинг кўплари Россия ва бошқа мамлакатларга пул топиш учун кетганлар. «Биз шундай қайғули ҳодисага гувоҳ бўлмоқдамизки, 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган эркакларнинг 30 фоизи турли жиноятлари учун аҳлоқ тузатиш муассасаларида юрибдилар, уларнинг 35 фоизи эса Россияга пул ишлаш учун кетганлар. Эркаклар умуман етишмаяпти. Аёллар чет элликка турмушга чиқиш орқали тўлақонли оилада фарзанд кўриш имкониятига эга бўладилар. Бу ерда генофондни сақлаб қолиш муҳимлик жиҳатидан ўз ўрнини бахтли бўлишга бўшатиб беради», - деб ҳисоблайди Жалолобод Давлат университети факультетларидан бирида декан ўринбосари бўлиб ишловчи Аида Жусупова.

Чет элликлар ичида ўтказилган сўров натижалари ҳам жуда қизиқ: агар улардан баъзилари қирғизистонлик қизга уйланиш оддий никоҳдан бошқа нарса эмас, деб ҳисобласалар, бошқалар учун бу миллий қадриятларга нисбатан хиёнат бўлиб ҳисобланади. Агар сен Туркия, Покистон ёки Хитой фуқароси бўлсанг (қирғизистонлик қизларга кўпинча айнан шу мамлакатлар фуқаролари уйланадилар), марҳамат қилиб, туркиялик қиз, покистонлик қиз ёки ҳитойлик қизни хотинликка танла. ЖДУ филология факультети талабаси Рустам Алимбаевнинг айтишича, Қирғизистон университетларида ўқийдиган ҳорижлик талабаларнинг кўпи ана шундай фикрдалар. «Туркиялик бир курсдошим ҳеч қачон қирғиз қизга уйланмаслигини айтади, - дейди Рустам, - чунки у эрига турк миллий таомларини қилиб беролмасмиш. Бу анъанавий турк оиласида турмуш қуришда катта аҳамиятга эга». Кўп қизлар бу ҳақда билмайдилар, ҳатто билсалар ҳам, бунга эътибор бермайдилар. Эътибор бермай бекор қиладилар: бу келажакда хатоларга йўл қўйишдан сақлаган бўларди, - деб ҳисоблайди Рустам.

Чет элликларнинг қирғизистонлик қизлар билан турмуш қуришларини жамият маъқулламаслигига қарамасдан, тобора кўп қирғизистонлик қизлар мамлакатни тарк этмоқдалар. Демократик давлатнинг барча мезонларига кўра бу нормал ҳолдир: мамлакатда амалга оширилаётган гендер сиёсати қизларнинг мустақил равишда турмуш ўртоғи ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқларини таъминлайди ва бу ҳуқуқларни ҳимоя қилади. Гап фақат аёлларнинг бу ҳуқуқдан ўз зиёнига фойдаланиб қолмасликларида, холос.