06:52 msk, 23 Ноябрь 2017

Марказий Осиё янгиликлари

Ўзбекистонда хитой молларига қарши яна “ялпи қирғин” бошланди

15.03.2006 16:40 msk

Барно Анвар

Шу кунларда Андижон вилоятининг Қорасув, Хонобод туманларида яна назорат кучайтирилди. Икки республиканинг Қорасув туманларини боғлаб турадиган Шархонсой чегара кўпригида ҳам фақат одам ўтадиган йўлакча қолдирилиб, бетон тўсиқлар ётқизилган. Чегара назоратчиларининг сўзларига кўра, мақсад - қўшни Қирғизистоннинг Қорасув жаҳон бозоридан Ўзбекистонга олиб ўтилаётган сифатсиз хориж маҳсулотлари йўлини тўсиш.

- “Ўзи тор кўприкни янаям торайтириб қўйишди. Мен ҳар куни шу кўприкдан Қирғизистонга нон олиб бориб сотаман”, - дейди қорасувлик нонвой аёл Холида опа. – “Охирги уч-тўрт кун ичида кўприкдан аравалар ўтмай қолди, кўпроқ тугунларда юк олиб ўтишаяпти. Кечки соат еттига қолиб-қолмай кўприкни ёпишаяпти. Аммо, бу билан юкнинг ўтиши тўхтагани йўқ. Кечалари трос билан ҳам кўп иш қилиб юборишаяпти”.

Дарёдан мол олиб ўтиш мақсадида қўлланиладиган қўлбола кўприк
Дарёдан мол олиб ўтиш мақсадида қўлланиладиган қўлбола кўприк

Холида опанинг айтишича, ҳозир савдогарлар дарёнинг икки тарафидан тортилган трослар орқали кечаси юк олиб ўтишаяпти.

- “Авваллари ҳам тўполон бўлиб кўприк ёпиб қўйилганда, шунақа қилиб тросда юк олиб ўтишарди. Буни ҳам шу кўприкни қўриқлаганлар билан ҳар доимгидек келишиб қилишаяпти. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, худди аввалгидек ҳаммаси”, - дейди Холида опа.

Унинг гапини Қорасув шаҳридан Андижон, Наманган ва Тошкентга қатнайдиган киракаш ҳайдовчилар ҳам тасдиқлади.

- “Мен ҳафтасига икки марта Қорасувдан Наманганга савдогар аёлларни олиб бораман”, - дейди қорасувлик киракаш ҳайдовчи Бахтиёржон. – “Юк ҳажми ҳеч ҳам камайгани йўқ, фақат иш қийинлашди. Ҳозир савдогар опаларим Қорасувнинг мен билмайдиган кўчаларига олиб кириб, юк олиб чиқаяпти. Тўрт беш кун олдин шаҳарнинг катта Андижон йўлига олиб чиқадиган ҳамма кўчалари бошига бетон тўсиқлар ётқизиб кетишибди. Саҳарда роса йўл ахтардик. Бир амаллаб ўғринча йўл топдик”.

- “Барибир қатнаймиз-да”, - дея гапга қўшилди унинг машинасида ўтирган ўрта ёшлардаги қорасувлик савдогар аёл. – “Етти йилдан бери уч қўшним билан шу боланинг “Жигули”сида Наманганга қатнаймиз. Энди бетон тўсиқларни ўйлаб топишибди. Одамлар яна кечаси билан ухламай, тросда юк олиб ўтишаяпти. Бутун водий шу билан тирикчилик қилаяпти-ку, Қорасув бозорнинг йўли кесилармиди?! Ундан кўра, турмушимизни ўнглашсин, бизга ҳам зарил эмас ярим тунда тентираб юриш”.

Чегарадаги кўприклар ёпиб қўйилган, аммо аскарлар томонидан қўриқланади
Чегарадаги кўприклар ёпиб қўйилган, аммо аскарлар томонидан қўриқланади

Шу кунларда Фарғона водийсини Тошкент билан боғлаб турадиган Қамчиқ довони йўлида ҳам назорат кучайтирилган. Чегара ва божхона назорат пункти бирлаштирилиб, пунктга қуролланган аскарлар ташланган.

- “Илгари куни пешиндан кейин роса катта рейд ўтказилди”,- дейди Андижон-Тошкент йўналишида киракашлик қиладиган андижонлик ҳайдовчи Қодир ака. – “Ўша куни Хонобод, Қорасувдан юк олиб келадиган ҳайдовчиларнинг ҳаммасини ушлашди. Тўхтамасдан ўтмоқчи бўлганларнинг ғилдирагига қараб автоматдан отишибди ҳам. Молларини мусодара қилиб, машиналарини уч кунга ҳибс қилиб қўйишибди. Роса ваҳима бўлаяпти ўзиям”.

Қамчиқ довони орқали қатнайдиган ҳайдовчиларнинг айтишича, бу галги рейд аввалгиларидан анча қаттиқ бўлаяпти. Аскарлар божхона назорати пунктидан сал нарида, қуролларини ўқлаб тайёр турибди. Тўхтамасдан ўтишга уринган автомобиллар ғилдирагига қарата ўқ узишади. Айниқса, водийдан Тошкентга кетаётган автомобиллар ҳар қанақа йўл билан бўлса ҳам тўхтатилиб, қаттиқ текширилмоқда.

- “Ўзингиз ўйланг, довондан қатнаётган киракашлар, асосан, мол ташиб даромад қилишади, ахир! Тошкентга кетишда юк олиб кетади, қайтишда одам олиб келади. Фақат одам ташиган билан ҳеч қанча даромад қилиб бўлмайди. Бензин қиммат, яна йўл қуйи шу мелисаларнинг бошидан пул сочиб келамиз”, - дея койиб кетди яна бир ҳайдовчи Анвар ҳожи ака. – “Бу инсофи йўқларга шу ҳам камлик қилаяпти-да! Хўп, ана Хитой маҳсулотларининг йўлини тўсаётган экансан, аввал унинг ўрнини босадиган нарсалар билан бозорни тўлдириб қўй! Кейин ваҳима қилиб, йўлимизни тўссанг арзийди!”

У каби ҳайдовчиларнинг кўпчилиги сифатсиз хориж маҳсулотларининг Ўзбекистонга олиб киритишини тўхтатиш учун бошланган навбатдаги ялпи ҳаракатни ҳам пул ишлаб олиш учун баҳона, деб ҳисобламоқда. Савдогарлар фикрича, бир-икки ҳафта ўтиб яна ҳаммаси аввалгидек изига тушади. Зеро, Ўзбекистон бозорларини ҳали ҳам хориж маҳсулотлари тўлдириб турибди.