08:28 msk, 20 Июнь 2018

Марказий Осиё янгиликлари

Танқидчилик ниҳоясига етди. Ўзбек журналистларига Ўзбекистон ТИВда акрредитациядан ўтмаган ҳар қандай чет эл ОАВда ишлашни маън қилиб қўйдилар

15.03.2006 16:36 msk

Денис Крилов (Тошкент)

КИМГА ХИЗМАТ ҚИЛАЁТГАНИНГНИ БИЛ

Февраль ойи охирида Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳукуматнинг янги «Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ҳорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирларининг касбий фаолиятини тартибга солувчи асосий қоидалар» қарорини имзолади. Саккиз йил мобайнида ишлаган худди шу номдаги аввалги ҳужжатдан янги қарор бир неча абзаци билан фарқ қилади:

«Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси ТИВда аккредитация олмаган чет эллик мухбирлар касбий фаолияти маън қилинади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади».

«Ўзбекистон Республикаси ТИВда аккредитация олмаган чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари сифатида ишлайдиган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг касбий фаолияти маън қилинади ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортилади».

Шундай қилиб, мазкур қарор имзоланган пайтдан бошлаб чет эл ОАВнинг ўзбекистонлик мухбирлари ишга яроқсиз ҳисобланадилар, шунинг учун қайси агентлик, газета ёки радиостанцияга ишни ўзлари танлайдиган мухбирлар мустақил танлаш имконидан маҳрум бўладилар.

Бундан буён қандайдир чет эл ОАВга ишлаш учун улар Ташқи ишлар вазирлигидан изн сўрашлари керак. ТИВга икки ой мобайнида мазкур оммавий ахборот воситасининг Ўзбекистонда аккредитация олиши нақадар мақсадга мувофиқлиги ҳақидаги масалани кўриб чиқиш буюрилган.

Кўриниб турибдики, ўзбекистонликларга Ўзбекистон ТИВдан аккредитация ололмаган ОАВда ишлашни буйруқ билан маън қилувчи қарор, моҳиятан, мамлакатда қаттиқ цензура жорий қилиниши ҳақидаги қарор бўлиб ҳисобланади, чунки цензурага муайян материаллар эмас, оммавий ахборот воситалари дучор қилинадилар.

ҚАЁҚҚА КЕТАЁТГАНИНГНИ БИЛ

Янги қарорнинг аввалги вариантда йўқ бўлган яна икки абзаци будир:

«Аккредитация олган чет эл мухбирлари, ташриф учун ёпиқ ёки махсус рухсатнома талаб қилинувчи жойларни истисно қилганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб эркин ҳаракатланиш ҳуқуқига эгалар. Чет эл мухбири Ўзбекистон Республикаси ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиш пайтида унинг аккредитация ҳақидаги гувоҳномаси ёнида бўлиши шарт».

«Ўзбекистон Республикаси ТИВда чет эл мухбирлари ва ҳорижий давлатлар оммавий ахборот воситалари мухбирлик пунктлари техник ходимлари сифатида аккредитацияланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари амалдаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ТИВни огоҳлантиришига кўра Ўзбекистон Республикаси солиқ органларида тегишли тартибда рўйхатга турадилар, ўз даромадлари ҳақида декларация топширадилар ҳамда солиқ органларига журналистик фаолиятидан олинган даромад йиғимлари ва солиқларни тўлаганлиги билан боғлиқ банк ҳужжатлари ва маълумотларни тақдим этадилар. Солиқ қонунчилигини бузганлиги учун мазкур шахслар ва уларнинг иш берувчилари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар».

Агар чет эл мухбирлари аккредитацияси бўлмаган тақдирда мамлакат бўйлаб ҳаракатлана олмасликлари ҳақидаги банд тушунарли бўлса (айнан шу аккредитациясиз кўплаб мухбирлар туфайли дунё Андижон фожеалари ҳақидаги тафсилотлар билан танишганди), иккинчи банд анча қизиқ. Зеро, у маҳаллий ва чет эл ОАВ билан ҳамкорлик қилувчи БАРЧА фуқароларнинг эмас, балки фақат ТИВдан расман аккредитация олган фуқароларни солиқ назоратида рўйхатга олишни кўзда тутади.

Савол туғилади: агар бу (Ўзбекистонда қонунан маън қилинган) цензура бўлмаса, бошқа нима? У ҳолда нима учун қарорда шунчаки солиқ назоратида эмас, ТИВда рўйхатдан ўтиш ҳақида айтилади?

ҚОНУН НИМА ДЕЙДИ

Янги қарор журналистлар ҳуқуқларини максимал даражада чеклар экан, унинг мавжуд қонунчиликка нақадар мувофиқлигини кўриб чиқиш ва унинг асосий қонунга зид келиш-келмаслигини аниқлаш ортиқчалик қилмасди. Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Конституциясининг 16-моддасида қуйидагича ёзилган: «Бирор бир қонун ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция (Қомус) нормалари ва тамойилларига зид келиши мумкин эмас».

Ўзбекистон Конституцияси 29-моддасига мувофиқ, «ҳар бир киши, мавжуд конституцион тизим қарши қаратилган ва қонунда кўрсатилган бошқа чекловларни истисно қилганда, ҳар қандай ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга». Шу модданинг ўзида: «Фикр ва ифода эркинлиги давлат ёки бошқа сирларни сақлаш сабабли чекланиши мумкин», дейилади. Қонунда кўрсатилган бу чекловларнинг нима экани ҳеч бир ҳужжатда шарҳ этилмаган.

Бироқ ҳукуматнинг янги қарори Конституциянинг бошқа икки моддасини бевосита бузади. Биринчидан, 37-моддани, унга кўра «ҳар бир киши ишни эркин танлаш ҳуқуқига эга». Ахир қанақадир чет эл газетаси ёки агентлигида ишлаш учун мажбурий равишда ТИВдан розилик сўраш хусусидаги буйруқни Ўзбекистон фуқароларини эркин танлов имкониятидан маҳрум қилишдан ўзга қандай талқин қилиш мумкин?..

Иккинчидан, қарор 67-моддага зид келади, унга кўра «цензурага йўл қўйилмайди». Дарвоқе, бу ҳақда нафақат Конституцияда, балки Ўзбекистонда ОАВ фаолиятини тартибга солувчи деярли барча қонунларда айтилади.

Энди бу ҳақида Ўзбекистонда ОАВ ва журналистлар фаолиятини белгиловчи қонунлар нима дейишини кўриб чиқамиз.

«Оммавий ахборот воситалари ҳақида»ги қонунга мувофиқ «ҳар бир киши оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикр ва мулоҳазаларини очиқ изҳор қилиш ҳуқуқига эга». (3-модда).

Эътибор қилинг – ҲАР БИР КИШИ. ТИВ рухсат бериш-бермаслигидан қатъий назар. У ўз ҳуқуқларни амалга оширишда ТИВ рухсатномасига муҳтож эмас, чунки мамлакат Конституциясида Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳеч қандай чеклов кўзда тутилмаган.

«Журналистнинг касбий фаолиятини муҳофаза қилиш ҳақида»ги қонун: «Касбий фаолиятни амалга оширишда журналист ахборот йиғиш, таҳлил қилиш ва тарқатиш ҳуқуқига эга», шунингдек, «тайёрланган хабарлар ва материалларни ўз имзоси билан ёки тахаллус остида оммавий ахборот воситалари орқали тарқатиш, уларда ўз фикрини изҳор қилиш ҳуқуқига эга».

Бундан ташқари, «Журналист ўз профессионал текширувлари натижаларини оммавий ахборот воситаларида тарқатишга ҳақли».

Журналист мажбуриятлари хусусида қуйидагилар айтилади: «Касбий фаолиятни амалга ошириш чоғида журналист Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ҳамда халқаро шартномалар қоидалари талабларига риоя қилиши шарт».

Ўз навбатида давлат журналистларга қуйидагиларни кафолатлайди: «Давлат журналистнинг эркин ахборот олиш ва тарқатишини кафолатлайди, касбий фаолиятни амалга ошириш чоғида унинг ҳимоясини таъминлайди». Эътибор беринг – эркин ахборот тарқатиш.

Ўқишда давом этамиз: «Ўзбекистон Республикасида аккредитация олган чет эллик журналист ахборот йиғиш ва тарқатишда Ўзбекистон Республикаси журналисти билан бир хил ҳуқуқларга эга» (12-модда). Бу моддадан нима келиб чиқади? Бундан ўзбекистонлик журналист аккредитация ОЛИБ БЎЛГАН чет эллик мухбир (чет эл ОАВ мухбири билан эмас, айнан чет эллик мухбир) билан тенг ҳуқуқларга эгалиги келиб чиқади.

«Ахборот эркинлиги тамойиллари ва кафолатлари ҳақида»ги қонун. Мазкур қонуннинг биринчи моддаси унинг асосий вазифаси «ахборот олиш эркинлиги тамойиллари ва кафолатларига риоя қилинишини, ҳар бир кишининг эркин ва тўсиқларсиз ахборот қидириш, олиш, тадқиқ қилиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқини амалга оширилишини таъминлаш» бўлиб ҳисобланишини маълум қилади.

Яна бир бор таъкидлаймиз – ТЎСИҚЛАРСИЗ.

Ушбу қонуннинг саккизинчи моддаси шоён диққатга лойиқдир, уни мен бу ерда яхлитлигича келтираман:

«Давлат ҳар бир кишининг ахборот қидириш, олиш, тадқиқ қилиш, тарқатиш, ундан фойдаланиш ва сақлаш ҳуқуқини муҳофаза қилади. Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборотга бўлган ҳуқуқнинг чекланишига йўл қўйилмайди.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролар ўз-ўзини бошқариш органлари, жамоатчилик ташкилотлари ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ва мансабдор шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳар бир кишига унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ахборот билан танишиш имкониятини таъминлашлари, ҳаммабоп ахборот ресурсларини яратишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинлик ва мажбуриятлари масалалари, уларнинг ҳавфсизлиги ҳамда ижтимоий аҳамиятга молик бошқа масалалар бўйича фойдаланувчиларнинг оммавий ахборот билан таъминланишини амалга оширишлари шарт».

Ўзбекистон Республикасида ахборот цензураси ва монополиясига йўл қўйилмайди».

ХАЛҚАРО МАЖБУРИЯТЛАР

Энди Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномаларга тўхталсак. Журналистлар фаолиятига дахлдор барча қонунларда қарийб бир хил ёзилади:

«Агар Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасида ушбу Қонунда кўзда тутилган қоидалардан бошқа қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидалари қўлланилади».

Ушбу банд «Ахборот эркинлиги тамойиллари ва кафолатлари ҳақида»ги қонунда (2-модда), «Оммавий ахборот воситалари ҳақида»ги қонунда (30-модда), «Журналистнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш ҳақида»ги қонунда (16-модда) акс этган.

Бу халқаро шартномалар қандай ва уларда нима ёзилган?

Биринчидан, бу Бутунжаҳон инсон ҳуқуқлари декларациясидир, Ўзбекистон унга 1991 йилда қўшилган. Бу асосий ҳужжатнинг 19-моддасида қуйидагилар айтилади: «Ҳар бир инсон эътиқод эркинлиги ва уни эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга, бу ҳуқуқ ўз эътиқодига содиқ бўлиш ҳамда давлат чегараларидан қатъий назар турли йўллар билан ахборот ва фикрлар қидириш ва тарқатиш эркинлигини ҳам ўз ичига олади».

Иккинчидан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар ҳақидаги Халқаро пакт, уни Ўзбекистон 1995 йилда имзолаган. «Ҳар бир киши ўз фикрини эркин ифода қилиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъий назар турли ахборот ва фикрларни ўз танловига кўра оғзаки, ёзма ёки бошқа усуллар билан қидириш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади», - дейилади ушбу шартномада.

БУНДАН КИМГА ФОЙДА

«Асосий қоидалар»га киритилган тўлиқлашлардан кўзда тутилган мақсад ҳам шубҳага ўрин қолдирмайди: ўзбекистонлик журналистларга ҳукумат цензура қилолмайдиган чет эл ОАВ орқали бугунги кунда Ўзбекистонда содир бўлаётган ҳодисалар ҳақида сўзлашни қонунан маън этиб қўйиш. Бунда янги қарор фақат Ўзбекистон ТИВда аккредитация олиб бўлган ахборот агентликлари мухбирларигагина эмас, уларнинг аккредитацияга эга бўлмаган ёки аккредитациядан маҳрум бўлган ОАВда (Озодлик радиоси, IWPR, Би-би-си) ишловчи ҳамкасбларига қарши қаратилган. Мен Россия ва Қозоғистон газеталарининг штатсиз мухбирлари, шунингдек, Ўзбекистондан ташқарида рўйхатга олинган, демакки, чет эл ОАВ бўлиб ҳисобланиши мумкин бўлган сайтларда ўз мақолаларини чоп этувчи интернет-журналистларни назарда тутаяпман.

Афтидан, ҳукумат бу ўзбошимчаликка бундан буён чидаб бўлмайди, деган қарорга келган. Танлов республикадаги бутун ҳокимиятни ўзида жам қилган («давлат – бу мен») амалдаги президентга ҳайрихоҳлик ва содиқлик тамойилига кўра амалга оширилиши ҳамда жуда чекланган бўлиши тушунарли. Мустақил ОАВ ташкил этиш имкониятидан бунингсиз ҳам маҳрум бўлган Ўзбекистон фуқаролари ўзлари эса эндиликда, олий ҳокимият ўйига кўра, республика ҳорижида жойлашган ОАВ мухбирлари бўла олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўладилар.

Янги таъқиқлар мустақил журналистларга қандай таъсир кўрсатади? Очиқ айтиш керак, ушбу қарорнинг бекор қилиниш имконияти кам, зеро қонун ёки қарор қанчалик аҳмоқона бўлишидан қатъий назар, ўзбек расмийлари уни фақат камдан-кам ҳолатларда бекор қиладилар. Шунинг учун қонун доирасидан туртиб чиқариб юборилган журналистлар номашруъ (нолегал) равишда ишлай бошлайдилар. Албатта, чет эл ОАВ билан ноқонуний ҳамкорлик учун ҳукумат бир неча журналистни жазолаши мумкин, айтайлик, катта жарималар солиши ёки қамоққа ташлаши мумкин. Бироқ бу умумий вазиятни энди ўзгартира олмайди. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон диққат марказида қолди ва ҳукмрон режим нима қилса ҳам, бу ҳақда ҳамма хабар топади. Нима бўлганда ҳам республикада чет эл ОАВга ахборот етказиб турувчи кишилар қолади, бунинг устига замонавий воситаларбилан буни амалга ошириш унчалик мураккаб эмас. Шу сабабли мазкур таъқиқ нафат ноқонуний, балки амалий эмас.

Ўзбекистон ҳукуматининг унга бўйсунмаган журналистларни оғзини ёпишга уринишини тўла тушунса бўлади. Бироқ буни ҳам ақл билан қилса бўлар эди.