05:10 msk, 26 Апрель 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида «Аллоҳ, Аллоҳ!» деб қичқирадиган хўроз пайдо бўлди

15.03.2006 21:12 msk

Фирдавсий, «Фарғона.Ру» мухбири

Хўроз қандай қичқиришини эшитганмисиз? Бу бемаъза савол, албатта! Бунинг устига бутун дунёда хўроз бир хилда қоқоғлайди... Аммо бу бир хиллик Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги хўрозлардан бирининг жонига тегиб кетди ва у бошқача қичқира бошлади. Бу янги қичқириқ уни нақд ўлимдан сақлаб қолди. Хўроз эгаси, Ўш шаҳри марказидаги Тожик кўчасида яшайдиган Иброҳим Исматуллаев ва баъзи маҳаллий журналистларнинг таъкидлашларича, бир неча кундан бери бу хўроз ҳар куни Аллоҳга илтижо қилиб қичқиради.

Бу воқеани ҳамкасбларимдан эшитгач, мен ажойиб хўрозни ўз кўзим билан кўрмоқчи бўлдим. Яшириб ўтирмайман, узоқ йиллик журналистик амалиётим мобайнида кўплаб товламачиларни учратганман. Шунинг учун ҳам буни катта пул ишлашни истаган қандайдир қаллобнинг уйдирмаси, дея тахмин қилгандим. Шунингдек, мен мутаассибнинг диний иборалар ва аҳлоқий пандлар билан тўла таъсирли нутқини эшитишга ўзимни тайёрлаб боргандим.

Аммо мен Тожик кўчасидаги уйга кирганимда «Ҳизбут-таҳрир» мутаассибларига ҳечам ўхшамаган соҳибларни кўрдим, улар бизларни хурсандлик билан кутиб олдилар. Ташрифдан мақсадни билгач, мени товуқхона ёнига кузатиб бордилар. У ерда хўроз қичқириғини эшитгач, мен бир неча дақиқага соқов бўлиб қолдим.


Ғайриоддий хўроз Аллоҳга илтижо қилади

Муҳтарам муштарийлар! Ишоратга нуқиб, сиз хўроз қичқириғи ёзилган аудиоёзувни тинглай олишингиз мумкин. У «Фарғона.Ру» АА мухбирлари томонидан 2006 йилнинг март ойи бошида ёзилган. Ёзувни эшитиш.

Хўроз эгаси Иброҳим Исматуллаев гапиради:

- Бу хўрозни икки йилдан бери боқаман. У жуда урушқоқ бўлиб, доим болаларимни чўқишга ёки тепишга уринарди. Мен ундан шўрва қилишга қарор қилдим. Оёғидан ушлаб, товуқхонадан олиб чиқдим ва бўғзига пичоқни яқинлаштирдим. Шу пайт у ғалати қилиб қичқира бошлади. Ёнимда турган беш яшар ўғлим дафъатан: «Дада, у «Аллоҳ, Аллоҳ!» деб қичқираяпти. Уни қўйиб юборинг», деди. Мен ҳайратдан қотиб қолдим, онамни чақирдим. У ҳам хўроз қичқириғини эшитгач, менга: «Уни қўйиб юбор, ўғлим, бу Худонинг уйимизга юборган инояти», деди.


Хўроз эгаси Иброҳим Исматуллаев болалари билан

Иброҳим Исматуллаевнинг онаси эслайди:

- Мен қизим билан телефонда гаплашаётгандим. Бирдан кимнингдир ғалати овозда «Аллоҳ, Аллоҳ!» деб қичқираётганини эшитиб қолдим. Кейин хўрозни сўймоқчи бўлиб турган ўғлим чақириб қолди. Мен ташқарига чиқиб, Аллоҳ номини айтиб қичқираётган шу хўроз эканини кўрдим, - дейди Аълохон Исматуллаева. – Мен буни Аллоҳнинг бизга берган инояти, деб биламан. Бу хўрознинг қичқириғини эшитган қўшниларимиз ҳам шундай деяптилар.

«Ғаройиб хўроз» овозаси бутун шаҳарга ёйилиб кетди. Бугунги кунда шаҳарликлар Иброҳим Исматуллаев олдига хўрозни сотиш таклифи билан келмоқдалар. Унга таклиф қилинган энг юқори баҳо – 500 АҚШ доллари. Лекин Иброҳим Исматуллаев барча харидорларга қатъий рад жавобини бермоқда, бунинг устига Иброҳимнинг қўшнилари ҳам унинг хўрозни сотиб юборишига йўл қўймасалар керак.

- Кўп қўшниларимиз хўрозимизнинг қичқиришини эшитиб, Худога ишона бошладилар. Кўпчилик намоз ўқий бошлади ва мунтазам равишда масжидга қатнайдиган бўлди, - дейди Иброҳим Исматуллаев.

* * *

«Фарғона.Ру» АА таҳририяти дин уламолари, диншунос ва маданиятшунос олимлардан ушбу ғаройиб ҳодисани изоҳлаб беришни сўрайди.