08:44 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Андижон воқеаларига бир ой тўлди

14.06.2005 16:30 msk

Галима Бухарбаева, IWPR

- “Мен 13-май куни Ўзбекистоннинг шафқатсиз ҳукумати соат 17:30 да ўз халқига қарши ўқ отганда, минглаган андижонликлар орасида эдим. Болалар, ўсмирлар, аёллар, қариялар ва журналистларни совуққонлик билан отишди. Профессионал оммавий қотиллик....” Қонли жума тафсилотлари ҳақида журналист Галима Бухарбаева ёзади.

“МЕНИНГ АНДИЖОНИМ”

13-июнда Андижонда тинч намойиш ўққа тутилди. Мақола барча андижонликларга бағишланади.

Галима Бухарбаева, IWPR журналисти

Мен 13-май куни Ўзбекистоннинг шафқатсиз ҳукумати соат 17:30 да ўз халқига қарши ўқ отганда, минглаган андижонликлар орасида эдим. Болалар, ўсмирлар, аёллар, қариялар ва журналистларни совуққонлик билан отишди. Профессионал оммавий қотиллик.

Проспект бўйлаб бирин – кетин БТРлар колоннаси ўтарди. Уларда бронежилет ва каскали, қуролланган ҳарбийлар бор эди.

Даҳшат ичра қочаётган одамларнинг ортидан БТРдаги махсус қисм ҳарбийлари ўқ узардилар. Ўқ 360 даража айланиб учарди. Ҳарбийлардан бири мени ўлдирмоқчи бўлди. Автоматдан отилган ўқ орқамдаги қопчиғимга теккан ва менинг қайдлар дафтаримни ҳамда журналистик гувоҳномамни тешиб ўтган эди.

Эртаси куни МХХ ходимларидан бири менга 13-май иккинчи туғилган куним эканини айтди.

Эртаси куни андижонликларга қилинган қирғиндан даҳшатга тушиб шаҳарни тарк этарканман, мен шаҳарни эмас, каттакон гўшт қиймалагични тарк этаётгандек бўлдим. Бу шаҳар аҳолиси гўштга сўйилган эди.

Президент Каримов бутун бир шаҳарнинг фикри билан келишмади. Менинг агар ҳар бир одам қул бўлмасдан ўз тақдирини ўзи ҳал қилса мустабидликка қарши тура олади, деган ақидам дарз кетди.

Воқеанинг бошланиши

13-май куни эрталаб соат 8:10 да Ассошиэйтед Пресс агентлигида ишлайдиган синглим Багила Бухарбаева Андижонда исён бошланганини ва одамлар вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олганларини билдирди. Унинг айтишича, исён “Акромийлик”да айбланиб судланаётган 23 нафар ишбилармон билан боғлиқ эди. Суд жараёни 11-май куни тугалланди ва суд ҳукм чиқариш учун маслаҳатга чиққан эди.

Андижонга бориш қарорига келдик. Биз 4 киши эдик, мен, Багила, немис журналисти Маркус Бенсманн ва АПнинг украиналик фотомухбири Ефрем Лугацкий.

Омадимиз келди. Соат 9:50 да Фарғонага самолёт бор экан. Соат 11 да у ерда бўлдик. Андижонгача 75 километр қолган эди.

Биз такси ёлладик ва бу машинада шаҳар чегарасигача бордик. Йўл тўсилган эди. Журналистлик гувоҳномаларимизни кўрсатгач, милиционерлар шаҳарга киришга рухсат беришди. Анча юргач бир “Дамас” русумли машинаси кўринди ва биз ундан шаҳар марказига олиб бориб қўйишни илтимос қилдик.

Марказга яқинлашгач, бу ерда ҳам йўллар тўсилганини кўрдик. Биз бу ишни ҳукумат қилган, деб ўйладик. Бироқ, биронта милиционер ёки ҳарбий кўринмас, шаҳар одамга тўлиб кетган эди.

Кейинроқ йўлларни андижонликлар тўсганларини, шундай йўл билан ҳокимиятни эгаллаган исёнчиларга ёрдам бермоқчи бўлганларини билдик.

Соат 13:00 чамаси шаҳар марказига етиб келиб, театр ва кинотеатрнинг ёнаётган биноларини кўрдик. Бобур майдонида тахминан уч–беш минг одам бор эди. Машинадан чиқишимиз билан олдимизга ёш йигитлар келиб бизнинг журналист ёки журналист эмаслигимизни ва қайси нашр учун ишлашимизни сўрадилар.

Бобур ҳайкали пойидаги минбарда эса нутқлар сўзланарди. Улар бизни кўргач, “меҳмонлар келди, йўл беринглар”, дейишди. Бизни минбарга чиқаришларига оз қолди. Улар журналистларда ўз қўллаб – қувватловчиларини кўрардилар. Биз журналист эканлигимизни ва сўзга чиқолмаслигимизни билдирдик.

Шу онда менга CNNдаги ҳамкасбларими қўнғироқ қилишди. Улар билан гаплашаётганимда ручкамнинг қалпоқчаси бир неча марта ерга тушиб кетди ва ҳар сафар олдимда турган йигитлар уни ердан олиб, узр сўраб менга беришарди. Яъни, одамларда ҳеч қандай тажовузкор кайфият йўқ эди. Биз майдонда интервью олишга киришдик.

Деярли ҳамма қашшоқликдан, сиёсий ҳуқуқсизликдан шикоят қилди.

- “Бу ердагиларнинг ҳаммаси ишсиз”, - деди бир киши атрофни кўрсатиб. – “Бу ҳолатга қачон барҳам берилади? Ҳукумат бизни эшитиши лозим”.

Бошқа бир киши Президент Каримов ва ҳукумат истеъфога кетиши кераклиги ҳақида гапирди. Лекин кўпчилик сиёсий талабларни қўймас эди. Улар қашшоқлик, ишсизлик ва милиция ҳамда суднинг адолатсизлиги тўғрисида гапирардилар.

Кинотеатр ва театрни ким ёндирди, деган саволимизга ҳамма “ҳукумат кейин буни исёнчиларга ағдариш учун ёндирди”, деб жавоб берди.

Вилоят ҳокимияти биноси олдида бизни фуқаролик кийимида, қўлларида автомат ушлаган йигитлар кутиб олдилар. Улар ҳеч қандай саволларсиз журналистларни ичкарига киритиб юбордилар.

У ерда мен қўлларида автоматлари бор йигирмага яқин ёш йигитларни кўрдим. Бизнинг олдимизга ўзини Шариф Шокиров деб таништирган йигит келди. Унинг икки акаси судланаётган 23 нафар тадбиркорлар орасида экан.

Шариф Шокировга кўра, ҳукуматнинг ўзи уларни қўлларига қурол олишга мажбур қилган. Охирги икки кунда, 10 ва 11-майда суд биноси олдига 5 мингдан ортиқ одам тўпланган. Чунки, бу 23 тадбиркор икки минг одамни иш билан таъминлар эди.

Уларнинг қариндошлари, ишчилари ва дўстлари суд биноси олдини сешанба ва чоршанба кунлари тўлдириб турдилар.

Ҳукумат бу нарсага эътибор бермади. Атрофда милиция ҳам йўқ эди. Бироқ, 11 ва 12-май кунлари МХХ суд олдига пикетга чиққанларни қамоққа ола бошлади. Шариф Шокировга кўра, кечга яқин олти киши қамоққа олингани ва олти машина мусодара қилингани маълум бўлди.

Бу одамларнинг сабр косасини тўлдирди. Одамлар йиғилиб ДАНга бордилар ва машиналарни қайтаришни талаб қилдилар. Лекин ДАНдан ҳеч ким чиқмади. Натижада одамларнинг норозилиги ўса борди ва ҳарбий қисмга ҳужум қилинди. Бу ерда улар қуролни қўлга киритдилар. Бу соат 12:00 чамаси эди.

Кейин улар МХХдан ўз одамларини озод қилишни талаб қилдилар. Лекин натижа бўлмади. МХХ мудофаага ўтди ва Шариф Шокировга кўра, у ерда 30 одам қурбон бўлди.

МХХдан сўнг исёнчилар қамоқхонага ҳужум қилдилар. У ерда барча маҳбусларни, жумладан 23 нафар тадбиркорни ҳам озод қилишди. Соат бирда эса ҳокимият биносини эгаллаб олишди.

- “Сизлар нималарни талаб қилмоқдасизлар?”, - деган саволимизга Шариф Шокиров ҳақиқат ва адолатни талаб қилишларни айтди. Шунингдек, улар эрталаб “Рейтер” агентлиги мухбири орқали Россия президенти В. Путинга бу зиддиятни ҳал қилиб беришни илтимос қилиб мурожаат йўллаганларини айтишди. - “Ҳозир қаерларни назорат қилаяпсизлар”, - деган саволимизга Шокиров “фақат ҳокимият биносини”, деб жавоб берди.

Ўша пайтда улар 30 кишини гаровга олган эдилар. Шокировга кўра, улар ҳарбийлар, милиционерлар, МХХ ходимлари ва оломон ичида провокация қилаётган шахслар эди.

Биз меҳмонхонага жойлашишимиз ва биринчи репортажларни жўнатишимиз зарур эди. Шунинг учун майдонни тарк этдик.

Майдонга қайтганимизда у ерда жуда кўп одам тўпланганини кўрдик. Майдондагиларнинг кўпчилиги 20 минг одам борлигини айтишди, лекин кейинчалик гувоҳлар ва манбаалар 15 минг деган рақамга тўхтадилар.

Бобур ҳайкали олдида митинг давом этарди. Бир кекса аёл қашшоқлик туфайли ўзбекистонликлар Россия ва Қозоғистонга кетиб ишлашга мажбур бўлаётганларини гапирди. Кейин митинг ташкилотчиларидан бири шаҳар аҳолиси олдида прокурор сўзга чиқишини билдирди.

Минбарга ўзини шаҳар прокурори деб таништирган Ғанижон Абдураҳимов чиқди. У судланаётганларнинг барчасига адолатли ҳукм чиқарилишини билдирди. Бироқ, оломон бу гаплардан ҳайратга тушди ва унга қарата қўлига тушган нарсани ота бошлади.

Кейин биз ҳокимиятдаги исёнчилардан хабар олдик. Ҳокимият олдидаги майсазорда бир одам ёнувчи суюқлик тўлдирилган шишаларни тайёрлаётган эди. Бинога кираверишда эса сейфлардан ғов ясалганди.

Ўша ерда биз қамоқхона кийимидаги “Акромийлик”да айбланиб судланаётган икки кишини учратдик. Бу сафар биз билан исёнчилар раҳбарларидан бири Қобилжон Парпиев учрашди.

Қобилжон Парпиев исёнчилар билан Ички Ишлар вазири Зокир Алматов бир оз музокара олиб борганини айтди. Вазир уларга эрталаб телефон қилиб, нима талаблари борлигини сўрабди. Қобилжон Парпиев ҳеч қандай сиёсий талаблари йўқлигини, фақат адолат исташларини билдирган. Исёнчилар қамоқдан 1999-йилда ҳибс қилинган “Акромия” ҳаракати раҳбари Акром Йўлдошевни озод қилишини талаб қилганлар.

Қобилжон Парпиевга кўра, Акром Йўлдошев ҳеч қандай ташкилот тузмаган, фақат кўпчилик учун руҳий йўналишдаги китоб ёзган.

Бунга жавобан вазир кечроқ телефон қилишини маълум қилган. Тушдан сўнг вазир яна телефон қилди. Зокир Алматов суд қарши бўлгани учун Акром Йўлдошевни озод қилиш мумкин эмаслигини билдирди. Шундан сўнг, Қобулжон Парпиевнинг айтишича, вазир таҳдид қилишга ўтган.

- “У бизга ҳужум бўлишини, ҳаттоки 300 – 400 одам ўлса ҳам исёнчиларни қўлга олишларини билдирди”, - деди Парпиев.

Мен Парпиевга “қўрқмайсизларми?”, деб савол бердим.

У сокин ва босиқ овозда “Шу ҳам ҳаётми? Бундан кўра ўлган яхши”, деб жавоб берди.

Биз яна майдонга қайтдик. Соат 17.20 да БТРлар пайдо бўлди. Одамлар қоча бошладилар. Мен ҳукумат одамларга қарата ўқ отмайди, деб хотиржам эдим. Лекин орадан икки дақиқа ўтгач, янги БТРлар колоннаси пайдо бўлди. Майдонга яқинлашгач, улар огоҳлантиришсиз ўт очдилар. Ҳамма қоча бошлади. Мен ҳам қочдим.

Ўқлар ҳар томондан дўлдек визиллаб учарди. Мен қочаётган йигитлардан бир қанчаси йиқилганини кўрдим. Бирдан кўзим ариққа тушди ва мен унга ётиб олдим. У ерда мендан ташқари бир неча ўсмир ҳам бор эди.

Отишма вақтинчалик тўхтатилди. Мен ариқдан чиқиб Маркусни қидириб топдим. У мени йўқотиб қўйгач, яширинишга ҳам ҳаракат қилмабди. Ўқлар дўлида мени қидирибди. Багилани мен топа олмадим. Мен одамлар мурдаларни ҳокимият биноси ичига ташиётганларининг гувоҳи бўлдим.

Орадан бир дақиқа ўтар-ўтмай БТРларнинг янги гуруҳи пайдо бўлди ва яна отишма бошланди.

Шу онда менга CNNдан қўнғироқ қилишди. Биз Маркус иккаламиз ариққа ирғидик. Энди биз ариқнинг сув бор қисмида ётардик ва мен ҳамкасбларимга телефон орқали хабар берардим. Билмадим, Америка телевидениеси менинг гапларимдан фойдалана олдимикан. Мен уларнинг сўзларини ўқ овозлари ичида эшитмас, ўзим эса даҳшат ва ваҳимада бақириб гапирардим. Кейин алоқа узилиб қолди.

Иккинчи отишма тугаганда мен атрофимизда беш ёш йигитнинг жасадларини кўрдим.

Биз Маркус билан бу ердан кетишга қарор қилдик. Ҳокимиятга яқин бўлганимиз учун ҳам ўша томонга қараб қочдик.

Йўлда “Фарғона.Ру”нинг Тошкентдаги мухбири Алексей Волосевични кўриб қолдим. Ваҳимада унинг исмини эслолмай фамилияси билан чақирдим: ”Волосевич!” У менинг овозимни эшитди ва менга қаради. Мен унга майдонга кирмасликни, у ерда отишма бўлаётганини айтдим.

Алексей майдон олдида квартира ижарага олганини айтиб, бизни ўша ерга таклиф қилди. Биз унинг уйига етай деб қолганимизда БТР пайдо бўлди. Биз даҳшатга тушиб орқага қочдик. Йўл бўйида андижонликлар турган эдилар, улар бизга қўлларини силкитиб, ўзларининг кўчаларига киришимиз мумкинлигини билдирдилар.

Ўша ердан биз маҳалланинг тор кўчалари билан марказдан узоқлаша бошладик. Устимизда тинмай вертолёт айланар эди. Менинг наздимда бу шаҳардаги ҳар бир одам таъқиб қилинаётгандай эди. 13-май куни майдонга чиққан ҳар бир одам исломий террорчи, деган ном олди.

Меҳмонхонадагина нафас ростлаш мумкин бўлди. Лекин синглим Багиладан ташвишланар эдим. У отишма бошланганда кўчанинг нариги томонида қолган эди. Меҳмонхонадан унга қўнғироқ қилишга муваффақ бўлдик. Уни Нуриддин деган андижонлик йигит қутқариб қолибди.

Тун бўйи меҳмонхона олдидан БТРлар ўтиб турди. Биз эрталабки соат 7 ларда майдонга борадиган бўлдик. АП мухбири Ефрем “одамлар қариндошлари жасадларини олиб кетгани майдонга чиқадилар, уларни суратга олишимиз керак”, деди.

Бирооқ Ефрем суратларни ололмади. У меҳмонхонага плёнка алмаштиргани кетганда отишма бошланиб, майдон тўсиб қўйилди ва у пистирмадаги ҳарбийларнигина суратга ололди, холос...

Биз таксига ўтириб, шаҳар марказига йўл олдик. Бизга қарата ўқ отмоқчи бўлган ҳарбийга хужжатларимизни кўрсатиб, журналист эканимизни айтгач, у бизга бошқа бир ҳарбийни қўшиб, марказгача кузатиб қўйишни буюрди.

Бу ҳарбий бизни милиция бўлимигача кузатиб борди. Бу ерда ҳам БТРлар бор эди. Бир ҳарбий бизнинг кузатувчимизга, “нега уларни бу ерга олиб келдинг”, деб бақира бошлади. Шу пайт мен ИИВ амалдорларидан бирини кўриб қолдим. У ҳам мени таниб, олдимга келди. Бирон бир ахборот беришни сўраганимизда у ахборотни кейинроқ беришини, ҳозир эса бу ердан кетишимизни маслаҳат берди.

Биз ортга қайтдик ва йўлда “Рейтер”даги ҳамкасбимиз Шамил Байгин ва АФПдан Муҳаммад Шарифларни учратдик. Улар жуда ҳорғин эдилар. Улар 4 марта отишмада қолибдилар ва мўъжиза туфайлигина омон қолган эдилар. Биз ҳаммамиз Сойгузарга кета бошладик. Бизга у ерда мурдаларни тўплашяпти, деб хабар беришган эди.

Йўлимизни иккита машина тўсиб, ундан қуролланган одамлар тушдилар. Бизга машинага ўтиришни буйруқ қилишди. Баҳслашиш бефойда эди. Бизни милиция бўлимларидан бирига олиб келиб, шу ерда қолишимизни айтишди. Икки соатлардан сўнг биз ажаблана бошладик. Шунда бизга бизнинг хавфсизлигимизни кўзлаб шундай қилаётганларини билдирдилар. Кейин бир МХХ ходими бизнинг паспортимиз ва журналистлик гувоҳномамиздаги кўрсаткичларни кўчира бошлади. Муҳаммад Шариф нега унинг икки боласи ҳақидаги маълумотлар ҳам кўчириб олинаётганига тушунмади.

Тез орада бошлиқ пайдо бўлди. Бизни хонага таклиф қилиб, сумкаларимизни очишни буюрди. Уларни ахборот ташувчи воситалар қизиқтирар эди. Охир-оқибат улар Муҳаммад Шарифнинг рақамли фотоаппаратини ва Ефремнинг фотоаппаратидаги дискни тортиб олишди.

Шундан кейин улар ўттиз дақиқа ичида биз шаҳарни тарк этмасак, хавфсизлигимизга кафолат бермасликларини айтишди. Улар жиддий қиёфада ўзларида мавжуд маълумотга кўра, исёнчилар бизни гаровга олмоқчи эканларини айтдилар.

Тортиб олинган жиҳозларимизни қайтариб беришга ваъда бердилар. Лекин кўчага чиққач, биз бошлиқларни ҳам, жиҳозларимизни ҳам қайтиб кўрмадик. Кўчада бизни меҳмонхонага қайтариб олиб келиб қўйиш учун оддий машина турарди.

Мен синглимни ҳали ҳам топа олмаган эдим. Багила Нуриддиннинг уйида тунабди ва меҳмонхонага келишга ҳаракат қилибди. Мен унга қўнғироқ қилганимда у яна майдонда экан. Багила меҳмонхонага келаётганини айтди.

Меҳмонхонага келгач, Багила мўъжиза туфайли қандай омон қолганини, ёнгинасида бошидан ўқ еган 12 ёшли болакай ётганини сўзлаб берди.

Багила 14-май куни майдонга яна одамлар тўпланаётганларини кўрган. Уларнинг кўпчилиги ўз қариндошларини топа олмаган одамлар экан. Улар ҳарбийларга қарата “Қотиллар!”, деб қичқиришган. Майдон атрофида яна 30 мурда ётарди. 200 квадрат метрли майдон қонга ботган эди.

Одамлар синглимга ҳарбийлар эрталаб жасадларни учта юк машинаси ва автобусда қаергадир олиб кетганларини кўрганларини айтишибди.

Биз шаҳардан чиқиб кетишга қарор қилдик. Такси топиш қийин бўлди. Йўл ҳақи 100 долларга кўтарилиб кетган эди.

Фарғонада Президент Ислом Каримовнинг матбуот анжуманини кўрдим. У соат 18:00 гача бирорта ўқ отилмагани ва болалар, аёлларга қарата ўқ отилмагани ҳақида гапирди. Унинг айтишича, ҳужум жангарилар уч гуруҳга бўлиниб, шаҳарни тарк этаётган пайтда, соат 19:30 да бошланган. Жангариларни эса исломий экстремизмда айблашди.

Бу ёлғон. Ҳокимият биносини эгаллаган одамлар диний экстремистлар эмас эдилар. Мен улардан бирортасидан исломий давлат қуриш ғоясини эшитганим йўқ...

Кейинроқ Президент тинч аҳолига қарата ўқ отилганини ҳам инкор эта бошлади. Бу гапларни журналистлар тўқиб чиқарган эмиш. Шундан сўнг давлат матбуоти Андижон ҳақида ҳақиқатни ёзган журналистларга қарши кампания бошлади. Ҳуқуқ-тартибот тизими қамоққа олишлар билан шуғуллана бошлади.

Мен бутун бир шаҳарни отиб ташлашга қодир бўлган одамлар раҳбарлик ўринларида ўтирганидан даҳшатга тушаман. Мен ўзбекистонликлар учун ачинаман.

12-июнь куни барча халқаро телеканалларда Ироқда гаровга олинган француз журналист аёлининг озод этилиши манзараси кўрсатилди. У террорчилар қўлида 5 ой гаровда сақланди.

Мен ҳозир Ўзбекистон режими қўлида бутун шаҳар, бутун бир мамлакат гаровда экани ҳақида ўйлайман. Савол туғилади: кимнинг қўлида гаровда бўлиш қўрқинчилироқ?

Террорчилар қўлида гаровда бўлсанг, бутун дунё сенга хайрихоҳ бўлади. Ўз ҳукуматинг томонидан отилсанг дипломатик “босиқ” фикрларга эга бўласан.